Россиялик сиёсатшунос Ғарбни қўрқитиш учун даҳшатли йўл таклиф қилди
Россиялик сиёсатшунос, Москва Олий иқтисодиёт мактаби ҳузуридаги тадқиқот маркази директори ўринбосари Дмитрий Суслов Ғарб мамлакатлари «ақлини киргизиш» учун намойишкорона ядро портлашини амалга оширишни таклиф қилди. Жаҳон урушига олиб келиши мумкин бўлган таклиф «Профиль» журналида чоп этилган мақолада илгари сурган.
Сўнгги вақтларда Ғарб давлатларида ишлаб чиқарилган қуроллар билан Украинанинг Россиядаги қонуний нишонларга зарба йўллашига рухсат бериш масаласи кенг муҳокама этилмоқда. Гап шундаки, Россия тажовузига қарши курашда Украинага кўмак бераётган, қурол-аслаҳа етказаётган аксар Ғарб давлатлари ушбу қуроллар билан Россия ҳудудига зарба бермаслик шартини қўйган. Яқинда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг иттифоқчиларни айни шу тақиқни бекор қилишга ундади.
Сиёсатшунос Дмитрий Суслов Ғарб давлатлари ушбу тақиқни бекор қилгудек бўлса, «қизил чизиқ» бузилади деб ҳисоблайди. Ҳукуматга яқин деб таърифланадиган олимга кўра, Ғарб Россия ва Украина зиддиятига янада яқин аралашмаслиги учун тийиб туриш ва қўрқитиш усулларини қўллаш, жумладан, намойишкорона тарзда жанговар бўлмаган ядро портлашини амалга ошириш лозим.
«Дунёнинг барча телеканаллари жонли эфирда намойиш этадиган ядро портлашининг сиёсий-руҳий эффекти Ғарб сиёсатдонларига ядро уруши қаршисидаги қўрқувни қайтаради деган умиддаман. 1945 йилдан кейин буюк давлатлар ўртасидаги урушларнинг олдини олган бу қўрқув ҳозир анча заифлашган», – дейди Д.Суслов.
Кейинги вақтларда Россия раҳбарияти ва олимлари ядро қуроли ишга солиниши ҳақида гоҳ ошкора тарзда, гоҳ ишоралар билан баёнотлар бериб келмоқда.
Ўтган йили президент Путин командасига мансуб сиёсатшунос Сергей Караганов ҳам Россия раҳбариятини Европа мамлакатларига қарши ядро қуроли қўллашга ундаб чиққан эди.
2022 йил 27 февраль куни, Украина урушидан бир неча кун ўтгач, Путин мудофаа вазирлигига ядро қуролига алоқадор кучларни ҳарбий навбатчиликнинг махсус режимига ўтказиш ҳақида буйруқ берган эди. Мазкур таҳдидли баёнот ортидан эҳтимолий ядро зарбаси хусусида муҳокамалар қизғин тусга кирди.
Путин 2022 йил сентябрь ойидаги мурожаатида мамлакат ҳудудий яхлитлиги таҳдид остида қолса, Россия ядро қуролидан фойдаланиши ҳақида гапирган.
Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев ҳам Москва ядро қуролидан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканини бир неча бор писанда қилган.
АҚШ Марказий разведка бошқармаси раҳбари Уильям Бёрнс Путин Украинадаги муваффақиятсиз ҳарбий ҳаракатлар ортидан ядро қуролини ишга солиши мумкинлиги ҳақида баёнот берган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter