Шавкат Мирзиёев Халқлар дўстлиги байрами билан табрик йўллади
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқига Халқлар дўстлиги куни муносабати билан йўллаган табригида мамлакатда ҳукм сураётган миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни юртнинг энг катта бойлиги деб атади.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, бугунги кунда мамлакатда 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари аҳил-иноқ яшаб, Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда. Унинг қайд этишича, миллий-маданий хилма-хиллик Янги Ўзбекистоннинг инсонпарвар давлат сифатидаги нуфузини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Президент сўнгги йилларда «Бизнинг кучимиз – бирлик ва ҳамжиҳатликда» деган ғоя асосида миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилганини таъкидлади. Бу йўналишда қабул қилинган 10 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, Миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсати концепцияси муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани қайд этилди.
Президентга кўра, кейинги йилларда 157 та миллий маданий марказ ва 46 та дўстлик жамиятининг моддий-техника базаси мустаҳкамланди. Уларда ўтказилаётган фестиваллар, дўстлик кечалари ва маданий тадбирлар мамлакатнинг маърифий ҳаётида муҳим ўрин эгалламоқда.
Бугунги кунда таълим муассасаларида ўқув жараёни етти тилда олиб борилмоқда. Қардош тиллардаги мактаблар давлат ҳисобидан дарсликлар билан таъминланмоқда, оммавий ахборот воситалари орқали 12 тилда телерадио дастурлари эфирга узатилмоқда ҳамда 14 тилда газета ва журналлар чоп этилмоқда.
Шунингдек, пойтахтдаги миллий маданий марказлар павильони, «Бағрикенглик боғи», ҳудудларда ташкил этилган этно ва сайёҳлик қишлоқлари миллатлараро дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Табрикда Марказий Осиё давлатлари билан дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари изчил ривожланаётгани, халқлар ўртасидаги иқтисодий ва маданий алоқалар тобора кенгаяётгани қайд этилди.
Президент турли миллат ва элат вакилларидан иборат профессионал «Дўстлик» ансамблини ташкил этиш режалаштирилганини маълум қилди. Давлат раҳбари ушбу ижодий жамоа мамлакат маданий ҳаётида муносиб ўрин эгаллаши учун барча зарур шароитлар яратилишини билдирди.
Табрик сўнгида Шавкат Мирзиёев барча юртдошларни Халқлар дўстлиги куни билан қутлаб, уларга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт ва Ватан равнақи йўлида янги муваффақиятлар тилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter