Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Исроил яна «қизил чизиқ»ларни босди

Исроил яна «қизил чизиқ»ларни босди

Ғазода ҳалок бўлганлар сони 13 мингдан ошиб кетди.

Фото: AP

Ғазода ҳарбий амалиёт ўтказаётган Исроил армияси шанба ва якшанба кунлари халқаро ҳамжамият «даҳшатли» деб баҳолаган ҳужумларни амалга оширди.

Шанба куни Исроил ҳарбийлари БМТнинг Жабалия шаҳридаги «Ал-Фахура» мактабига бомба ташлаган. Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги портлаш оқибатида камида 50 киши ҳалок бўлгани, 200 га яқин одам жароҳат олганини маълум қилган.

Яҳудий давлати ҳарбийлари Тал аз-Заатардаги мактабга ҳам ҳужум уюштирган. Оқибатда ўнлаб одам ҳалок бўлган.

Мактабларда вайроналар остида одамлар қолиб кетгани, қурбонлар сони яна ошиши айтилмоқда.

Халқаро ташкилотларга кўра, Ғазодаги жон сақлаш учун хавфсиз жой қолмаган. Айни пайтда бир неча юз минг ғазолик Исроил бомбаларидан қочиб БМТ мактабларига беркинган. Аммо мактабларда ҳам жон сақлаш амримаҳол бўлиб қолмоқда.

БМТнинг Фаластин қочқинлар агентлиги (UNRWA) бош комиссари Филипп Лаззарини мактаблар бомбаланишидан даҳшатга тушганини маълум қилган.

«Бундай ҳужумлар одатий ҳолга айланиши мумкин эмас, унга чек қўйиш керак. Гуманитар мақсадда ўт очишни тўхтатишни асло чўзиб бўлмайди», – деган бош комиссар Ф.Лаззарини.

Бош котиб Антониу Гутерриш эса Исроилга БМТ объектлари дахлсиз эканини эслатган.

Халқаро ташкилотларнинг эътирозига қарамай, Исроил сўнгги ҳафталарда мактаб, шифохона, қочқинлар лагери, масжид ва черковларни нишонга олиб келмоқда.

Исроил ноябрь ойи бошида ҳам «Ал-Фахура» мактабини бомбалаган. Фото: Reuters

Исроил ҳарбий кучлари Ғазо секторидаги Жабалия қочқинлар лагерини бир неча ҳафта аввал ҳам бомбардимон қилган, оқибатда 200 га яқин тинч аҳоли вакили ҳаётдан кўз юмган эди. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича идораси мазкур ҳужум ҳарбий жиноятга тенглаштирилиши мумкинлигини билдирган.

Аввалроқ «Ал-Аҳлий» шифохонасига ракета зарбаси берилиши оқибатида юзлаб бегуноҳ одам ҳалок бўлган эди.

«Чегара билмас шифокорлар» хабарига кўра, 19 ноябрь куни Ғазода ташкилотга қарашли 137 кишидан иборат гуманитар карвон қасддан ўққа тутилган. Халқаро ташкилот тиббиёт ходимлари ва уларнинг яқинларига уюштирилган ҳужумни кескин қоралаган.

БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) матбуот котиби Жеймс Элдер Исроил бомбардимони оқибатида Ғазо болалар учун қабристонга айлангани ҳақида бонг урди. Халқаро ташкилот вакили ўт очишни тўхтатиш ва гуманитар ҳалокатга юз тутган минтақага зудлик билан инсонпарварлик кўмаги киритишни талаб қилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг