Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев ЕТТБ президенти билан музокара ўтказди

Шавкат Мирзиёев ЕТТБ президенти билан музокара ўтказди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 11 июнь куни Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Сума Чакрабарти билан видеоалоқа орқали музокара ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикасининг Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан муносабатларида кейинги йилларда юксак даражага эришилгани ва самарали ўзаро ҳамкорлик амалга оширилаётганини катта мамнуният билан қайд этди.

«Йўл харитаси» ва ЕТТБнинг Ўзбекистон бўйича стратегияси биргаликда амалга оширилиши туфайли бугун ушбу банк мамлакатимизда барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлашга қаратилган устувор дастур ва лойиҳаларни илгари суришда муҳим шериклардан бирига айланди.

Бугунги кунда лойиҳалар портфели қарийб 1,2 миллиард долларни ташкил этиб, барча устувор йўналишларни қамраб олган. Ажратилаётган маблағларнинг учдан бир қисми хусусий сектор ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга, шу жумладан республикада коронавирус пандемиясининг салбий оқибатларини камайтиришга йўналтирилмоқда. Бундан ташқари, томонлар умумий қиймати 1 миллиард доллар бўлган янги лойиҳа таклифларини кўриб чиқмоқдалар.

Банк экспертлари Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклиги, капитал бозорини ривожлантириш, банк тизимини ислоҳ қилиш ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари бўйича қонун ҳужжатлари ва стратегик ташаббусларни ишлаб чиқишда ҳам фаол иштирок этдилар.

ЕТТБ Тошкентдаги ваколатхонасини кенгайтирди, Андижон шаҳрида офисини очди. Келгуси йилда Урганч шаҳридаги офис ўз ишини бошлаши кутилмоқда.

Президентимиз ҳамкорликнинг амалий натижалари ҳақида сўз юритар экан, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва самарали ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган катта ҳиссаси ва бу борасидаги фаол саъй-ҳаракатлари учун Сума Чакрабартига самимий миннатдорлик билдирди.

Етакчи халқаро молиявий институт раҳбари бундай шаклдаги учрашувнинг ташкил этилгани учун чуқур миннатдорлик билдириб, банк Ўзбекистонда амалга оширилаётган янги ислоҳотлар йўлини ва Марказий Осиёдаги минтақавий сиёсатни ҳар томонлама, шу жумладан, лойиҳалар портфели ва молиявий-техник кўмак ҳажмини кенгайтириш орқали қўллаб-қувватлашда қатъий эканини таъкидлади.

Сума Чакрабарти Сирдарё вилоятидаги фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ва мамлакатимизда пандемия кенг ёйилишининг олдини олиш бўйича кўрилган комплекс чора-тадбирларни юксак баҳолади.

Видеомулоқот чоғида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари батафсил кўриб чиқилди. ЕТТБнинг давлат корхоналарини трансформация қилиш ва банкларни хусусийлаштиришдаги иштирокига, энергетика ва нефть-газ тармоқларини ислоҳ қилиш, ажратилган кредитларни самарали ўзлаштириш, бизнесни, шу жумладан тўқимачилик тармоғидаги лойиҳаларни молиялаштиришни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Фаол мулоқот ва алмашинувларни давом эттиришга, жумладан, Тошкент шаҳрида бўлажак Хорижий инвесторлар кенгашининг учрашуви ва 2023 йилда Самарқанд шаҳрида ЕТТБ Бошқарувчилар кенгаши мажлисини ўтказишга биргаликда тайёргарлик кўриш борасида келишиб олинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг