Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Прокуратура органлари янги даврга қадам қўйди» – Ниғматилла Йўлдошев

«Прокуратура органлари янги даврга қадам қўйди» – Ниғматилла Йўлдошев

Фото: Xabar.uz

Прокуратура органлари томонидан жорий йилнинг 10 ойида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қарийб 28 мингта текшириш ўтказилиб, натижаси бўйича жами 134 мингтага яқин прокурор назорати ҳужжати қўлланилди. 321 минг нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев маълум қилди.

Қайд этилишича, прокурор текширишлари ва дастлабки тергов давомида фуқаролар, давлат ва жамият манфаатларига етказилган 2,3 трлн. сўмлик зарарнинг ундирилиши таъминланган.

Вояга етмаганларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш ва маънавий-ахлоқий тарбиясини кучайтириш йўналишида қонунбузарликларга йўл қўйган 13,2 минг нафардан зиёд шахс жавобгарликка тортилди, 5,2 млрд. сўм зарар ихтиёрий ундирилди.

«Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши кураш, тезкор-қидирув ва тергов фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасидаги фаолият ҳам такомиллашиб бормоқда. Бу борадаги долзарб муаммолар ва ечим талаб масалаларни ўз вақтида ҳал этиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 380 дан зиёд мувофиқлаштирувчи кенгашлари ўтказилди.

Шу ўринда жиноятчилик, жумладан коррупцияга қарши кураш бўйича Давлатимиз раҳбари ташаббуслари асосида янгича ва самарали механизмлар жорий этилаётганини қайд этиш жоиз.

Биргина мисол: ҳар бир соҳа, тармоқ, вазирлик ёки идора тизимида коррупцияга шароит яратаётган сабаблар, омиллар ва бошқа жиҳатлар ана шу вазирлик ва идоранинг ўзида мутасаддилар иштирокида батафсил муҳокама қилинмоқда, мавжуд муаммолар, камчиликлар ва буларга йўл қўйганларнинг фаолиятига холис баҳо берилмоқда. Бундай амалиёт бир томондан жиноят учун жазонинг муқаррарлигини таъминлашга, бошқа жиҳатдан эса, жиноятчиликнинг олдини олишга хизмат қилмоқда», дея қайд этади Бош прокурор.               

Судларда жиноий, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар кўрилишида фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, судларда қарийб 80 мингта ишнинг кўрилишида прокурор иштироки таъминланган.

«Фуқароларнинг мурожаатларида кўтарилган масалаларни ҳал этиш, аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни бартараф қилишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Жорий йилнинг 10 ойида келиб тушган жами 388 мингдан зиёд мурожаатнинг 215 мингтаси бевосита прокуратура органларида кўриб чиқилиб, 287 минг нафар фуқаро қабул қилинди.

Натижада 41 минг нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Бундан ташқари, Бош прокуратуранинг “Ишонч телефони”га келиб тушган 91 мингга яқин мурожаатда кўтарилган масалаларни ҳам ҳал этиш чоралари кўрилди», дейди Ниғматилла Йўлдошев.

Бош прокурор ўз мақоласида Конституция нормаларини қўллашга қаратилган амалий саъй-ҳаракатлар кўп вақтдан буён долзарб бўлиб турган ва аҳолини ташвишга солаётган муаммолар ечимини топишда ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этаётганини қайд этади.

Хусусан, куз-қиш мавсумида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш мақсадида қисқа муддатда прокуратура органлари аралашуви натижасида 300 га яқин жиддий муаммолар бартараф этилишига эришилган.

Жумладан, табиий газ, электр энергияси, ичимлик сувива иссиқлик тармоқлари барпо этилди, газ тақсимлаш, трансформатор пунктлари, сув насослари ҳамда қозонхоналар янгиланди, кўп хонадонли уйлар ва уларнинг муҳандислик-коммуникация тармоқлари таъмирланди.

Кўмир маҳсулотларини жойларга барқарор етказиб беришни таъминлаш мақсадида Бош прокуратурада Республика штаби ва прокурорлар иштирокидаги ҳудудий ишчи гуруҳлар ташкил этилди.

Кўмирни талон-торож қилишнинг олдини олиш мақсадида ҳудудий омбор ва мавсумий шохобчаларга прокуратура ва бошқа тузилмалар вакиллари бириктирилди.

Талон-торож эҳтимоли мавжуд бўлган темир йўл бекатлари аниқланиб, кўмирнинг истеъмолчиларга хавфсиз ва тўлиқ етказиб берилишини таъминлаш учун мазкур бекатларга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари масъул этиб белгиланди ва патруль автомашиналари ажратилди.

«Натижада бугунги кунда барча истеъмолчиларга кўмирни ўз вақтида ва етарли ҳажмда етказиш имконияти яратилди», дейди Н.Йўлдошев.

Прокуратура органларида жорий этилган «Бюджет назорати» электрон дастурини Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирликларининг тегишли тизимлари билан интеграция қилиш орқали барча объектларнинг лойиҳасини ишлаб чиқишдан бошлаб, у фойдаланишга топширилгунга қадар бўлган жараёнлар бўйича «туман – вилоят – республика» даражасида онлайн мониторинг йўлга қўйилди.

Интернетда очилган махсус канал ва штабларда ишга туширилган «очиқ телефон» орқали кенг жамоатчилик учун дастурлар ижросининг боришини муҳокама қилиш имкони яратилди.

Тизимли камчиликлар омилларини бартараф этишга қаратилган таклифлар асосида Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан нохолис баҳолаш мезонлари бекор қилинди, 46 мингдан зиёд пудратчи ташкилот қайта сараланиб, уларнинг зарур салоҳиятга эга бўлмаган 29 мингтаси рейтинг рўйхатидан чиқарилди. Пудратчини танлаш жараёнида харид комиссиясининг иштироки илк маротаба тўлиқ бекор қилинди.

Илгари жамоатчилик учун ёпиқ бўлган ва норозиликлар келтириб чиқарган лойиҳа ҳамда пудрат ташкилотларининг рейтинг баллари ва уларни шакллантирган кўрсаткичлар ошкора юритила бошланди.

«Натижада биргина жорий йилги давлат дастурларига киритилган лойиҳаларда қиммат ва асоссиз ҳисобланган 2 трлн. 566,6 млрд. сўмлик қиймат мақбуллаштирилиб, бюджет маблағларининг асоссиз сарфланишининг олди олинди, 22,2 млрд. сўмлик сифатсиз ишлар ва 15,3 млрд. сўмлик қўшиб ёзиш ҳолатлари жойида бартараф этилди», дейилади мақолада.

Юош прокурорнинг қайд этишича, шўролар қатағонларининг даҳшатли даврида минглаб бегуноҳлар қаторида прокуратура тизими вакиллари ҳам кўплаб мусибатларга дучор бўлган.

«Ори ва номусини ҳар нарсадан устун қўйиб, ноҳақликларга қарши борган, қатъият кўрсатган, чин маънода довюрак ва ватанпарвар маҳаллий ходимларнинг 150 нафарига жиноят иши қўзғатилган, 30 нафари эса отиб ташланган. Бу маълумотлар фақат қисқа муддатда аниқланганидир.

Ноҳақлик азобларини тортган тизимимиз ходимларининг хотирасини абадийлаштириш, уларнинг жасоратини ёш авлодга етказиш бўйича бугун аниқ ишларни бошладик», таъкидлайди Н.Йўлдошев.

Хулоса қилинишича, фуқаролар ва давлатнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, Конституция ва қонунларни муҳофазалашдек шарафли вазифаларни зиммасига олган прокурорларнинг масъулияти энди ҳар қачонгидан ҳам кучайган.

«Янгиланган Конституциянинг амалга киритилиши билан прокуратура органлари ҳам янги ва масъулиятли даврга қадам қўйди», дейди Бош прокурор.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг