Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Андижонлик ички ишлар ходимининг зўравонлиги ўрганилмоқда — Бош прокуратура (видео)

Андижонлик ички ишлар ходимининг зўравонлиги ўрганилмоқда — Бош прокуратура (видео)

Жасурбек Ҳамроқулов.

Фото: «Daryo.uz»

Кеча ички ишлар ходимининг зўравонлигига оид яна бир хабар тарқалди. «Daryo.uz»га кўра, фуқаро Жасурбек Ҳамроқулов Андижон шаҳар 6-сон ИИБ профилактика инспектори Сардор Абдуманнопов томонидан калтакланган.

Жасурбек Ҳамроқулов. Фото: «Daryo.uz»

Воқелик 2019 йилнинг 11 сентябрь куни кечки пайт содир бўлгани айтилади. Шу куни  танишининг туғилган кунини Андижон шаҳридаги  қаҳвахоналарнинг бирида нишонлаган Ж.Ҳамроқулов кетар пайтда шу ердаги мижозлардан бири (аёл) билан тортишиб қолади. Томонлар ўша жойнинг ўзидаёқ келишиб, ўзаро узр-маъзур қилиб турганида икки нафар ички ишлар ходими кириб келади. Улардан бири Ж.Ҳамроқуловга «Эй бола, олдимга кел», дейди... Икки ўртада гап қочгач, ИИБ ходими: «Сен «борзий» экансанми, ҳақингни талаб қиладиган», дея Жасурнинг қўлларини  қайириб олди. «Ички ишлар ходими бунақа қилиши мумкин эмас, кўпчиликка томоша бўлмасдан ҳар қанча гап бўлса, ИИБ бўлимига борайлик», дейди ўз навбатида Ж. Ҳамроқулов.  «Сен билан қанақа гаплашиш кераклигини кўрсатиб қўяман», деган  ички ишлар ходими йигитни «Дамас»га босиб, бўлимга олиб кетади.

Машмашанинг каттаси Андижон шаҳар ИИО ФМБ  6-сонли ички ишлар бўлинмасида юз беради. ИИБ ходими шу ерда Жасурбек Ҳамроқуловни «Дамас»ни пана қилиб аёвсиз калтаклайди. Айни ҳолат ИИБнинг бошқа ходимлари кўз ўнгида юз берадики, улар ҳамкасбининг «полвонлиги»ни кузатиб туришдан нарига ўтишмайди. Ушбу манзара кузатув камерасига муҳр этилган бўлиб, тасвирлар ҳам ўқувчилар эътиборига ҳавола этилган.

Эътиборлиси шундаки, воқелик ўтган йилнинг сентябрь ойида юз берган бўлса-да, ҳалигача ўз ҳуқуқий ечимини топмаган. Жабрланувчига кўра,  яқинда  у Андижон шаҳар прокуратурасига чақирилган. Борса, терговчи унга нисбатан (ИИБ ходимига эмас!) Жиноят кодексининг 219-модда билан («хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига фаол қаршилик кўрсатиш») жиноят иши қўзғатилганини айтиб,  адвокат билан келишини  тайинлайди...

...«Xabar.uz» воқелик юзасидан Бош прокуратура  билан боғланди. Маҳкама матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг жавоби одатдагидек қисқа бўлди: «Айни пайтда ҳолат прокуратура томонидан ўрганилмоқда. Ўрганиш якунларига кўра қўшимча ахборот берилади».

Кутамиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг