Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Самарасиз фойдаланилган имтиёз суммалари бюджетга мажбурий қайтарилади

Самарасиз фойдаланилган имтиёз суммалари бюджетга мажбурий қайтарилади

Имтиёзлар ва преференциялар бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори эълон қилингани ҳақида хабар берган эдик. Қарорда имтиёзларни жорий этишдаги муаммолар тилга олинган.

Шунингдек, бозорда соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва бизнес юритиш учун тенг шарт-шароитлар яратиш, фаол тадбиркорлик ривожланишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, инсофли рақобат принциплари амалга оширилишини таъминлаш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг вазифаларига мувофиқ:

Ўзбекистон Республикасининг солиқ тизимини ислоҳ қилиш доирасида:

  • соғлом рақобат муҳитини таъминлаш учун индивидуал солиқ ва божхона имтиёзлари бериш амалиётини максимал даражада чеклаш, имтиёзлар ва преференциялар бериш, уларнинг иқтисодий жиҳатдан асослилиги ҳамда самарадорлигини баҳолаш тизимини, шунингдек, улардан фойдаланишни мониторинг қилиш механизмларини такомиллаштириш;
  • солиқ ва божхона имтиёзларини фақат аниқ мақсадда бериш тартибини ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш, уларни қўллаш самарадорлигини мониторинг қилиш ва баҳолаш тизимини жорий этиш, самарасиз фойдаланилган имтиёз суммаларини бюджетга мажбурий қайтариш механизмларини мустаҳкамлаш назарда тутилмоқда.

Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:

  • солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар (кейинги ўринларда имтиёзлар деб юритилади) қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари билан умуман тармоқлар, фаолият соҳалари, ҳудудлар учун берилади, шунингдек, аниқ мақсадга эга бўлиши ҳамда аниқ ижтимоий, иқтисодий ва молиявий натижаларга эришишни таъминлаши зарур;
  • вақтинчалик имтиёзлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари билан 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга берилади, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;
  • индивидуал имтиёзлар, алоҳида ҳолларда, хусусий сектор инвестиция киритишдан манфаатдор бўлмаган тармоқларда ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш учун, аниқ ижтимоий ёки иқтисодий асослар мавжуд бўлганда ёхуд Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари билан берилади;
  • имтиёзлар беришга, божхона тўловлари бўйича имтиёзлар қўллаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган (импорт қилинадиган) товарлар рўйхатларини тасдиқлашга доир ҳукумат ва идоравий қарорларни қабул қилиш тақиқланади;
  • божхона тўловлари бўйича имтиёзлар қўллаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган (импорт қилинадиган) товарлар рўйхатлари ва уларга тузатишлар, имтиёзлар бериш тўғрисида қонун ёки Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжати мавжуд бўлган тақдирдагина, имтиёз берилган ташкилот томонидан шакллантирилади, шунингдек, уларнинг комплекс экспертизасини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги "Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” давлат унитар корхонасига киритилади;
  • божхона тўловлари бўйича имтиёзлар қўллаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган (импорт қилинадиган) товарлар рўйхатининг комплекс экспертизаси якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги "Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” давлат унитар корхонасининг ижобий хулосаси олинган тақдирда, ташкилот рўйхатда кўрсатилган товарларни белгиланган тартибда импорт қилиш ҳуқуқига эга;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги берилган имтиёзларни муддатидан олдин тугатиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига асослантирилган таклифлар киритиш ҳуқуқига эга.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг