Макрон Трампнинг таҳдидига кескин жавоб қайтарди
Франция президенти Эммануэль Макрон АҚШ раҳбари Дональд Трампнинг Гренландияни дастаклаган давлатларга бож жорий этиш ҳақидаги таҳдидига жавобан тинчликни таъминлаш масаласида Франция ва Европага қўрқитиш ёки пўписа билан таъсир кўрсатиш мумкин эмаслигини таъкидлади.
“Бу борада бож таҳдидлари номақбул ва номатлубдир. Агар бож жорий этилиши тасдиқланса, европаликлар ўзаро маслаҳатлашиб, бир мушт бўлиб жавоб қайтарадилар. Биз Европа суверенитетига ҳурмат кўрсатилишини таъминлаймиз. Мен европалик ҳамкорларимиз билан айни шу руҳда гаплашмоқчиман”, – деб ёзди Франция раҳбари X платформасидаги расмий саҳифасида.
Макроннинг таъкидлашича, Франция Европа ва бутун дунёда давлатларнинг мустақиллиги ҳамда суверенитетига содиқ қолади, чунки бу тамойиллар БМТ Уставида мустаҳкамлангандир.
“Айнан шу боис ҳам биз Украинани қўллаб-қувватламоқдамиз ва шу йўлда давом этамиз. Айнан шу боис ҳам биз мустаҳкам ва барқарор тинчлик ўрнатиш, зикр этилган тамойилларни ҳамда хавфсизлигимизни ҳимоя қилиш мақсадида кўнгиллилар коалициясини туздик. Айнан шу боис ҳам биз Дания ташаббуси билан Гренландияда бошланган ўқув машғулотларига қўшилдик”, – деди сиёсатчи.
Эммануэль Макрон Франция Гренландия суверенитетини қатъий равишда ҳимоя қилиши, чунки гап Арктика ва Европанинг ташқи чегаралари дахлсизлиги ҳақида кетаётганини урғулаган.
АҚШнинг яқин иттифоқчиси саналган Буюк Британия ҳам Трампнинг Гренландияга эгалик қилиш мақсадида жорий этаётган божларига жиддий эътироз билдирди.
“Гренландия бўйича позициямиз аниқ-равшан: орол Дания қироллиги таркибий қисми саналади ва унинг келажаги гренландияликлар ҳамда данияликлар томонидан ҳал этилиши керак... НАТОнинг коллектив хавфсизлигини таъминлаш йўлидаги чораларга жавобан бож жорий этилиши тўғри эмас. Биз бу масалани АҚШ маъмурияти билан тўғридан-тўғри мулоқот орқали ҳал этамиз”, – деган Буюк Британия бош вазири Кир Стармер.
Хабарингиз бор, АҚШ президенти Трамп Гренландия устидан назорат ўрнатишга қаратилган сиёсий кампания бошлаган.
12 январь куни АҚШ Конгрессига Гренландияни Қўшма Штатларга қўшиб олиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси киритилди. Ушбу қонун қабул қилинган тақдирда, Трамп оролни аннексия қилиш ёки сотиб олиш учун зарур деб ҳисоблаган ҳар қандай ҳаракатларни амалга ошириш имконига эга бўлади.
Дания ва Гренландия вакиллари Трампни бу ғоядан воз кечишга кўндиришга ҳаракат қилишди, аммо музокаралар самарасиз бўлиб чиқди.
Европа давлатлари Данияга чақириғига жавобан Гренландияга ҳарбийларини юбораётган бир паллада Трамп 17 январь куни АҚШнинг Гренландия устидан назоратига қарши чиққан давлатларга божлар жорий этиш билан таҳдид қилди.
Трампга кўра, жорий йил 1 февралдан бошлаб Дания, Норвегия, Швеция, Франция, Германия, Буюк Британия, Нидерландия, Финляндия каби Европа давлатлари маҳсулотларига 10 фоизлик бож жорий этилади. 1 июндан бож миқдори 25 фоизга етади. АҚШ раҳбари ушбу чора Гренландиянинг тўлиқ ва сўзсиз сотиб олинишига қадар амалда бўлишини айтган.
Айни вақтда АҚШ Конгрессининг бир қатор аъзолари, жумладан, республикачилар Трампнинг Гренландия сабаб Европа давлатларига бож жорий этаётганини танқид қилмоқда. Жумладан, Аляска штатидан сайланган сенатор Лиза Мурковски Трамп томонидан бож жорий этилишини кераксиз ва хато жазо амалиёти деб атаган.
“Божлар АҚШ миллий хавфсизлигини оширишга хизмат қилмагани етмагандек, Европадаги муҳим иттифоқчиларимизни биздан узоқлаштиради. Ушбу чоралар оқибатларини реал вақт режимида кўрмоқдамиз: НАТО бўйича иттифоқчиларимиз ўз диққат ва ресурсларини Гренландияга қаратишга мажбур бўлмоқдалар ва бу Путинга қўл келмоқда, дунёдаги энг кучли демократия иттифоқи барқарорлигига таҳдид туғдирмоқда”, – деб ҳисоблайди сенатор Лиза Мурковски.
Сўнгги хабарларга кўра, Гренландия ва Данияда Трампнинг Гренландияга нисбатан ошиб бораётган таҳдидларига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда.
Намойишчилар АҚШ маъмуриятидан Дания қироллигининг суверенитети ва Гренландиянинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини ҳурмат қилишни талаб этмоқда. Кўп минг кишилик намойишларда “Гренландиядан қўлингни торт!”, “Янкилар, уйингизга кетинглар!”, “Гренландия сотилмайди!” каби шиорларни кўриш мумкин.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter