Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Марказий банк самарқандлик миллиардернинг компаниясини рўйхатдан ўтказди

Марказий банк самарқандлик миллиардернинг компаниясини рўйхатдан ўтказди

Хуршид Тўраев.

Марказий банк бошқарувининг қарорига мувофиқ, «TAPP PAYMENT» масъулияти чекланган жамиятига тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш учун лицензия берилди.

Bankers.uz қайдига кўра, шу тарзда Ўзбекистонда 41-тўлов ташкилоти рўйхатдан ўтказилган. «TAPP PAYMENT» МЧЖ самарқандлик миллиардер, кўп тармоқли бизнес эгаси Хуршид Тўраевга тегишли (80%). Компьютер дастурлаштириш соҳасида фаолият олиб борувчи компаниянинг бошқа муассислари сифатида Муслима Фазилова ҳамда Элъдар Мустафаев (ҳар бирида 10% дан) кўрсатилган.

Хуршид Тўраев таъсисчилигидаги яна бир ширкат — «SXF-TEChNOLOGY-INVEST» МЧЖ Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган «Tapp&Buy» маркетплейсига эгалик қилади. Янги тўлов ташкилоти ушбу маркетплейсда тўловларни амалга ошириш мақсадида ташкил қилинган бўлиши мумкин.

Tapp Payment'нинг тўлов ташкилоти лицензиясини олиши келажакда унинг рақамли банкка айланишидаги қадамлардан бири саналади.

«Қозоғистондаги Kaspi кейсига эътибор қилган бўлсангиз, IPO'да 25 млрд. доллар сармоя жалб қилди. Биз Ўзбекистондаги Kaspi бўлмоқчимиз... Биз Kaspi, Wechat'га ўхшаган экотизим яратмоқчимиз», деган компания эгаси Хуршид Тўраев.

Жорий йилнинг 31 март куни YouTube'даги Жаҳонгир Латипов каналида эълон қилинган интервьюда Хуршид Тўраев Tapp.uz лойиҳаси учун ўша вақтга қадар 1,5 млн. доллар сарфлаганини, йил охирига қадар хусусий банк очишни режалаштираётганини таъкидлаган.

Интервьюда Х.Тўраев ўзининг бизнеслари тўғрисида гапириб берган. Хусусан, Самарқанд шаҳридаги «Самарқанд Сити» қурилиш лойиҳаси, қурилиш соҳасидаги бошқа бизнеслар, савдо мажмуалари ҳамда IT ширкати тўғрисида айтиб берган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг