Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Нафасов иши». Федерация эътироз билдирди, бироқ...

«Нафасов иши». Федерация эътироз билдирди, бироқ...

Шу йилнинг 15 август куни сайтимизда «Нурхон Нафасов нима(лар) норози?» сарлавҳаси остида кулчадек хабар берилганди. Унда Ўзбекистон Каратэ миллий федерациясининг собиқ ва содиқ раҳбарлари (таъбир жоиз бўлса, албатта) ўртасидаги низо, шунингдек, Нурхон Нафасов ва бошқаларга оид жиноят иши ЖИБ (жиноят ишлари бўйича) Мирзо Улуғбек туман судида кўрилаётгани хусусида ахборот берилгани ёдингизда бўлса керак.

Шунингдек, хабар ниҳоясига Н.Нафасов можароли тарзда вазифасидан четлатилиши ортидан «ЎКМФнинг тегишли йиғилиш қарори ва 27.09.2018 йилдаги 1-сонли буйруқни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида» фуқаролик ишлари бўйича (ФИБ) Шайхонтоҳур туманлараро судига мурожаат қилганди, бироқ фуқаролик иши салкам бир йилдан буён поёнига етмагани ҳам қистириб ўтилганди.

Хабар эълон қилинганидан беш кун ўтиб, Каратэ миллий ферерацияси вакили таҳририятимизга ёзма эътироз билан мурожаат қилди. Эътироз хабарнинг «...фуқаролик иши ўн бир ойдан бери «дам еб» ётгани» қисмига оид бўлиб, унда бу ҳол қонуний экани таъкидланади. Яъники, фуқаролик иши айни пайтда кўрилаётган жиноят ишига боғлиқ экани боис ФИБ Шайхонтоҳур (жиноят иши юзасидан қарор чиқарилгунча) Н.Нафасов даъвосига асосан қўзғатилган «иш»ни тўхтатиб туриш ҳақида ажрим чиқарган ва бу (ажрим) қонуний кучда. Эътироз шуки, эълон қилинган хабарда фуқаролик судидаги ҳолатга урғу берилиши ортидан ОАВ судга таъсир кўрсатиши эҳтимолини юзага келтирмоқда.

Таҳририят вакилнинг эътирози билан келишмайди.

Сабаб?

«Xabar.uz» на жиноят, на фуқаролик иши тафсилотларини баён қилиб, қандай ҳукм ёки қарор чиқарилишини олдиндан башорат қилаётгани йўқ. Бор-йўғи ахборот бермоқда, холос. Буни ўтаётган суд мажлисларига таъсири ҳақида ҳатто гап бўлиши мумкинмас. Таққос учун биргина мисол: собиқ бош прокурор Р.Қодиров ва бошқаларга оид жиноят иши бўйича ҳукмдан аввал озмунча хабар берилмадими? Бундай хабарлар суд ёки прокуратурда иштибоҳ уйғотмаганини таъкидлаш ортиқча.

Иккинчидан, қўшимча журналистик суриштирувда аниқландики, сайтимиздаги хабардан уч кун, вакил келтирган эътироздан саккиз кун аввал ФИБ Шайхонтоҳур туман суди «ЎКМФнинг тегишли йиғилиш қарори ва 27.09.2018 йилдаги 1-сонли буйруқни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида»ги фуқаролик иши бўйича ажрим чиқарган экан. Ажримга кўра фуқаролик низоси бўйича иш юритиш тикланиб, 23 август санасига суд мажлиси тайинланган. Аммо жавобгар — федерация томонидан ҳеч ким суд мажлисига келмагани сабаб ишни кўриш бошқа кунга қолдирилибди...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг