Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкентда MAN автобуси ёниб кетди

Тошкентда MAN автобуси ёниб кетди

Фото: FVV

Тошкент шаҳридаги 5-автобус саройи ҳудудида MAN A22 CNG автобусида ёнғин содир бўлди. Ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ, сабаблари ўрганилмоқда

13 январь куни соат тахминан 02:03 да Тошкент шаҳридаги “5-Автобус саройи” филиали ҳудудида 2018 йилда ишлаб чиқарилган MAN A22 CNG русумли автобусда ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Тошшаҳартрансхизмат АЖ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, филиал навбатчи ходимлари томонидан соат 02:10 да 101 қисқа рақами орқали ёнғин ҳақида хабар берилган. Фавқулодда вазиятлар хизмати ўт ўчириш бўлинмаси соат 02:20 да ҳодиса жойига етиб келган ва ёнғин соат 02:40 да тўлиқ бартараф этилган.

Қайд этилишича, ушбу автобусга бириктирилган ҳайдовчи навбатчи механиклар текширувидан ўтиб, транспорт воситасини техник соз ҳолатда олиб чиққан. Автобус йўналишда қатновларни тўлиқ бажариб, газ қуйиш шахобчасида ёқилғи қуйдиргандан сўнг филиал ҳудудига қайтарилган ва сафга қўйилган.

Ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ. Айни пайтда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг