Тўхташни истамаган ҳайдовчининг машинасидан портловчи моддалар топилди
Навоий вилояти, Нурота туманида ўз автоуловида портловчи моддаларни олиб кетаётган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Фаёз Қосимов маълум қилди.
Таъкидланишича, Нурота тумани ҳудудида «Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбир ўтказилган. Ушбу тадбир Навоий вилоят ИИБ тезкор қидирув хизмати жиноят қидирув бошқармаси уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими ҳамда давлат хавфсизлик хизмати Навоий вилояти бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ташкил этилган.
Жараёнда Самарқанд вилоятидан кириб келаётган автоуловга гумонланиб, «тўхташ» ишораси берилган. Бироқ, инспектор огоҳлантиришига қарамай, ҳайдовчи автоуловини тўхтатмаган. Тадбир манзилидан анча олислаб қочиб кетишга уринган ҳайдовчи тўхтатилган. Ҳайдовчининг асли самарқандлик, муқаддам судланган 42 ёшли Р.Б. экани аниқланган. Ундан «тўхташ» ишорасига қарамай, нега қочиб кетгани сўралганда, у қўрқиб қолганини билдирган. Саволларга жавоби билан инспекторлар гумонини оширган ҳайдовчининг автоулови текшириб кўрилган. Текширув жараёнида унинг автоуловидан маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилган, олиб юриш, ташиш ва сотиш мутлақо таъқиқланган портловчи моддалар топилган.
Мазкур ашёлар тадбир иштирокчилари томонидан ўрнатилган тартибда расмийшлаштириб олинган. Фуқаро бу портловчи моддалардан таркибида тилла бўлган тоғ жинсларини қазиб олиш учун фойдаланишни мақсад қилганини тан олган.
Р.Б.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 248-моддаси (Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) билан жиноят иши қўзғатилиб, айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter