Смартфондан бу нарсаларни ўчириб ташланг!
Оддий саволга оддий жавоб бериб бўлмайди. Мана, савол: «Сизга телефон нима учун керак?» Жавоб беришга шошилманг. «Theuk.one» сайти мутахассислари берган жавоблар билан ҳам танишинг. Балки фикрингиз ўзгарар.
Ижтимоий тармоқлар
Ижтимоий тармоқлар бугунги ҳаётимизнинг фавқулодда ҳодисаси. Ҳатто кўплар уларнинг мобил иловаси(ёки иловалари)гача ўрнатиб олишди. Мобил иловага хабарларнинг ўзи келади, янги фотосуратларни пост қила оласиз, муҳими, дўстлар билан доимий алоқа бор. Шундай экан «Сизга телефон нега керак?», деган оддий саволнинг жавоби ҳам мантиқан олганда оддий: «Дўстлар билан мулоқот қилиш учун». Шу холосми? Аммо текин пишлоқ фақат қопқонда бўлади, дўстлар!
Ўзингиз ўйланг, «ижтимоий» мобил иловалар тизим ресурсларининг катта қисмини сарфлайди, демакки, мобил телефон батареяси қуввати ҳам анча-мунчага камаяди. Ҳар йили чиқадиган «AVG Android App Report»да ёзишларича, «Android» иловалари ичида айнан мобил «Facebook» «очкўзлиги» бўйича биринчи ўринда туради. Демак, смартфондан ўчирилишга «биринчи рақамли» даъвогар.
Мобил иловасиз ҳам «Facebook»дан енгил фойдаланса бўлади: исталган яхши браузерда сайтнинг мобил талқинини очинг. Компьютердагисидан фарқи жуда оз, қайтанга телефон батареяси қуввати тежалиши ҳисобига дўстларингиз билан мулоқотингиз давомлироқ бўлади.
Об-ҳаво иловалари
Телефонда об-ҳавони билиш яхши, доим ёнингизда. Об-ҳаво мобил иловалари билан шуғулланувчиларгаям қойил: оддий нарсани шунчалик мураккаблаштириб юборишди: анимацияли обойлар, метеорологик хариталар, интерактив виджетлар... Сизга шунчаки эртанги ҳаво керак: ёмғирми-қуёш, иссиқми-совуқ... Буёқда эса телефон батареясининг шўри қуриб ётибди. Йўлда ёмғирга тутилиб қолсангиз, шу илова ёрдам берадими? Энг тезкор хабарни билмоқчимисиз, ана, деразани очинг. Бир неча кунлик об-ҳаво хабари эса интернет ресурсларида етарлича, масалан, «Google» яқин кунлардаги об-ҳавони деярли бехато айтиб беради.
Aнтивиpуcлар
«Мен телефондан ахборот олишда фойдаланаман. Шунинг учун ҳам антивирус керак». Тўғри ва асосли жавоб, аммо яна бир савол туғилади: «Сиз ахборотни қаердан қидирасиз?
Долзарб ва ростакамига фойдали ахборот қурилмангизни хавф остига қўйишига ишониш қийин. Лўнда қилиб айтганда, фақат сифатли контентдан фойдаланишга одатланинг, шубҳали манбалардаги бузилган дастурларни ўрнатишга уринманг. Шунда сизга антивирус керак бўлмайди. «Google» ўз онлайн дўкони маҳсулотлари сифатига доим ҳушёр ёндашиб келган, хавфли дастурларни топиши билан ўчириб юборади. Шунинг учун ҳам антивируснинг доимий фаол мониторинги реал фойда келтирмайди. «Доимий» сўзига эътибор беринг! Аммо бу хавф йўқ дегани эмас. Агарда қурилмангизда вирус бор-йўқлигига шубҳангиз бўлса антивирус ўрнатинг, зарарли дастурни топиб йўқ қилинг, ундан сўнг антивирусни ҳам ўчириб ташланг.
Тизим оптималлаштирувчилари
Афсуски, аксарият бу тоифа иловалар ё ўз ишини бажара олмайди ёки борини ҳам йўқ қилади, хуллас, турган-битгани зарар. Кэшни тозалаш, эски дастурлар қолдиқларини ўчиришни қурилмага ўрнатилган тизим асбоблари ҳам уддалайди. «Тозалаш» аслида дастурларнинг очилиши ва «Android» ишини қийинлаштиради. Нима қилиш керак? Телефонингизнинг ўз ички имкониятларидан фойдаланинг. «Android»нинг ўз воситалари муаммоларга қарши чет дастурларсиз ҳам кураша олади.
«Прошивкадан чиққан» бpaузep
Оддий саволга охирги жавоб. Кўпинча чет ишлаб чиқарувчилар ўз «прошивка»ларига махсус браузерлар ўрнатишади. Бу браузерларнинг ичига эса реклама берувчиларнинг сайтларига ёки сизга умуман керак бўлмаган контентларга элтувчи ҳаволалар жойлаштирилади. Бундай браузер сизнинг маълумотларингизни кимларга улашиши эса алоҳида мавзу. Хуллас, буниям ўчирамиз! Ўрнига-чи?
«Android» учун ўнлаб яхши браузерлар бор. Масалан, «Google Chrome» кўпларнинг назарида ишончли ва тезкор браузер. «Хром» функцияларга бой, замонавий веб-технологиялар билан қўллаб-қувватланади, мобил трафикни иқтисод қилади, оддий ва тушунарли интерфейсга эга дейишади. Буёғи сизнинг дидингизга боғлиқ.
Ўйлаймизки, берган маълумотларимиз сизга асқотади, телефонингиз равон ишлашда давом этади!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter