«Инсоният учун шармандалик» – Ғазодаги шифохона бомбаланиши оқибатида юзлаб бегуноҳ одам ҳалок бўлди
18 октябрга ўтар кечаси Ғазо секторидаги «Ал-Аҳлий« баптистлар шифохонасига Исроил томонидан берилган ракета зарбаси оқибатида 800 нафардан зиёд бегуноҳ одам ҳалок бўлди.
Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳалок бўлганларнинг барчаси тинч аҳоли вакиллари бўлганини маълум қилган.
Фаластин президенти Маҳмуд Аббос қирғинга норозилик белгиси сифатида Исроилнинг яқин иттифоқчиси ва кўмакчиси бўлган АҚШ раҳбари Жо Байден билан учрашишдан бош тортган. М.Аббос шифохонага ҳужумни «даҳшатли ҳарбий қирғин» деб атаган. «Исроил барча қизил чегараларни бузиб улгурди!» – деган Фаластин президенти.
Иордания қироли Абдуллоҳ II ҳам президент Байден билан учрашувни бекор қилган. Иордания раҳбарияти Ғазодаги хунрезликлар тўхтатилмас экан, бу каби кўришувлардан наф йўқлигини билдирган. Абдуллоҳ II «Ал-Аҳлий»га бомба ташланишини «инсоният учун шармандалик» деб баҳолаган.
Дунё ҳамжамияти кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ушбу хунрезликни қаттиқ қораламоқда.
Ғазодаги шифохонада юзлаб одам ўлдирилганидан «даҳшатга тушгани»ни таъкидлаган БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ўт очишни тўхтатишга чақирган.
БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Волкер Тюрк фожиа кўламини ифодалашга сўз ожиз эканини қайд этган.
«Тунда Ғазодаги шифохонага кучли зарба берилгани оқибатида юзлаб одам даҳшатли тарзда ўлим топди. Улар орасида беморлар, тиббий ходимлар, шифохонада жон сақлаётган оилалар бор эди. Бу гал ҳам энг ҳимоясизлар қурбон бўлди. Буни асло қабул қилиб бўлмайди», – деган олий комиссар.
Халқаро қизил хоч қўмитаси халқаро гуманитар ҳуқуққа кўра шифохоналар дахлсиз эканини эслатган.
«Шифохоналар ўлим ва кулфат маскани эмас, балки инсонлар ҳаёти сақлаб қолинадиган бошпана бўлмоғи керак. Шифо масканида ётган беморлар ўлдирилишини оқлаб бўлмайди. Бошқалар ҳаётини сақлаб қолувчи шифокорларни ўлдириш мумкин эмас», – дейилади халқаро қўмита баёнотида.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Гебрейесус тинч аҳоли вакиллари ва тиббий ходимларни қатъий равишда ҳимоя қилишни талаб қилган. Ташкилотга кўра, 7 октябрдан буён Исроил армияси Ғазодаги тиббий муассасаларга 41 марта ҳужум уюштирган. 11 нафар тиббий ходим ҳалок бўлган, 16 нафари жароҳатланган. Ушбу рақамлар сўнг фожиадан кейин кескин ошиши айтилмоқда.
Европа кенгаши раиси Шарль Мишель Ғазодаги фожиани халқаро ҳуқуқнинг бузилиши деб атади.
«Ғазодаги шифохонага ҳужум уюштирганлар жавобгарликка тортилиши шарт», – деб баёнот берди Европа Иттифоқи бош дипломати Жозеп Боррель.
Араб давлатлари лигаси бош котиби Аҳмад Абул Ғайт Исроилнинг шифохонага ҳужумини қоралаб, бу жиноят жазосиз қолмаслиги лозимлигини урғулади.
«Ҳимоясиз одамлар жон сақлаётган шифохонани фақат руҳий носоғлом кимсагина бомбалаши мумкин. Ғарб ушбу фожиани зудлик билан тўхтатмоғи лозим!» – деб талаб қилган АДЛ бош котиби.
Исроилни Ғазода қирғинни тўхтатишга чақириб келаётган Туркия ҳам «Ал-Аҳлий»га ҳужумни кескин қоралаган.
«Аёллар, болалар ва бегуноҳ фуқаролар жойлашган шифохонага зарба бериш Исроилнинг энг асосий инсоний қадриятлардан маҳрум бўлган ҳужумларининг сўнгги намунасидир. Мен бутун инсониятни Ғазодаги мисли кўрилмаган ваҳшийликни тўхтатиш учун ҳаракат қилишга чақираман», – деб баёнот берган президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон.
Қатар давлати шифохонага ҳужумни «тинч аҳолига қарши мисли кўрилмаган жиноят» деб баҳолаган. Расмий Доҳага кўра, халқаро ҳамжамият фаластинликларга нисбатан содир этилаётган жиноятлардан кўз юмар экан, уларнинг иштирокчисига айланмоқда. Баёнотда халқаро ҳамжамият масъулиятни ҳис қилган ҳолда, Исроилни тинч аҳолига қарши навбатдаги жиноятлардан тўхтатиши кераклиги таъкидланган.
Миср, БАА, Саудия Арабистони, Эрон, Ироқ, Жазоир каби минтақа давлатлари ҳам Исроилнинг шифохонага ҳужумини кескин қоралаган.
Буюк Британия, Германия, Испания, Франция каби Европа давлатлари Исроилни айбламаган ҳолда, тинч аҳоли вакилларига ҳужум қилинганини танқид қилган.
«Ал-Аҳлий» шифохонасидаги фожиа ортидан дунё мамлакатларида Исроилнинг оккупация сиёсати ва тинч аҳолига қарши ҳарбий ҳаракатларига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter