Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Бизда гўшт нега қиммат» – йўқолиб кетаётган Ҳисори қўй зоти ва оралиқ насл ҳақида

«Бизда гўшт нега қиммат» – йўқолиб кетаётган Ҳисори қўй зоти ва оралиқ насл ҳақида

Фото: agronet.uz

Одамзот яралган илк кунлариданоқ овчилик орқали гўшт билан озиқланган. Бу маҳсулотнинг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди. Физиологларнинг таъкидлашича, организмнинг ҳаётий фаолиятини оқсил ва углевод баланси бошқаради, яъни 50:50. Гўшт бу оқсил, углевод эса бу шакар ва шунинг учун ҳам бу нисбат бузилса, танадаги модда алмашинуви издан чиқади. Шу сабабли ҳам гўштни тўйиб еган одам эртасига яна гўшт ея олмайди негаки, унда оқсил кўпайиб кетган ва табиийки, углевод камайган ва организм кечаги зиёфатдан сўнг эрталаб гўшт эмас шакарчойга эҳтиёж сезади.

Боболаримизнинг айтишича, узоқ муддат гўшт емаган одам кечаси кўрмай (шабкўр ёки Сурхон шевасида қоракўр) қоларкан. Бундай ҳолат 2-жаҳон уруши пайтидаги очарчиликда яққол кўринган. Лекин гўшт ейиш барча замонлардаям осон бўлмаган. Чунки уни овлаш ёки етиштириш керак ва энг ёмони аксарият ҳайвонлар бир йилда бир марта ва яна кўпинча битта бола туғади. Аслида гўштнинг ўрнини ҳеч нарса босолмайди ва ҳеч қачон одамга зиён ҳам бермайди, лекин бунда албатта меъёрни эсдан чиқармаслик керак. Боболаримиз (Сурхондарё шароитида) олдинги замонларда думбаёғ ёки сариёғни бир коса ичгани (тахминан 300-500 г) ва ёш чавандоз ёки полвон болаларга ҳам ичирганига кўп бор гувоҳ бўлганмиз. Хўш, нима унда холестерин йўқмиди ёки улар бошқача одаммиди? Йўқ. Боболаримиз ёғни кўпроқ қишда ичар, қаҳратонда қўй боқар ёки 70 ёшда ҳам қарсиллатиб кетмон чопар, натижада танадаги ўша «холестерин»дан асар ҳам қолмас эди. Бизга ўхшаб кучли овқатдан сўнг мошинага ёки телефонга ўралашиб ётмас эди...

Дунё бўйича 1 кг гўштнинг ўртача нархи 6 доллар атрофида бўлиб турибди ва бу ривожланган, ойлиги баланд давлатлардаям шундай. Ўзбекистонда ушбу нарх 8-9 доллар атрофида, лекин бу қиймат ўтган асрнинг 80-йилларида тахминан 5-6 доллар эди. Демак, гўшт охирги йилларда кўтарилиб кетди ва бунинг бир қанча сабаблари бор:

1. Аҳоли салкам 2 баравар кўпайди.

2. Аҳолининг харид қобилияти кучайди.

3. Гўшт ейиш урфга кирди, 80-йилларда бирор вилоятдаги ошхонада қовурилган гўшт сотилмас эди, ҳозир турли «брендлар» юртимизнинг ҳамма бурчагида бор. (Мен илгари сурхондарёликлар Тошкент ва водий билан интеграция кучайиб, «гўштга экономичний» бўлиб кетади деб ўйлар эдим, лекин маятникнинг тескари ҳаракатига ўхшаб, бу одат ҳам тескари реакция берди, яъни сурхондарёликлар гўшт ейишни камайтирмади, балки Тошкент ва водийликлар ҳам гўштхўр бўлиб қолди... Водийга Сурхондарёдан қишда «дамас-дамас» қўй думба ёғи кетганлигини биламан).

4. Давлат чорвалари бўлган йирик гўштчилик комплекслари, барча ерларда бўлган колхоз-совхозларнинг тугаши билан улардаги чорвачилик фермалари ва бошқа чорва тармоқлари батамом йўқ бўлиб кетди.

5. Чорва моллари сони давлат томонидан назорат қилинар эди, ҳозир эса вазият бошқачароқ.

6. Балиқчилик етарлича ривожлантирилмади ва бу нарса ҳам гўшт нархига ёмон таъсир қилди (ўтган асрда денгиз балиқлари келтирилар ва «режага кўра, четверг – рыбний день» эди. Масалан, ўша пайтлар Термизда 1 кг мол гўшти 5 сўм (тахминан 5 доллар), тирик балиқ (сазан) 1 сўм эди, ҳозир эса мол гўшти 90-100000 сўм (лаҳм) балиқ 60000сўм).

7. Чорва фермерларга ер берилмади, берилганига ҳам маҳаллий ҳокимият томонидан пахта ёки ғалла экиш мажбурийлаштирилди.

8. Чорвага озуқа кўтарилиб кетди (ҳозир мавсум пайти ғалла даласи бошидан прессланган 1 дона сомон боғини 15-20 000 сўм оласиз. Аслида сомон мол учун 1 тийинга қиммат озуқа. Беда эса 30-35000 атрофида).

9. Ем ёки концентрат озуқа нархи ошиб, сифати тушиб кетди ва буни ҳеч ким назорат қилмайди (емга оҳак, қум, тупроқ, тош, дағал хашаклар кукуни , Хоразмдан келтирилган ва чорвага зиён келтирувчи модда – шоли дони қипиғи ва ҳоказолар қўшиляпти).

Юқоридагилардан ташқари, чорвачилик тизимлашгани йўқ, ҳалиям ўтиш даврида юрибди. Масалан собиқ иттифоқ даврида оқсаб ишласаям, тизимлашган эди. Ўша пайтда зотлар ҳам етарлича ривожланишда турган эди. Масалан, Швиц, Карпат, қозоқи оқбош, қора-ола ва бошқа шу каби зотлар олиб келиниб, маҳаллий зотлар билан чатиштирилиб, барқарор оралиқ зотлар яратилган эди. Биз мустақиллик даврида ўша чорвани сақлаб қола олмадик.

Маълумот учун: Германияда битта сигир бир йилда (чорвачиликда шартли равишда бир лактация даври, яъни 305 кун 1 йил деб олинади, чунки сигир 365 кун сут бермайди ва сабаби у ҳам кейинги йилга яна бола туғиши учун тайёргарлик кўриши керак) 8000-10000 (кунига 30-35л), Исроилда 12000(кунига 40л) л гача сут оляпти. 90-йилларда бизда, яъни 2900 л(9-10л) гача сут олинган (СССР даврида халқнинг қони билан яратилган бу оралиқ зотлар йўқ бўлиб кетди), ҳозир қишлоқлардаги сигирлар ўртача 1 кунда 6 л сут беряпти ва бу 1 йилда ўртача 1800 л атрофида бўлади.

Балиқчиликдаям ишимиз яхши эмас, бунга дабдабали маълумотлар билан эмас, балки бозордаги нарх-наво билан қараш керак. Фақатгина товуқчилик ва тухум етиштиришдагина олдинга силжиш бор дейишимиз мумкин (бунинг учун «Самарқанд мактаби»дан миннатдор бўлишимиз лозим).

Хўш «Ечим» қаерда?

Қорамолчиликда гўшт, сут ва сут-гўшт йўналишига ихтисослашган маҳаллий шароитга мослашган оралиқ зотларнинг йўқлиги ёки камлиги ва қўйчиликда гўшт-ёғга ихтисослашган Ҳисор қўй зотининг айниб кетганлиги, яъни унинг зотига «қон қуйилмаганлиги»дан йиллар мобайнида кичрайиб кетганлиги (Сурхондарёда 200 кг тирик вазнга эга қўчқорларни учратиш мумкин ва бу битта қўй 120кг гўшт беради деганидир) бозорларимизга салбий таъсир кўрсатмоқда. Таҳлилларимизнинг охирида муаммони мутахассис сифатида қуйидагича ечиш мумкин деб ўйлайман:

⦁ Гўштга ҳам пахта ёки ғаллага ўхшаш биринчи навбатдаги стратегик маҳсулот деб қараш ва эски тушунчалардан воз кечиш керак;

⦁ Пахтага, ғаллага ажратилган сувли ердан чорвага ҳам ажратилиши керак, яъни унутилган алмашлаб экишни йўлга қўйсак, ер ҳам кучаяди (фақат устимиз бут ва қорнимиз тўқ бўлиши учун нон бўлса бўлди деб эмас, гўштни ҳам сутни ҳам ўйлайдиган пайт келди, сут ҳам бозоримизда 8-9 минг сўм);

⦁ Қорамолчилик бўйича алоҳида (масалан, Самарқандда), Ҳисор қўй зоти учун алоҳида (бу зотнинг ватани ва қулай жой бўлган Сурхондарёда) илмий-тадқиқот институти ташкил этилиш ва йўқотилган қорамолнинг оралиқ зотини тиклаш ҳамда Ҳисор зотини ривожлантириш керак (табиийки бу институтлар халқнинг қўлидаги чорва наслини яхшилашни ҳам ўйлаши лозим);

⦁ Чорвачилик бўйича ягона мутахассислар бўлган ветеринария ходимларини қисқартириш эмас, қўпайтириш ва иш ҳақини ҳам ошириш керак (участка «мол дўхтур»лари 2 миллион атрофида ойлик олишади)...

Қаршиев Хикматилла Қувватович
«Термиз» давлат музей-қўриқхонаси илмий котиби

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг