2 йиллик «суд иши»дан сўнг «Ўзбекистон почтаси» айбсиз деб топилди
Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекцияси ҳамда «Ўзбекистон почтаси» АЖ (UzPost) ўртасида давом этган суд ишларининг навбатдагиси компания фойдасига ҳал бўлди.
2025 йилнинг октябрида «Xabar.uz» икки идора ўртасида давом этиб келган можарони ёритган ва унда Тошкент шаҳар маъмурий судининг тафтиш инстанцияси инспекция фоидасига қарор қабул қилгани, бироқ суд қарорида айрим саволлар очиқ қолганини айтган эди.
Жорий йил 26 январ куни Олий суднинг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати аризачи томон – «Ўзбекистон почтаси» АЖнинг жавобгар Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекцияси фойдасига чиқарилган 2025 йил 26 сентябрдаги қарорни бекор қилиш ҳақидаги ишни кўриб чиқди.
2 йилдан ортиқ муддатдан буён давом этиб келаётган суд ишларининг қисқача хронологияси шундай: Тошкент туманлараро маъмурий судининг 2025 йил 1 июлдаги ҳал қилув қарори билан «Ўзбекистон почтаси» АЖнинг аризаси қаноатлантирилган ҳамда Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекцияси зиммасига жамиятда ўтказилган солиқ аудити текшириш материалларини қайтадан кўриб чиқиш ва қонунда белгиланган тартибда қарор қабул қилиш мажбурияти юклатилган.
Тошкент шаҳар маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2025 йил 6 августдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Тошкент шаҳар маъмурий суди тафтиш инстанциясининг 2025 йил 26 сентябрдаги қарори билан эса биринчи ва апелляция инстанцияси судининг қарорлари бекор қилиниб, янги қарор билан аризани қаноатлантириш рад этилган.
Эслатиб ўтамиз, бу ерда гап Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекцияси томонидан корхонада ўтказилган текширишдан сўнг қўшимча ҳисобланган 26,3 млрд сўм ҳақида кетмоқда.
Олий суднинг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати суд мажлисида ҳозир бўлган ишда иштирок этувчи шахслар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, тафтиш тартибидаги шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан биргаликда муҳокама қилиб, ўз хулосасини берди.
Унга кўра, солиқ инспекцияси томонидан жамиятга қўшимча солиқлар ҳисобланишига Литва (2 та), Нидерландия ва БАА давлатлари компаниялари билан тузилган хизмат кўрсатиш шартномалари бўйича расмийлаштирилган хизматлар Ўзбекистон ҳудудида амалга оширилган деб баён қилинганлиги асос қилиб келтирилган.
Бироқ, Солиқ аудити далолатномасида кўрсатилган хизматнинг батафсил тавсифи акс эттирилмаган. Жумладан, қаерда ва қандай хизмат кўрсатилганлиги асослантирилмаган.
Шартномаларга асосан тузилган почта хизматиҳисоб-китобларида почта сони, оғирлиги, тарифи ва суммаси келтирилган. Унда муайян хизмат кўрсатилганлиги ёки ташиш хизматлари амалга оширилганлиги назарда тутилмаган.
Бундан ташқари, далолатномада кўрсатиб ўтилган чет эл компанияларига жамият томонидан кўрсатилган хизматлар жўнатиш пункти ва (ёки) белгиланган пункт Ў збекистон ҳудудида жойлашганлиги сабабли ушбу кўрсатилган хизматлар миқдори текширув натижасида ноль ставка бўйича солиққа тортиладиган айланмалар миқдоридан олиниб, ҚҚС бўйича солиққа тортиладиган айланмалар таркибига қўшилиб қўшимча солиқ ҳисобланган.
Бироқ, солиқ текшируви материаллари хизматлар жўнатиш пункти ва (ёки) белгиланган пункт Ўзбекистон эканлиги фактлар билан асослантирилмаган.
Солиқ кодекси 238-моддаси 1-қисмининг 1-бандида реализация қилиш жойи Ўзбекистон бўлган товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланма (ҚҚС) солиқ солиш объекти эканлиги белгиланган.
Шунингдек, Солиқ кодекси 263-моддасининг 3-бандида ташишлар ягона халқаро ташиш ҳужжатлари асосида расмйилаштирилган тақдирда, башарти йўловчиларни, почтани ва багажни жўнатиш пункти ёки белгиланган пункти Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида жойлашган бўлса, йўловчиларни, почтани ва багажни ташиш бўйича хизматларни реализация қилиш чоғида ноль ставка бўйича солиқ солиш амалга оширилиши белгиланган.
Судлов ҳайъати, ўз навбатида, ушбу ҳолатларни текшириш, ҳақиқий ҳолатни аниқлаш мақсадида ишга Божхона қўмитаси ва Рақамли технологиялар вазирлиги мутахассисларини ҳам жалб қилган ва уларнинг хулосаларини олган.
Юқорида қайд этилган қонун нормалари ва баён этилган асосларга кўра, судлов ҳайъати солиқ инспекцияси томонидан қўшимча ҳисобланган солиқлар етарлича асослантирилмаган, шартномалар бўйича амалга оширилган хизматлар тўлиқ текширилмаган деб топди.
Шу тариқа Олий суднинг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати мазкур иш юзасидан Тошкент шаҳар маъмурий суди тафтиш инстанциясининг 2025 йил 26 сентябрдаги қарорини бекор қилди. Тошкент туманлараро маъмурий судининг 2025 йил 1 июлдаги ҳал қилув қарори ҳамда Тошкент шаҳар маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2025 йил 6 августдаги қарорларини ўз кучида қолдирди.
Шунингдек, жавобгар Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекциясидан «Ўзбекистон почтаси» АЖ фойдасига 1 млн 916,2 минг сўм суд харажатларини ундириш белгиланди.
Элбек,
Xabar.uz мухбири


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter