Фарғонада 125 млрд сўмлик сунъий ҚҚС орқали ноқонуний кешбэк тўплаганлар аниқланди
Фарғона вилояти солиқ бошқармаси тезкор таҳлиллар давомида йирик қонунбузилиш ҳолатини аниқлади.
Хусусан, фуқаро Т.З. раҳбарлигида Фарғона шаҳрида «E.F.F.» ҳамда «F.E.O.Z.» МЧЖлари ташкил этилган ҳамда жорий йил май ойида Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридан рўйхатдан ўтган «T.B.S.E.» МЧЖдан жами 1,2 трлн сўмлик ун ва сариёғ маҳсулотлари сотиб олингани ҳақида электрон ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштирилган.
Солиқ органлари ходимлари томонидан корхоналарнинг июн ойида май ойи учун тақдим этган ҚҚС ҳисоботлари таҳлил қилиниб, уларнинг юридик манзилидаги омборларда товар маҳсулотлари мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ўрганилди.
Натижада Фарғонадаги корхоналарга ҳеч қандай товарлар етказиб берилмагани ҳамда маҳсулотлар учун бирор сўм ҳам пул ўтказмалари амалга оширилмагани аниқланди. Бу эса Термиз шаҳридаги корхона томонидан Фарғона шаҳридаги икки МЧЖга 125,4 млрд сўм миқдорида сунъий ҚҚС тўлови ҳосил қилишга уринганини кўрсатган.
Тезкор чоралар натижасида «E.F.F.» ҳамда «F.E.O.Z.» МЧЖларининг ҚҚС гувоҳномаси вақтинча тўхтатилиб, аниқлаштирилган ҚҚС ҳисоботлари қабул қилинди ҳамда 125,4 млрд сўмлик сунъий ҚҚС ҳисобдан чиқарилди.
Маълум бўлишича, ушбу фирибгарлик схемаси ижтимоий тармоқлар орқали сохта фискал чекларни сотиш ва улар асосида ноқонуний кешбэк олиш имкониятини яратиш мақсадида ташкил этилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан материаллар қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди.
«Эслатиб ўтамиз, “Солиқ” мобил иловаси орқали фақат ўзингиз амалга оширган харидингиз ҳамда фойдаланган хизматингиз учун тақдим этилган фискал чекларни рўйхатдан ўтказинг. Турли ижтимоий тармоқлар орқали ёки бошқа шахслар томонидан берилган сохта харид чекларини рўйхатдан ўтказманг!», — дейилади Солиқ қўмитаси хабарида.
Бу қонунга хилоф ҳисобланиб, белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.
Аввалроқ Фарғонада 3,2 млрд сўмлик кешбэк маблағлари талон-торож қилингани аниқланган эди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter