Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон ЖСТга аъзолик бўйича давлатларнинг 400 дан ортиқ саволига жавоб берган

Ўзбекистон ЖСТга аъзолик бўйича давлатларнинг 400 дан ортиқ саволига жавоб берган

Фото: Xabar.uz

Бугун, 3 ноябр куни Контент марказида Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик жараёни, музокаралар натижалари, қонунчилик ислоҳотлари ва навбатдаги вазифалар муҳокама қилинди.

Матбуот анжуманида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича Ишчи гуруҳ раиси, элчи Сунг-Йе Чой, ташкилот Котибиятининг Аъзолик бўлинмаси директори Майка Ошикава ҳамда давлат идоралари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда 2026 йилда Ишчи гуруҳнинг 12- ва 13-йиғилишлари ўтказилгани маълум қилинди. Уларда аъзо давлатларнинг 400 дан ортиқ саволига жавоб берилган ва 30 дан зиёд ҳужжат тақдим этилган.

Шунингдек, товарлар ва хизматлар бозорларига кириш бўйича икки томонлама музокараларда сезиларли натижаларга эришилган.

Ўзбекистон қонунчилигини ЖСТ битимларига мувофиқлаштириш доирасида 2023 йилдан буён 200 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган ва такомиллаштирилган.

Улар ташқи савдони либераллаштириш, давлат корхоналарининг эксклюзив ҳуқуқларини бекор қилиш, техник жиҳатдан тартибга солиш, санитария ва фитосанитария чоралари ҳамда божхона тартиб-таомилларини халқаро талабларга мослаштиришни қамраб олган.

Матбуот анжуманида қолган музокараларни якунлаш, Ишчи гуруҳ ҳисоботи лойиҳасидаги мажбуриятларни келишиш ва аъзолик ҳужжатларини якунлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Тадбирда таъкидланишича, ЖСТга аъзолик ташқи савдо имкониятларини кенгайтириш, инвестиция муҳитини яхшилаш, миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини ошириш ва мамлакатнинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувини чуқурлаштиришга хизмат қилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг