Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкентда хонадонида наркотик модда тайёрлаб келган шахс қўлга олинди

Тошкентда хонадонида наркотик модда тайёрлаб келган шахс қўлга олинди

Пойтахтнинг Янгиҳаёт туманида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирда йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи олди олинди.

Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар қилди. 

Маълум қилинишича, фуқаро Ш.нинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилган. Текширув жараёнида ошхона шкафи ичида гугурт қутисига жойланган жами 82 дона қути, шунингдек, иккита пакетда ўсимлик модда аниқланган.

Бундан ташқари, 60 дона кичик қадоқ ҳамда музлаткичнинг пастки қисмидан пакетларга ўралган 10 дона қора рангли ва 90 дона скотч бўлакларига ўралган қора, шилимшиқ модда топилган. Шунингдек, иккита пакет ичида пластилинсимон, жигарранг ва ўткир ҳидли модда ҳам аниқланган.

Аниқланишича, фуқаро ушбу гиёҳвандлик воситаларини сотиш мақсадида алоҳида қадоқлаб, ўз уйида тайёрлаган. Хонадон ичида тўрт дона тарози, шунингдек, гиёҳвандлик воситаларини тайёрлашда фойдаланилган қозон ва чўмич ҳам ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Барча топилмалар белгиланган тартибда ҳужжатлаштирилиб, ички ишлар бўлимининг навбатчилик қисмига топширилган. Мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Таъкидланишича, ушбу хонадондан жами 3 килограмм 755 грамм гиёҳвандлик воситалари аниқланган бўлиб, уларнинг умумий қиймати 2 миллиард 29 миллион сўмга баҳоланмоқда. Натижада аҳоли орасида 18 минг 755 дона қадоқдаги гиёҳванд модданинг тарқалишига чек қўйилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг