Суд қарорини бажармаган раҳбарнинг автомашинаси мусодара қилинди
Бюджетнинг 38 миллион сўм маблағини талон-торож қилган бухоролик раҳбар қарзни тўламагани учун яна 50 баравар жаримага тортилди. Кейин машинаси мусодара қилинди.
Жорий йилнинг сентябр ойида Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида «P trans O» (ўзгартирилган) МЧЖнинг раҳбари — асли бухоролик 29 ёшли М.Р.нинг жиноят иши кўриб чиқилган (ЖК 167-моддаси, 2-қисми “в ,г” бандлари ҳамда бошқа моддалар билан айбланган).
Ҳужжатга кўра, М.Р. буюртмачи «Тошкент вилояти минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати» ДУК билан пудратчи сифатида ўзининг раҳбарлигидаги «P trans O» МЧЖ ўртасида «Пискент тумани, Култепа МФЙ ҳудудидаги Гулистон, Наврўз, Ўйингоҳ ва бошқа ички кўчаларни асфальтлаш» бўйича тузилган шартнома асосида объектда 1 200 859 886 сўмлик иш ҳажмларини бажарган. Бироқ, ҳужжатларни қалбакилаштириб, 1 239 536 609 сўмлик ишлар бажарилган қилиб кўрсатган. Бу билан у ўзига ишониб топширилган ва ихтиёрида бўлган бюджетнинг 38 676 723 сўм маблағларини талон-торож қилган.
Суд мажлисида судланувчи М.Р. айбловга қисман иқрор бўлган, унинг айби жиноят ишидаги тўпланган далиллар ва ҳужжатлар билан тўлиқ тасдиқланган.
Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди ҳукмига кўра, М.Р. айбдор, деб топилиб, ундан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида, яъни 18 750 000 сўм жарима давлат фойдасига ундирилиши белгиланган.
Мажбурий ижро бюросининг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича катта инспектори Ихтиёр Олимов «Xabar.uz»га маълум қилишича, фуқаро М.Р. ўзига жазо тариқасида тайинланган жаримани ўз вақтида тўламаган ва судга оид қарорларга эътиборсиз қараб келган. Ижро ҳужжати ҳудудийлик бўйича Бюронинг Пешку туман бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро ҳаракатларига киришилган.

Қарздор ижро ҳужжати талабларини бажармасликда давом этиб келаверган. Шундан сўнг, ижро ҳаракатларига киришилиб, М.Р.нинг номида бўлган барча мол-мулкларга тақиқ қўйилган ва унга тегишли бўлган қидирувдаги «Lacetti» автомашинаси турган манзил аниқланган. Автомашина белгиланган тартибда вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган ва мусодара қилинган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter