Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Агар ҳаё қил­масанг, хоҳлаган нарсангни қил» ёхуд зиёратни шоуга айлантираётганлар...

«Агар ҳаё қил­масанг, хоҳлаган нарсангни қил» ёхуд зиёратни шоуга айлантираётганлар...

Эртакларимиз одатда шундай якунланади: «Қирқ кечаю қирқ кундуз элга тўй бериб мурод мақсадларига етибди».

Гўёки азал-азалдан бу дунёда яшашдан мақсадимиз тўй кўриш, элга ош бериш ва шу орзуларгина бизни мурод-мақсадимизга етказади. Эртакларимиз бошқачароқ якунланганида бугун бошқачароқ яшаётган бўлармидик.

Юз йиллардан бери тўйлардаги исрофгарчиликлар ҳақида гапирилади. «Тўй ва таъзияға сарф қилинатургон оқчаларимизни биз, туронийлар, илм ва дин йўлиға сарф этсак, анқариб оврупойилардек тараққий этармиз ва ўзимиз-да, динимиз-да обрўй ва ривож топар. Йўқ, ҳозирги ҳолимизға давом этсак, дин ва дунёға зиллат ва мискинатдан бошқа насибамиз бўлмайдур». Маҳмудхўжа Беҳбудий, «Ойна» журнали, 1915 йил.

Бу куйиниб айтилган гапларга 100 йилдан ҳам ошиб кетди. Аммо ҳамон ўша исрофгарчилик. Худди исрофгарчилик, ким ўзарга дабдаба қилиш бўйича баҳона излаётгандекмиз. Озгина сабаб бўлса биз тўйлар қилаверсак, тўкиб сочаверсак... Энди Ҳаж, Умра зиёратларининг дабдабага, ҳатто шоуга айланаётганини нима дейиш мумкин. Ўша тўйларда, маъракаларда исроф қилаётганларни тартибга чақирадиганлар Ҳажга, Умрага бориб келган ҳожи онаю, ҳожиоталар бўлиши керак эмасми? 

«Буқа патир»дан тортиб «туя кўрпа»гача

Ижтимоий тармоқларда бир ҳамюртимиз шу кунларда ўзининг бошидан ўтган воқеани ёзиб қолдирди:

– Сингилжон, қудаларим эр-хотин Умрага бориб келишди, зиёратга бирга борайлик. Озроқ мазам бўлмаса ҳам опамнинг илтимосини рад қилолмадим, – деб ёзади ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири.

«Дамас»да икки кишига жой қолган экан холос, машина тоғораю қутиларга тўла.

– Таксини онлайн чақирсак бўлардию ҳайдовчи укамизни ҳам йўлдан қолдирибсиз-да, ҳойнаҳой дўконларига бозорлик қилиб кетаётган бўлсалар керак-а, укажон, дея ҳайдовчига савол бердим.

Ҳайдовчи мийиғида кулди-да опамга ўзингиз жавоб беринг, дегандай ишора қилди:

– Вой содда синглимей, булар ҳаммаси қудаларимга ва куёвимга атаб олинган, ахир Аллоҳни байтини зиёрат қилиб келишадию мен қуруқ борсам уят бўладия.

– Опажон, тўй эмаску, ўзи нималар олдингиз?

– Битта саватда «буқа патир», биттасида ширмон нон, биттасида қўқон патир, бир тоғора сомса, бир тоғора норин, бир тоғора шашлик олдим ва яна қудаларимга бошдан оёқ сарпо, куёв ҳам ўксимасин деб бошдан оёқ сарпо, анави иккита «туя кўрпа» қайнсингилларига олдим.

– Опа, ҳаммаси анча пул бўлади-ку, шартми шунча дабдаба, ахир тўй қилмаяпти-ку бу қудангиз?

Опам бирданига жиддийлашди, кўзларида қайғу аломатлари акс эта бошлади:

–  Сен ўйлайсанки, мен буларни ўз ихтиёрим билан қилаяпман? Қудам умрага кетишдан аввал қизимга бир неча бор қўшнисининг қудаси умрадан қайтганда олиб келган нарсаларини писанда қилган:

– Мана биз ҳам кетаяпмиз, онангизга тайинланг, бизни қўшниларнинг олдида хижолат қилиб қўймасинлар, хўпми қизим, деб тайинлаган.

Энди пул кетса ҳам қизимиз тинч ўтирса бўлди, деб поччанг икковимиз урушиб-талашиб шуларни қилдик-да.

Опамнинг ҳолатларини кўриб ўтган йили турмушга берган қизимга ҳайитлик тоғорасини жўнатганимдаги воқеа эсимга тушди:

«Эй Роббим, ишқилиб қудам Умрага бормай турсин, ҳеч бўлмаганда ўғлим катта бўлиб пул топадиган бўлганда борсин».

«Риё қилмасликка ваъда қилинг»

Умра зиёратидан қайтган айримлар хайрли ишларда ибрат бўлиш ўрнига, кутиб олишдаги исрофларга яқинда Муфтий Нуриддин Холиқназаров муносабат билдираркан шундай деди:

«Муҳтарам Умранинг ниятида юрган ҳожи она, ҳожи оналаримиз... Агар Аллоҳ таолло мени Каъбатуллоҳ тавофига мушарраф қилса, ёки Пайғамбаримиз Муҳаммад С.А.В. равзаларига бориб намоз ўқишни, ул зотнинг қабрларига қараб саловат-у саломлар айтиш бахтини берса, ушбу ибодатдан қайтиб келганимдан кейин ҳеч қандай риё қилмасликка, исроф қилмасликка, балки ҳеч бўлмаганда икки камбағал оилага қўлдан келганча яхшилик қилишга Аллоҳ насиб қилсин, деб ваъда қилинг.

Агар йилда 70 минг нафар одам Умрага бораяпти десак, ҳозирга қадар 40 мингга яқини борди. Агар ҳар бир 40 минг киши иккитадан камбағал оиланинг бошини силаса, 80 мингта оиланинг хонадонига бахт кириб боради.

Сиз ўзи Умрадан келгандаги тадбир-у маросим, исрофгарчилик, риё, хўжакўрсин маросимга кетадиган харажатни иккита камбағал оила боласининг мактаби учун, таълими учун берсангиз эди. Ёки боласини даволатиш учун, ота-онасини даволатиш учун дори излаётган одамга берсангиз эди. Бугун топгани ошга, нонга етиб, зўрға яшаётган азизларнинг хонадонига ўша хурсандчиликни киргазганингизда эди, унинг савоби бу дабдабабозликдан чандон-чандон кўп бўлар эди».

Бидъат... шунча бўлурму ҳай-ҳай

Инсон фантазиясининг чек-чегараси йўқ. Бугун фантастик хаёл-орзуларнинг чексизлиги боис инсоният ҳатто коинотни забт этиш остонасида турибди. Аммо яна афсус надоматлар бўлсинки ҳамюртларимиз бугун турли-туман бидъатларни ўйлаб топиш бўйича чегарасиз фантазияга берилмоқда. Холис Aллоҳ учун қилинадиган амалларда исрофгарчилик, ортиқча дабдаба янаям ачинарлиси турли бадъатлар урчигандан урчимоқда. Бу ҳолатларни кўриб шунчаки ачинмайсан, балки йиғлагинг келади. Мана куни кеча ижтимоий тармоқларда Умра зиёратини адо этиб келган аёлни кутиб олишда унинг қадами остига шолчалар, кийимлар тўшалгани, ёш болани зиёратчининг оёғи остига бостирилиши акс этган видеолавҳа турли муҳокамаларга сабаб бўлди.

Ҳолатга Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази муносабат билдирди: «Ҳақиқатан, Умра ибодатига бориб келаётган айрим зиёратчилар ва уларнинг яқинлари билган ёки билмаган ҳолда риёкорликка йўл қўйиши кузатилмоқда. Баъзи ҳолларда Умра сафаридан келганларни дабдаба-ю асъаса ила кутиб олиш, кўча бошидан поёндозлар солиш ҳолати кўпаймоқда. Бу кабилар динимизга мутлақо зид бўлиб, ундай ишларни қилаётганлар ўта жоҳил ва нодон кишилардир. Эҳтимол, бу ишлари билан улар ўзларининг Аллоҳнинг байтига бўлган эҳтиромларини ёки уни тавоф қилиб келган кишига нисбатан ҳурматларини ифодаламоқчидирлар. Лекин, ибодатга ҳурмат-эҳтиром бу тарзда намоён қилинмайди. Аксинча, бу риёкорлик ва оғир гуноҳ». Шу топда ўйланасан, наҳотки мана шу амалларни бажараётган инсонлар Қуръонни ўқимаган, диндан илми йўқ. Бир бет Қуръон ўқимаган бўлса нега боради? Унинг шу амални бажаришга маънавий ҳаққи борми? Агар Қуръонни ўқиган бўлса Аллоҳ таоло Қуръони каримда қаттиқ ва қатъий (!) қоралаган: «Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Зеро, У исроф қилгувчиларни севмас», дея қилган марҳаматининг нега мағзини чақмайди! (Аъроф сураси 31-оят).

Туғруқхонадан то қабргача дабдаба

«Бешикдан то қабргача илм изла», деган ҳикматни одамларимиз унутганига анча бўлган шекилли. Эътибор берсангиз чақалоқни туғруқхонадан олиб чиқишдан бошлаймиз дабдабани... Бугун болаларини туғруқхонадан ҳеч қандай дабдабасиз олиб чиққан саноқли одамларнинг фарзандлари хорижда таҳсил олмоқда, кашфиётлар қилмоқда. Чунки унинг ота-онаси инвестицияни кераксиз дабдабага эмас болаларининг ўқиши, илм олишига киритган.

Бугун қони кам келинига новвот олиб бериш ўрнига чақалоқни  туғруқхонадан дабдаба билан олиб чиққан ота-оналар ҳажгаям бориб келиб, дабдабани, шоуни Ҳаж маросимига боғлаб давом эттирмоқда. Унинг неваралари учун, репититорига, китобига, илм олишига пул йўқ. Инвестиция хўжа кўрсинликка, тўйларга маъракаларга тикилмоқда. Алал-оқибат эрта, илм олмай узатилган қизлар, камқон келинлар аламзада, ҳунар ўрганмаган йигитлар четда қора ишчи – оилалар пароканда. Хўш, биз қачондан бери дабдабага ўч, хўжакўрсинга, кимўзарга мойил, исрофга муккасидан кетадиган бўлиб қолдик, деган саволни кўп эшитамиз. Аччиқ ҳақиқат шу: биз юз йил олдин ҳам шундай бўлганмиз...   

Жигардан риёкорлик устунми?

Яқинда бир қиз жигар циррози бўлганини, на донор на маблағ томолмаётганини ёзди. Одамлар озми-кўпми маблағ йиғишди. Аммо маблағ етмади шекилли у аёлнинг ҳалиям соғлиғи билан боғлиқ муаммоси бартараф бўлгани йўқ. Ҳар сафар уколлар қийнаётганини, тезроқ операция ўтказилиб жони ором олишини истайди. Аммо яқинда бир пост қўйди: Онасини ака-укалари йиғилиб Умрага жўнатишаётган экан... Очиғи ака-укаларга ва онага ҳайрон қолдим. Наҳот жон-жигарининг соғлиғидан ҳам кўра Умрага ташриф муҳим бўлса. Пайғамбар алайҳисса­лом: «Агар ҳаё қил­масанг, хоҳлаган нарсангни қил», деганлар (Имом Бухорий ри­вояти).

Амали хабатага айланганлар

Бир инсон ижтимоий тармоқлар орқали «Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъатига шундай савол билан мурожаат қилди: – Ассалому алайкум! Сўнгги пайтларда Ҳаж амалини бажариб қайтган ҳожиларимизни кутиб олиш учун йиғинлар анча дабдабали тус олмоқда. Видеочи, фотоаппаратчи, оформления, 150-200 кишилик йиғин, ҳаммага совға-салом тарқатиш ва ҳоказолар. Бу каби ҳаракатлар тўғрими? Аслида Ҳаж амалини қилиб қайтгач, нималар қилиш керак? Жавоб учун олдиндан раҳмат.

– Валлайкум ассалом! Ашраф Алий Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Ҳаждан келган бир кишининг зиёратига кирдик. Шунда у хизматчисига: «Аввалги сафар олиб келган зам-замдан олиб чиқ» деди. Аслида аввалги, кейинги келган зам-замнинг таъмида ҳеч қандай фарқи бўлмайди. У киши бу гаплари билан мен икки марта Ҳажга борганман, деб фахрланмоқчи бўлди. Бечора бундай гаплар билан амали хабата бўлишини билганида эди» деганлар. Шайх Саъдий Шеърозий раҳматуллоҳи алайҳ: «Бир кун карвонсаройда қолдик. Отам билан мен кечаси билан намоз ўқиб чиқдик. Ҳамроҳларимиз эса субҳгача ухладилар. Шунда мен: «Уларни ҳам туни ўтди, бизнинг ҳам тунимиз ўтди. Биз ибодат қилдик улар қилмади» деган эдим отам: «Ҳай болам-а, улар ухлаб роҳат олишди, сен эса уйқудан ҳам қолдинг, ибодатнинг савобидан ҳам маҳрум бўлдинг» дедилар. Ҳаким Ахтар раҳматуллоҳи алайҳ : «Ибодат буғдой экинига ўхшайди, уни экиб, йиғиб, териб олиш бир машаққат бўлса сичқон-каламушга едирмай сақлаб олиш ҳам бир машаққат. Яъни инсон бир ибодатни қилиш учун вақт сарфлайди, харажат қилади, меҳнат қилади, уни адо қилгач савобини сақлаб қолиш ҳам бир машаққатдир. Риё, хўжакўрсин, хўжа эшитсин, миннат қилиш, у ибодатни қилолмаганларни ҳақир санаш ва ҳоказолар ибодатнинг савобини хабата қилиб юборади» деганлар. 

Умра сафарини амалга оширганларнинг барчаси мўминми?

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг «Мўминнинг Умра сафари» китобини варақлаймиз: «Ҳаж сафарига отланган киши яна нималарга эътибор бериши керак? Аввало, аҳли аёли ва яқин кишиларини тақвога буюрсин. Яъни, Аллоҳнинг амрларига бўйсуниб, қайтарганларидан қайтишга чорласин. Қилаётган Ҳаж ибодатидан Аллоҳнинг розилигини ва охиратининг ободлигини кўзласин. Дунё ва унинг зийнатларини, риёкорлик, ном чиқариш, фахрланиш каби нарсаларни зинҳор хаёлига келтирмасин. Акс ҳолда барча қилган саъй-ҳаракатлари беҳуда кетади»...

Яна ижтимоий тармоқларга юзланамиз: Мана яна бир ота ўғлининг тирикчилиги бўлган, кира қиладиган машинасини сотиб зиёратга отланибди, ўша постга ёзилган изоҳларда айтилишича келин, ўғил, невараларнинг ризқи қийилиб зиёратдан қайтиб келиши учун қилинадиган «тўйча» учун харажатни ҳам омборга қулфлаб кетаётган эмиш. Яна кўзимиз тушади: бир ҳожи ота уйига ясатилган туяда кириб келаяпти, яна давом этамиз: қип-қизил тўшалган поёндоз, лойга тўшалган янги гилам, ҳар ёнга осилган зиёратчининг суратлари, ҳар куни алмаштирилган ҳожи онанинг оқ пайпоғини кўзига суртиб, табаррук билиб фахр билан кияётган оломон...

Буларнинг чегараси борми, олимлар кеча-кундуз дунёни яхшилаш, экологик хавфни камайтириш, ҳайвонот ва наботот оламини қутқариш, иқтисодий инқирознинг олдини олиш учун ухламай тонг оттираётган, инсоният ҳаётини енгиллатиш учун қайғураётган бир пайтда нега бизда турли дабдабаю асъасага ўчлик кучайиб кетаяпти?

Хўш, шу риёкорликлардан, бидъатдан, мақтанчоқлик, дабдабабозликдан кейин зиёратчилар ўзларини мўмин дейишга маънан ҳақлими???

Барно Султонова тайёрлади

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг