Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ёпишмаган «гажаклар»: курсингиз баланд бўлсаям пастроққа тушинг, Ғиёсов!

Ёпишмаган «гажаклар»: курсингиз баланд бўлсаям пастроққа тушинг, Ғиёсов!

Видеодан кадр

Ички ишлар вазири матбуот котиби – ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчи Шоҳрух Ғиёсов яна жамоатчилик эътибори марказида. «Ўпкаси ўзидан уч метр олдинда юриши» билан тилга тушган полковник бу сафар ҳам «ўз услубига содиқ қолиши» натижасида яна кўпчиликни ўзига қаратиб турибди.

Нафақат Шоҳруҳ Ғиёсов, умуман ҳамма матбуот котибларини тушуниш мумкин: улар учун соҳага тааллуқли, бироқ ҳақиқатга тўғри келмайдиган хабарларга ўз вақтида раддия бериб, вазиятга ойдинлик киритишдан ёқимсизи йўқ. Бироқ бундан ёзғириш ҳам ноўрин: вазифангиз шу, ё жимгина ишингизни қилинг ёки жойни бошқага бўшатиб қўйинг...

Ярим йилча аввал Сурхондарёда бир фуқарони ички ишлар ходимлари қийноққа солганига оид хабарлар пайдо бўлиши ортидан вазиятга ойдинлик киритишга уринган ИИВ матбуот котиби яхшигина қовун туширганди. Яъниким, марҳумга «Худо урган, бетайин шахс», дея «таъриф» бериб, бунинг оқибатида жамоатчиликдан танқид, вазирдан дакки эшитганини ўзи унутса унутгандир, илло кўпларнинг ёдидан кўтарилгани йўқ ҳали.

Шоҳрух Ғиёсов яқинда яна кўриниш берди. Бу сафар ҳам мавзу ўша: «айрим ижтимоий тармоқлар фаоллари»нинг «қонунларни бузиб, турли текширилмаган, нохолис ва умуман ёлғон маълумотларни тарқатиш»да давом этаётганидан ёзғирган ИИВ матбуот котиби тап тортмай уларни «нопоклар» (!) деб айтайди. Сўнг шу мазмундаги (яъни, ички ишлар ходимларини обрўсизлантиришга хизмат қиладиган) бир эмас, учта хабарга бирма-бир раддия беради.

Бироқ ҳозир гап раддия ёки унга сабаб бўлган ижтимоий тармоқлардаги хабарлар ҳақида эмас. Гап, полковник Ғиёсовнинг ўзини тутиши, писандалари, иддаолари-ю муддаолари ҳақида.

Матбуот котибининг тизим ходимлари мавқеини куйиб-пишиб ҳимоя қилаётган тушунарли (бу билан ИИБ ходимлари обрўси ошиб қолмаётгани алоҳида мавзу). Бироқ унинг пўписа ва писанда оҳангида гапириши, гўёки бундай хабарлар тарқатиш билан «кимларнингдир буюртмасини бажараётгани»га оид башоратлари ўқувчиларга нисбатан ҳурматсизликдан бошқа нарса эмас.

Матбуот котиби – кичкина лавозим эмас. Бундай лавозимни банд қилиб турган шахс аввало баҳс одобига риоя қилиб, юксак профессионал эканини намойиш этмоғи керак. Рост, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятига оид танқидлар оз эмас. Эълон қилинаётган танқидларни ёппасига асоссиз деб бўлмайди. Прокуратура, Судьялар олий кенгаши ёки Олий суд матбуот котиблари ҳам вақти-вақти билан ижтимоий тармоқлардаги танқидларга нисбатан раддиялар эълон қилиб туради. Бироқ уларда, Ш. Ғиёсовдан фарқли равишда, на жазава оҳанги, на пўписа, на-да асабийликни сезасиз!

Иқтидоридан иддаоси баланд эканини тап тормай намойиш этиб келаётган ИИВ матбуот котиби ҳамкасбларидан ўрнак олса, чакки бўлмасди.

Энг қизиғи ва ачинарлиси, лавҳа охиридаги ёпишмаган «гажак»да! Унда ИИВ матбуот котиби ходимлари билан «кичик саҳна кўриниши» уюштиришади... Яъниким, ходимининг аввалдан келишилган «Нега булар (?) кўчада милицияни ёмонлайди доим?» деган саволига Ғиёсов шундай жавоб беради: «Милицияни фақат шакаллар ва ғаламислар ёмонлайди!». «Қолганлар-чи?». «Қолганлар дуо қилади, милицияга ишим тушмасин, деб...».

Бу билан нима демоқчисиз? Ошириб юбормаяпсизми? Нима, сиз хизмат қилаётган тизим танқиддан холими? Сизни ва сиз хизмат қилаётган тизим ходимларини ўз солиқлари билан боқаётган одамларга нисбатан бундай ҳурматсизлик қилишга ким ҳуқуқ берди сизга?

Айтганингиздек, одамларнинг «милицияга ишим тушмасин» деб, дуо қилиши рост. Савол: бу дуо замирида ИИБ ходимларига нисбатан ишонч ётадими ёки ишончсизлик?

Ястаниб ўтирган курсингиз баланд бўлсаям, са-ал пасроққа тушинг-э, Ғиёсов!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг