Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Хоразм ва Қорақалпоғистондаги туз бўрони юзасидан изоҳ берди
Бугун, 31 май куни Ўзбекистон миллий матбуот марказида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан «2018 йилда сел-тошқин ва кўчки ҳодисалари билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан аҳолини ва ҳудудларни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган тадбирлар» мавзусида брифинг ўтказилди. Унда «Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали мухбири ҳам иштирок этди.
Дастлаб Фавқулодда вазиятлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Дадахонов маъруза қилди. У жорий йилда Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё ва Наманган вилоятларида юз берган кучли сел тошқинлари талофатлари ва уларга қарши ишлаб чиқилган чора-тадбирлар ҳақида гапирди.
Жорий йилнинг 27 май куни Хоразм ва Қорақалпоғистонда ноқулай об-ҳаво натижасида туз бўрони кузатилганди. Мазкур ҳодиса натижасида инсонлар соғлиғи ва экин-тикинлар хавф остида қолди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Самандар Ҳикматуллаев мазкур ҳодисага изоҳ берди:
— Қорақалпоғистон ва Хоразмда кузатилган мазкур ҳодисага Орол денгизининг қуриган ҳудудларидан кўтарилган туз бўрони сабаб бўлган. Экспертизадан ўтказилганда, бу туз таркибидаги моддалар ўсимликлар ва инсон соғлиғи учун жиддий хавф туғдирмаслиги аниқланди. Ушбу ҳодиса оқибатларини бартараф этиш учун керакли чораларни кўраяпмиз. Улардан бири эски денгиз ўрнида саксовуллардан иборат «яшил белбоғлар»ни ташкил этиш, шу орқали экологик фалокат хавфини камайтиришдир. Бундан ташқари мазкур ҳудудда тадқиқотлар олиб бориб, аҳолини тузли бўрон ва шунга ўхшаш ҳолатлардан огоҳлантириб турамиз. Аҳоли орасида тушунтириш ишлари ҳам олиб борилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter