Юридик университет талабаси қурилиш объектида вафот этди
Тошкент давлат юридик университетининг 3-босқич талабаси Баҳодир Бозоров ўзи ҳам ишлаб, ҳам яшаётган, қурилиши тугалланмаган бино ҳудудида йиқилиб, вафот этди. Бу ҳақда воқеадан бевосита хабардор манбага таяниб Kun.uz хабар берди.
Қайд этилишича, 1994 йилда Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида туғилган Бозоров Баҳодир Хўшбоқ ўғли бир неча йил қийналиб, талаба бўлган. У Тошкент давлат юридик университетининг 3-босқичида ўқиган. Умрининг сўнгги ойларини Бектемир тумани ҳокимиятига яқин жойдаги қурилиш объектида ҳам яшаб, ҳам ишлаб келаётган бўлган.
Кундузи қулоқчин тақиб, онлайн дарсларда қатнашган, феврал ойидан ярим кун дарсга бориб, ярим кун ишлаган, кечалари қурилиши тугамаган бинода уста йигитлар билан яшаган. Шанба куни тунда (2021 йил 27 феврал) лифт учун бетондан тайёрланган, ҳимояланмаган шахтага 2-қаватдан йиқилган. Тез ёрдам келавермагач, яқинлари кўчадан патрул машинасини тўхтатиб, ёрдам сўрашган. Шошилинч ёрдам бўлимида унинг вафот этганини айтилган.
Маълум қилинишича, марҳум бўйин умуртқасининг синиши, жигар ёрилиши оқибатида вафот этган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тиббий экспертизаси Тошкент шаҳар филиалидан олинган ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома нусхасида Баҳодир Бозоровнинг бўйин, қорин қўшма тўмтоқ жароҳатлари бўйича олтинчи умуртқа синиши, орқа мияга қон қуйилиши, шунингдек, жигарининг ёрилиб кетиши ва ўткир қон кетиши оқибатида вафот этгани маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 27 феврал куни Юнусободда ижарада яшовчи беш талабанинг мурдаси топилганди. Жабрланувчиларнинг ўлими номаълум моддадан ўткир заҳарланиш натижасида юз бергани қайд этилганди.
Юнусободдаги фожиадан сўнг Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Беҳзод Мусаев бошчилигида фавқулодда видеоселектор йиғилиши ўтказилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter