Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкентда «вор закон»нинг уйини ўмарган ўғри тарихи

Тошкентда «вор закон»нинг уйини ўмарган ўғри тарихи

Фото: Dni.ru

Али Мадуев 1956 йилда Қозоғистонда туғилди. Аммо у туғилган жой бошқаларники сингари одатий эмас эди. Қамоқхона оила қуриш учун унчалик ҳам мос келадиган жой эмас. Аммо кейинчалик ўзини Сергей, деб номлаб оладиган Али Мадуевнинг отаси ва онаси айнан шу ерда танишади.

Унинг отаси чечен миллатига мансуб бўлиб, депортацияга қаршилик қилгани учун қамалганди. Корейс миллатига мансуб онасини эса чайқовчиликда айблаб қамашган. Хуллас, ҳар иккиси ҳам Сталин бошқарувидаги зулм давлатининг қурбонлари эди. Улар собиқ иттифоқнинг энг чиркин даврида, энг ёмон жойда оила қуради. Али Мадуев мана шундай оилада туғилади.

Алининг отаси қамоқдан чиққани ҳамоно оиласини ташлаб кетади. Болакайни эса «кўча» тарбиялайди. У илк ўғриликка 6 ёшида қўл уради. 18 ёшга тўлганда эса қамоққа тушиш учун «етилиб» бўлган эди. 1975 йилда уни 6 йилга қамашади.


1980 йилда ўзига Сергей номини олган ўғри собиқ иттифоқ шаҳарлари бўйлаб «хизмат сафари»га чиқади. Унинг ортидан амалдорлар, ноқонуний савдогарлар ва ҳатто жиноят оламининг йирик вакилларига тегишли «шип-шийдон» қилинган уйлар қолади. Сергей ҳатто «қонундаги ўғрилар»нинг қарашларига ҳам туфуриб қўйган эди.

Жиноий фаолиятининг бошида уни ҳатто «Робин Гуд», деб аташган. Йўқ, у афсонавий қаҳрамонга ўхшаб бойлардан тортиб олиб, камбағалларга тарқатмас эди. Шунчаки, ўғрилаганларини орқа-олдига қарамай сарфларди. Масалан, ҳар сафар таксига ўтирганда 10 сўмлик пулни «командир, қайтими керак эмас», дея ҳайдовчига қистиравергани учун «Червонец» деган лақаб олган эди.

Мадуев бир сафар ўғрилик қилаётганда жиноятчи шериги хонадон соҳибасини зўрлашига йўл қўймайди. Бошқасида эса уйи туналаётган хонадон эгасининг юраги ҳуруж қилиб қолганини кўриб, яқин-ўртадаги дорихонадан тез ёрдам чақириб беради. Айнан шу туфайли хонадон эгасининг ҳаёти сақлаб қолинади. Буларнинг барчаси унга шуҳрат келтиради, албатта.

Шунингдек у аёлларни қойил қолдириш учун пул сарфлашни ёқтирарди. Кўчада ҳақиқий каллакесар бўлган ўғри ресторанга киргани ҳамоно юксак маданият соҳибига айланарди. Ҳар қандай аёлни хушомад қилиб ўзига оғдириб оларди. Пулни аямай сарфларди. Ўзиники бўлмагач, яна нима қилсин...

Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари ўрталарида Мадуев қўлга тушди. Бу сафар унга 15 йил беришади. Аммо 1988 йилда қамоқдан қочиб чиқади. Шундан сўнг яна юришлар бошланади. Ҳар ой 10-15 талаб дўконлар ва уйлар туналарди. Бундай вақтда қўлга тушмаслик учун жуда омадли бўлиш керак. Мадуевга ҳозирча омад келиб турганди.

Аммо энди унинг аввалги обрўйидан асар ҳам қолмайди. Энди у ваҳший жиноятчи сифатида эсланарди. Бир сафар ўғриликка кирганда уй эгаларини ўлдириб кетади. Аммо уларнинг бир ёшли чақалоғига тегмайди. Шунчаки, уйга ўт қўйиб юборади.

«Червонец» милицияга ҳам, ўзини қидириб юрган «вор законлар»га ҳам туфуриб қўйган эди. У Тошкентда юрганда маҳаллий «ўғрибоши»лардан бирининг уйини тунайди. У ердан ўғриларнинг умумий пулини — 250 минг сўмни олиб чиқиб кетади.

Милиция ва аламзада жиноятчилар тўдаси уни Ўрта Осиёда қидириб юрган вақтда Мадуев Ленинградда билганини қилиб юрган эди. Кўчадаги босқинчилик вақтида ўлдирилган одам, ресторанга киритишни истамагани учун пичоқланган хизматчи, буларнинг барчаси «Червонец»га қарши милициянинг оёққа туришига сабаб бўлади. Натижада у шериги Роман Черишев билан бирга Ўзбекистонга қайтишга қарор қилади. Бу билан у арининг инига бошини суқаётган эди. Тошкентда ундан қасд олиш истагида юрганлар кўп эди.

Бу ерда ҳам «Червонец» ишини давом эттиради ва яна «қонундаги ўғри»лардан бирининг уйига тушади. Аммо энди ҳаммаси силлиқ кечмайди. Уй эгаси ўғриларга қарата ўт очади. Мадуев шеригининг ортига бекиниб қолади ва тўппончадан отиб, уй эгасини ўлдиради. Шериги Роман Черишев яраланган эди. Мадуев на уни кўтариб юргиси ва на милицияга гувоҳ сифатида қолдиргиси келаётган эди. У ўзи учун энг осонини танлайди — шеригини ҳам отиб ташлайди.

Милиция бу сафар уни осон топади. Шунчаки, эртаси куни қачон ва қайси поездга чиқишини таҳмин қилиб, фуқаро кийимидаги ўнлаб ходимларни вокзалда пистирмага қўйишади. Поезд юришига бир дақиқа қолганда «Червонец» перронда пайдо бўлади. Милиционерлар дарҳол унга ташланишади ва қўлга олишади.

Бир қарашда ҳаммаси тугагандек кўринган эди. Аммо милиционерларга уқувсизлик панд беради. «Червонец»нинг бир қўлини ходимлардан бири ўз қўлига кишанлаб олган эди. Улар Москвага кетадиган поезд купеларидан бирига жойлашган вақтда Мадуевнинг қўлида граната пайдо бўлади. У тиши билан ҳалқани тортиб олиб, вагонни портлатиб юбориш билан дағдаға қилади. «Червонец» олдига ИИВ вазири келишини талаб қилади.

Милиционерлар ишни бунга қадар олиб бора олмас эдилар. Аммо шу билан жиноятчини алдаб туришни ҳам уддалай олишмайди. «Червонец» иш пачавалигини сезгани ҳамоно гранатани милиционерларнинг оёғи остига улоқтириб, қочиб қолишга ҳаракат қилади. Аммо граната ҳақиқий эмас, балки ўқув-машғулотида қўлланадиган, портламайдигани эди. Ходимлар бунга алданиб қолмайди ва Мадуев қўлга олинади.

Бу сафар Сергей Мадуев шу қадар калтакланадики, уни Москвага олиб келишгандан сўнг қамоқхона касалхонасида яхшилаб даволашга тўғри келади.

Тергов вақти яна бир «севги тарихи» рўй беради. Мадуев ўзини тергов қилаётган Наталья Воронцовани йўлдан уришга муваффақ бўлади. Бечора аёл терговчи ўғридан «робин гуд»ча қаҳрамонликлар ҳақида эшитавериб, унга ошиқ бўлиб қолади. Воронцова Мадуев қамоқдан қочиб чиқиши учун режа ишлаб чиқади. Унга тўппонча келтириб беради. Аёл кейинчалик унга эрга тегиб олишни кўзлаган эди.

Наталья Воронцова. Фото: Чохонелидзе Ираклий

Сал қолса режа амалга ошарди. Мадуев қўриқчиларни тўппонча билан қўрқитиб, турма дарвозаси томон қоча бошлайди. Йўлидан чиққан майор Ермолаевни отиб ташлайди. Аммо таъқибчилар барибир уни ушлаб олишади. Майорнинг ҳаёти аранг сақлаб қолинади. «Червонец» эса Тошкентда бўлгани сингари яна калтакланади.

Наталья Воронцова 4 йилга қамалади. Мадуевнинг у билан иши йўқ эди, аксинча, қўлга тушгани ҳамоно биринчи навбатда уни сотиб берганди. Унинг учун аёлнинг тақдири умуман қизиқ эмас эди. Воронцова 4 йилга қамалгани ҳақида эшитганда шунчаки мийиғида кулиб: «унга ўзи шу керак эди», — дейди ҳолос.

Ўша вақтдаги қонунчилик бўйича Сергей Мадуев энг олий жазо — отувга ҳукм қилиниши керак эди. Аммо 1991 йилда собиқ иттифоқ тарқаб кетади. Россия федерациясида эса ўлим ҳукми бекор қилинади. Мадуев умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилади.

Жиноятчи 2000 йилда қамоқхонада, 44 ёшида юрак ҳуружидан вафот этади. Шунчаки тунда уйқуга кетади ва қайтиб уйғонмайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг