Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сайёр судлар. Самара қандай?

Сайёр судлар. Самара қандай?

Фото:«Uz24.uz»

Аввалига икки оғиз жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят судларининг жорий йилнинг ўтган тўрт ойлик фаолияти ҳақида гапирсак. Бу даврда кўриб чиқилган жиноят ишлари сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 244 тага, яъни 38 фоиз камайди. Шу даврда жиноят ишлари бўйича вилоят, шаҳар ва туманлар судлари томонидан 394 нафар шахсга оид 336 та жиноят иши ниҳоясига етказилди (маълумот учун: ўтган йилнинг шу даврида 638 нафар шахсга оид 476 та иш кўрилган).

Мавжуд ҳолатлар бўйича 244 та жиноят иши юзасидан 299 нафар шахс айбдор деб топилиб, тегишли тартибда суд ҳукмлари чиқарилди. Шу билан бирга, 95 нафар шахсга нисбатан юритилган 92 та жиноят иши ҳаракатдан тугатилди. Бу жараёнда 5 нафар шахс айбсиз деб топилди ва уларга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилди.

Айни пайтда ўзаро ярашилгани муносабати билан 86 та жиноят иши бўйича 88 нафар шахс жазо ва жавобгарликдан озод қилинди, уларга оид суд ишлари тугатилди. Эътиборлиси, 18 нафар шахс суд залидан озодликка чиқарилди.

Албатта, бу каби ижобий ҳолатларни бугунги кунда юртимиздаги барча судлар фаолиятида кўриш мумкин. Бундай натижалар суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг ижобий ҳосиласи, албатта. Айниқса, ўтказилаётган сайёр судларнинг самарасини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти судлари томонидан умумий ишларнинг учдан бири, аниқроғи, 33,3 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилмоқда. Сайёр суд мажлислари бевосита кенг жамоатчилик кўз ўнгида ўтказилаётгани ибрат мактаби бўлаётганини яққол кўринмоқда. Бундай аҳамиятли тадбирлар юртимизда жиноят ва жиноятчиликни камайтириш омилига айланганини ҳис этиш қийин эмас. Бу мамлакатимиз одил судлов тизимидаги ижобий воқеликларнинг муҳим бир жиҳатидир.

Иккинчи жиҳат жазоларни либераллаштириш, озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ жазоларни кескин камайтириш борасидаги амалий ишларда кўринади. Шу ўринда илгари судлар ҳукм ёки ажрим чиқариш пайти жамоатчилик фикри, хоҳиш-иродасига бефарқ қараб келганини ҳам айтиб ўтиш лозим.

Энди бу бўшлиқ тўлдирилди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан юртимиздаги бир қатор жамоат ташкилотлари, хусусан, Ёшлар Иттифоқи, Хотин-қизлар қў¬митаси, "Нуроний" жамғармаси, ушбу ташкилотларнинг жойлардаги бўлим ва бўлинмалари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларига судланаётган шахсни жиноят йўлига қайта кирмаслиги учун кафилликка олиш, шу аснода оиласи бағрида қолдирилган фуқароларни қайта тарбиялаш ваколати берилди.

Ана шундай эзгу саъй-ҳаракатлар жиноий қилмишлар камайишига сабаб бўлаётир.

Юртимиз бўйлаб судларнинг оммавий сайёр қабуллари одатий тус олди. Бунда Олий суд раисидан тортиб, унинг ўринбосарлари, ҳайъат раислари ва жойлардаги судьяларгача — барча бирдек фаол ва мунтазам иштирок этмоқда.

Натижада одамларни қийнаётган муаммолар ечими ҳамжиҳатликда изланмоқда ва энг мақбул чоралар топилмоқда. Қолаверса, сайёр қабулларда тарғибот ва ташвиқотга алоҳида эътибор қаратилаётир. Аҳоли билан юзма-юз учрашув ва очиқ мулоқотлар, айниқса, оммавий ахборот воси¬талари билан ҳамкорлик алоқалари тикланаётгани айни муддао бўлмоқда.

Аксарият юртдошларимизнинг қалби кечиримлилик ва бағрикенгликка мойиллиги кишини қувонтиради. Зеро, бу олижаноб туйғулар ҳар қандай инсонни янги эзгу амалларга, ибратли саъй-ҳаракатларга ундайди.

Шу соҳа вакили сифатида ижобий ишларимизнинг мантиқий натижасидан бир қадар қо¬ниқишни ҳис этамиз. Аммо бу ҳали кифоя ҳам эмас. Юртимиз ялпи тинч¬лик, осойишталик, ҳамжиҳатлик, ҳамкорлик, меҳр-оқибат, иймон-эъ¬тиқод макони сифатида дунёга донг таратмоғи керак. Бунинг амалдаги ифодаси барчамизнинг биргаликдаги эзгу саъй-ҳаракатларимизга боғлиқ.

Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кейинги пайтда кўриб чиқилган бир қатор суд жараёнлари кўпчилик тугул, суд ходимлари юрагида ҳам ёрқин из қолдирди, десак хато бўлмайди. Ибратли тарафи шуки, бу жараёнлар ҳам бевосита кенг жамоатчилик кўз ўнгида, юртдошларимизнинг фаол иштирокида ўтди.

Кўплар бу суд жараёнларидан катта ҳаёт сабоғини олди. Очиқ ва одил судловнинг тарбиявий кучи фуқароларимиз томонидан қалбан англаб етилди.

Хусусан, Шовот тумани Қиёт қишлоғида яшовчи қўшнилар, бир томондан, Иноят Наврўзов ва унинг ўғли Бекмурод Собиров, иккинчи томондан, Эгамберган Тожиев ва учовлон фарзанди ўртасида ўтган йилнинг ёзида рўй берган ўзаро жанжал Э. Тожиевнинг жароҳат олишига сабаб бўлган. У бурун суяги синиб, енгил жароҳат олган.

Қўшнилар орасида рўй берган бу воқеа тафсилотларини сайёр суд мажлисида муҳокама этган дастлабки босқич суди мазкур жиноий можаро учун айбни ота-бола Наврўзов ва Собировлар зиммасига юклади. Суд томонидан чиқарилган ҳукмга кўра, айбланувчилар муайян муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига маҳкум этилди.

Суднинг бу ҳукми маҳкумларнинг эътирозига сабаб бўлди. Натижада суд жараёни яна давом этди. Жиноят ишини аппеляция тартибида кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича вилоят суди Шовот туманида юз берган воқеада ота И. Наврўзовнинг айби йўқ, деган хулосага келди.

Аниқланган ишончли факт ва далиллар ушбу хулосани тасдиқлаш учун етарли бўлди. Суд ажримига мувофиқ, И. Наврўзов тўла оқланиб, ўзига етказилган мулкий ҳамда маънавий зиённи қонуний асосларда қоплаш ҳуқуқига эга бўлди.

Жиноий қилмиш аслида содир этилмаганига оид яна бир суд ажрими муқаддам Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми бўйича судланиб, 3 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган ва мазкур кодекснинг шартли ҳукмга доир 72-моддаси асосида 1 йиллик синовга тортилган урганчлик Ҳурматбек Бобожоновга нисбатан ҳам чиқарилди.

Кассация босқич суди Ҳ. Бобожоновни жиноий қилмишдан холи шахс сифатида эътироф этди ва оқлов ажримини чиқарди.

Шундай суд жараёнларида Жиноят кодексининг контрабандага дахлдор 246-моддаси бўйича жавобгарликка тортилган боғотлик Худоёр Нуруллаевни айблаш юзасидан очилган жиноят иши биринчи босқич суди томонидан айблилиги ҳал этилмай туриб ҳаракатдан тугатилди.

Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида тамомила айбсиз фуқаронинг оғир тан жароҳати олишига сабабчи бўлган, лекин жабрланувчи тарафнинг муруввати сабаб ҳайдовчи Жавлон Исмоилов, халқимизнинг умумбойлигини ўзлаштириш, талон-торож қилишга қаратилган қилмишни содир этганликда гумонланган хонқалик Баҳодир Маткаримовнинг айби эса, судда ҳам эътироф қилинди.

Бироқ ишни дастлабки тарзда кўриб чиққан ҳайъат бағрикенглик йўлини танлади. Ж. Исмоилов — жабрланувчининг қонуний вакили енгиллик беришни сўрагани сабабли, Б. Маткаримов эса, етказилган моддий зиённи қоплагани боис жиноят қонунчилигининг инсонпарварликка қаратилган талаб ва тақозолари асосида жазодан озод қилинди.

Бобир Умаров,
жиноят ишлари бўйича
Хоразм вилояти судининг раиси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг