Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Трамп Нетаняҳуни таҳқирлади – ОАВ

Трамп Нетаняҳуни таҳқирлади – ОАВ

Трамп бу гал Нетаняҳунинг бирор талабини қабул қилмаган. Фото: EPA

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг куни кеча АҚШга амалга оширган ташрифи дипломатик муваффақиятсизлик деб баҳоланмоқда. Исроил матбуоти эса президент Доналд Трамп Нетаняҳуни жамоатчилик кўз ўнгида таҳқирлади деб ёзди.

Венгриядан тўғри Вашингтонга учган Бинямин Нетаняҳу 7 апрель куни мезбон давлат раҳбари Доналд Трамп билан учрашган. Учрашувда томонлар Ғазо секторидаги уруш, АҚШ томонидан жорий этилган божлар ҳамда Исроил ва Туркия ўртасидаги таранглик ва Эрон ядро дастурини муҳокама қилишган.

Икки сиёсатчи иштирокида Оқ уйда журналистлар учун матбуот анжумани ташкил этилган.

Исроилнинг “Walla” нашри шарҳловчиси Барак Равид фикрича, Нетаняҳу музокаралар жараёнида Трампга бирор бир масалада таъсир кўрсата олмаган. Аксинча, яҳудий давлати сиёсатчиси матбуот анжуманида таҳқирланган ва “тилини ютганча”, “гултувак” каби жимгина ўтирган.

“Американинг бошқа президентлари ҳузурида Нетаняҳу ўзини эркин ва агрессив тутгани маълум. (Трамп билан учрашувда эса) Нетаняҳу камералар қаршисида кулиб, жимгина томошабин бўлиб ўтирди. Вазият Нетаняҳу учун ўнғайсиз ва таҳқиромуз эди. Бу унинг сиёсий заифлиги, Трамп сиёсатига таъсир кўрсата олмаслиги ва Америка президентига тўлиқ тобе эканини кўрсатди”, – деб ёзади исроиллик шарҳловчи Барак Равид.

Нетаняҳу учрашувда Трампга Сурияда Туркиянинг таъсири ошиб бораётганидан шикоят қилган ва бу билан Анқарага босим ўтказиш зарурлигига шама қилган. Трамп бу шамага эътибор қаратмаган, боз устига, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан дўстона муносабатда эканини таъкидлаб, Нетаняҳуга бу масалада “ақл билан иш юритиш”ни тавсия этган.

Исроил бош вазири Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар учун Оқ уйдан “оқ фотиҳа” олишга урингани тахмин қилинади. Аммо Трамп Эронга ҳарбий ҳужум эҳтимолини ҳам рад этган ҳолда, Теҳрон расмийлари билан ядро дастури бўйича тўғридан-тўғри музокара ўтказилишини эълон қилган. Исроилнинг “Маарив” газетаси таҳлилчиси Анна Барская фикрича, бу Нетаняҳу учун кутилмаган ҳолат эди. Шу тариқа Трамп Тель-Авивнинг Эронга ҳарбий ҳужум ҳақидаги таклифини рад этган ва зиддиятни дипломатик музокара орқали ечишга ундаган.

“Тезкор ташриф мобайнида бир неча муаммони бир уринишда ҳал қилиш ва катта очко олишни кўзлаган Бинямин Нетаняҳу хориждаги бир ҳафталик сафарини ноқулай тарзда якунлади. Хорижий сафардан жуда кам жавоб ва кўплаб саволлар туғилди”, – деб хулоса қилади таҳлилчи Анна Барская.

Маълумки, АҚШ президенти Доналд Трамп 2 апрель куни 183 давлатга 10 фоиздан 50 фоизгача миқдорда импорт божларини жорий қилди. Шу фармон доирасид Исроилга ҳам қўшимча 17 фоиз бож татбиқ этилмоқда. Нетаняҳу Трамп билан учрашувда мазкур божни ҳам бекор қилишга уриниши кутилаётганди.

Исроилнинг “Едиот Ахронот” нашри шарҳловчиси Итамар Эйхнернинг ёзишича, учрашув мобайнида Нетаняҳу бож масаласидан сўз очганида, Трамп Исроилга ҳар йили миллиард-миллиард доллар кўмак берилаётганини айтиб, бож бекор қилинмаслигига ишора этган.

Шунга кўра Итамар Эйхнер ҳам “Нетаняҳу Вашингтондан қуруқ қўл билан қайтди” деб ҳисоблайди.

Маълумот ўрнида, Исроил бош вазирининг жорий йил февралдаги Вашингтонга сафари катта дипломатик ютуқ деб баҳоланганди. Ўшанда Трамп Нетаняҳуга “Биби, буюк йўлбошчи” ёзуви туширилган фотосурат ҳам совға қилганди.

Айни чоқда, таҳлилчилар Трампнинг Нетаняҳуга рўйхушлик бермаслиги муваққат ҳолат экани, Исроилни шартларсиз қўллаб-қувватлаб келаётган республикачи сиёсатчи келгусида стратегик масалаларда барибир Тель-Авивнинг ёнини олишини айтмоқда. Бу борада Трамп бутун дунёнинг эътирозига қарамай, Исроил расмийлари таклиф этаётган Ғазо сектори аҳолисини бошқа ҳудудларга сургун қилиш режасини дастаклаб келаётганини эслаш кифоя.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг