Апостиль ҳақида нималарни биламиз?
Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 17 ноябрдаги қарори 1-иловасига асосан «Апостиль қўйиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланган ва амалиётга жорий қилинган.
Хўш, апостиль ва апостиль қўйиш деганда нималар тушунилади?
Апостиль — махсус штамп. У ҳужжатни имзолаган шахснинг имзоси, шу ҳужжатни тасдиқлаган муҳр ёки штамп босма изи ҳақиқийлигини тасдиқлайдиган, Хорижий расмий ҳужжатларни легаллаштириш талабини бекор қилувчи конвенцияга мувофиқ берилаётган расмий ҳужжатга қўйилади ва ундан чет элда фойдаланиш имконини беради. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, апостиль қўйиш ушбу ҳужжатни имзолаган шахснинг имзоси, муҳр ёки штамп изи ҳақиқийлигини тасдиқлашнинг расмий тартиб-қоидасидир.
Шунингдек, апостиль қўйиш тартибида «юлдузча» ҳам мавжуд. Юлдузча — ҳужжат варақлари маҳкамланадиган жойга ёпиштириладиган ҳамда апостиль қўйган ваколатли давлат идорасининг гербли муҳри босиладиган қалин қоғоз. Апостиль шакли ўзбек ёки инглиз тилида тўлдирилади. У қўйилганидан сўнг қўшимча равишда тасдиқлашни талаб этмайди.
Масалан, хорижий давлатларда ўқиётган, вақтинча ишлаётган ёки хизмат сафарида бўлган чоғда туғилган фарзандлари учун ўзи доимий рўйхатда турган давлатдан туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани оладиган фуқароларга апостиль штамписиз гувоҳнома берилмайди. Бизнинг давлат ташкилотларимиз берган расмий ҳужжатларни хориждаги расмий идораларга топшириш ва улар хорижда тан олиниши учун уларга махсус штамп — «Apostille» қўйилган бўлиши шарт.
Адлия вазирлиги ташаббуси билан «Апостиль» учун тўлов миқдори кескин камайганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 17 февралдаги қарори билан Ўзбекистонда тузилган расмий ҳужжатларга штамп — «Апостиль» қўйиш учун тўлов миқдори 10 баравар камайтирилди, яъни 172240 сўмдан 17224 сўмга туширилди.
Қуйидаги тўртта ташкилот расмий ҳужжатларга махсус штамп қўйиш ваколатига эга, жумладан:
— судлар, адлия органлари ва муассасаларидан чиқадиган расмий ҳужжатларга — Адлия вазирлиги;
— прокуратура, тергов, суриштирув ва терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлардан чиқадиган расмий ҳужжатларга — Бош прокуратура;
— таълим ва фан соҳаси ташкилотларидан чиқадиган расмий ҳужжатларга — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси;
— бошқа ҳар қандай расмий ҳужжатларга — Ташқи ишлар вазирлиги.
Элбек Муҳиддинов,
ҳуқуқшунос
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter