Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Яширин 424 млрд сўм: Ўзбекистон ноқонуний тамакида пулларни қандай бой бермоқда?

Яширин 424 млрд сўм: Ўзбекистон ноқонуний тамакида пулларни қандай бой бермоқда?

Ўзбекистонда ноқонуний тамаки маҳсулотлари айланмаси – бу шунчаки иқтисодий муаммо эмас, балки иқтисодиётга, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий адолатга дахл қилувчи кўп қиррали чақириқдир. 2024 йилнинг 10 ойи давомидаги маълумотлар таҳлилида акс этган 424,1 млрд сўм миқдоридаги давлат бюджети йўқотишлари ва 9,8 фоизли ноқонуний бозор улуши – бу айсбергнинг чўққиси, холос.

Бу рақамлар ортида чуқур таҳлил ва комплекс ечимли ёндашувни талаб қилувчи мураккаб ижтимоий-иқтисодий жараёнлар яширин. Солиқ, божхона ва бошқа органлар фаол чоралар кўришяпти ва уларнинг фаолияти муайян натижалар бермоқда. Бироқ, муаммонинг кўлами саъй-ҳаракатларни янада жонлантиришни талаб қилади.

Ўзбекистонда ҳудудлар бўйича ноқонуний тамаки айланмасининг тақсимоти ниҳоятда номутаносиб. Фарғона водийси ва Наманган вилояти инқирозли вазиятни кўрсатмоқда. Чунончи, Фарғона водийсида ноқонуний савдонинг ўртача кўрсаткичи 18,1%ни ташкил қилади. Бироқ, бошқа шаҳарларда вазият янада хавотирли: Қўқон - 29,9%, Марғилон - 25,2%. Бу мана шу нуқталарда ноқонуний бозор гуллаб-яшнашига хизмат қилувчи маҳаллий омиллар борлигига далолат қилади.

Наманган вилоятида ноқонуний айланма кўрсаткичи 27,4 фоизга етади, бу минтақада назорат ва ҳуқуқ қўлланилиши борасида жиддий муаммолар борлигига ишора қилади.

Жиззах вилоятида ноқонуний айланма (14,5%) Фарғона водийси ва Наманган вилоятидагига қараганда камроқ, лекин, барибир, мамлакат бўйича ўртача кўрсаткичдан юқори ва эътиборни талаб қилади. Ушбу минтақалар муқобилида, Сурхондарё, Самарқанд, Сирдарё, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси анчайин паст кўрсаткичларни намойиш этади (3,2-4,4%), бу самаралироқ назорат ёки ноқонуний бозор ўсишини ушлаб турувчи бошқа омилларга ишора қилади.

Ҳатто Тошкент вилоятида ҳам, нисбатан паст ўртача кўрсаткичга қарамай (7,8%), шаҳарлараро тафовут катталаги кузатилади. Масалан, Ангрен (10,2%) Олмалиқдан (2,7%) кескин фарқ қилади. Бу ноқонуний тамаки айланмасига қарши кураш стратегиясини ишлаб чиқишда маҳаллий омилларни ҳисобга олиш муҳимлигини бўрттириб кўрсатади. (Бу шаҳарлардаги аҳоли сони ва тамаки маҳсулотлар савдосининг инфратузилмаси тўғрисидаги маълумотлар қўшилади)

Ноқонуний тамаки савдоси ҳажмларида ёрқин минтақавий тафовут муаммонинг кўламига таъсир кўрсатувчи турли омиллар мавжудлигига ишора қилади. Фарғона водийси ва Наманган вилоятидаги юқори кўрсаткичлар қуйидагиларга боғлиқ бўлиши мумкин:

- Географик омиллар. Мураккаб тоғли рельеф ва чегараолди ҳудуди контрабанда маҳсулоти оқимлари устидан назоратни мураккаблаштиради.

- Иқтисодий омиллар. Айрим туманларда аҳоли даромадлари даражасининг пастлиги арзонроқ, ноқонуний сигаретларга талабни рағбатлантириши мумкин.

- Ижтимоий омиллар. Чекиш анъаналари, ҳуқуқни қўллашнинг заифлиги ва маҳаллий ҳокимият томонидан эҳтимолий ҳайбаракаллачилик ноқонуний бозор гуллаб-яшнаши учун қулай муҳитни яратиши мумкин.

Айрим минтақалардаги нисбатан паст кўрсаткичлар эса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан самаралироқ назорат ёки пастроқ талаб натижаси бўлиши мумкин. Бироқ, ҳатто минтақаларнинг ичида ҳам салмоқли фарқлар кузатилади, бу муаммонинг кўпбосқичли характерга эгалигини тасдиқлайди.

Ноқонуний тамаки айланмасига қарши кураш учун минтақавий номутаносиблик сабабларини синчликлаб тадқиқ қилиш лозим. У аҳоли ўртасида ижтимоий сўровларни, минтақалар иқтисодий кўрсаткичлари таҳлилини, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва божхона хизматлари фаолиятининг самарадорлигини ўрганишни ўз ичига олиши керак. Фақат сабабларни чуқур тушуниш асосидагина ноқонуний савдога қарши курашнинг самарали стратегияларини ишлаб чиқса бўлади.

Ноқонуний тамаки айланмаси муаммосининг ечими чегарада назоратни кучайтириш билангина кифояланиб қолмаслиги керак. Комплекс ёндашув талаб этилади: назоратни кучайтириш ва қонунбузарлик учун жазолаш, қонуний тамаки маҳсулотига солиқ юкламасини пасайтириш - бу мазкур маҳсулотни ноқонуний товарга нисбатан янада рақобатбардошроқ қилишда ёрдам беради, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва аҳолини чекишнинг зарарли таъсиридан хабардор қилишга қаратилган кенг кўламли ахборот кампанияларини ўтказиш, қўшни мамлакатлар билан контрабанданинг олдини олишга қаратилган ҳамкорликни кучайтириш лозим бўлади.

Чуқур таҳлил ва минтақавий хусусиятларни ҳисобга олишга асосланган комплекс ёндашувсиз ноқонуний тамаки айланмаси муаммоси Ўзбекистонда бундан буён ҳам жиддий иқтисодий ва ижтимоий оқибатларга олиб келаверади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг