Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Беморнинг ҳаёти муҳимми ёки «кимнингдир» ҳурмати?

Беморнинг ҳаёти муҳимми ёки «кимнингдир» ҳурмати?

Фотоколлаж: «Xabar.uz»

Албатта бемор ҳаётида, йўқса, шифокорнинг оппоқ либосга бурканиб юришида не маъно, дерсиз?! Тўппа-тўғри. Бироқ Тошкентдаги 7-сонли шаҳар клиник шифохонасида бунинг тескариси кузатилаётганига нима дейсиз?! Яна денг, мазкур даргоҳнинг хирургия бўлимида! Хирургия, яъники, жарроҳлик — тиббиётнинг энг нозик (кўплар энг «соққалик» дейишади) тизими ҳисобланади. Таъбир жоиз бўлса, операция хонасини «икки дунё чегараси» дейиш мумкин. Бу жараёндаги кичик хато оғир оқибатларга олиб келиши ҳеч гапмас. Катта-кичик хатолар эса наинки жарроҳнинг малакасизлиги ёки эътиборсизлиги, балки ички муҳит таъсирида ҳам юз бериши эҳтимоли йўқ эмас.

Бугун шаҳар 7-сонли клиник шифохонаси хирургия бўлими ички муҳитида таранглик ҳукмрон. Бунинг сабаби эса эски ва янги авлод жарроҳлари ўртасидаги муносабатларга бориб тақалади. Муносабатки, «эскилар» эскича ишлаш тарафдори, «янгилар» эса янгича...

Хирургия бўлимига айни  пайтда етмиш бешни уриб қўйган Мудир раҳбарлик қилиб келмоқда. Йигирма йилдан буён! Унинг исми-шарифини очиқлашдан тийилдик. Аввало, кексалиги ҳурмати, бунданам муҳими – шу ёшида оммавий ахборот воситасида овоза бўлган одамнинг қуда-анда, набира-абиралар олдидаги ҳолатини кўз олдимизга келтирдик... Ёқимсиз-да жуда. Ҳамкасб-у шогирдлари олдида-чи, дейсизми? Сабр қилинг, саволингизда қуйида жавоб бор. Қолаверса, гап Мудирнинг ўзидагина эмас-да.

Хуллас, Мудир ва шу бўлимда фаолият кўрсатаётган ёш жарроҳлар ўртасидаги муносабатга аллақчон дарз кетган. Сабаби, юқорида қисман айтдик, оддий ва... жиддий! Мудирдан ёш салафлар норозилигини шундай ифодалайди: «...йигирма йилдан буён шу даргоҳда фаолият кўрсатаётганига қарамай, на жарроҳликда ўзига яраша мактаб яратди, на малакали шогирд чиқарди. Соҳадаги янгиликларга қатъиян қаршилигини айтинг... Ёш, истиқболли мутахассислар йўлига тўғаноқ бўлавериб, жамоада салбий муҳит шаклланишига сабабчи бўлиб келмоқда...».

Айбловлар залворини кўриб турибсиз. Хўш, улар қанчалик асосли?

Тиркалаётган айбловларнинг ҳар бирига алоҳида тўхталиб ўтишга ҳожат йўқдай. Инсон борки, ўзаро муомала-муносабатларда турли тушунмовчилик ёки муаммо пайдо туғилиши табиий. Икки ўртадаги адоват шундай пайдо бўлишини биласиз. Адоват эса холисликка путур етказиши аниқ. Шу маънода норозиликлардаги шахсийроқ аҳамият касб этадиган нуқталарини нари суриб, бевосита умумаҳамият касб этадиган ўринларига эътибор берган маъқул. Шулардан биттасини олайлик, шунинг ўзи ҳайрат бармоғини тишлаш учун кифоя: «...Соҳадаги янгиликларга қатъий қарши».

Бу нимада кўринади?

Бўлимнинг ёш жарроҳлари, айниқса, Мудирнинг беморларга «лапаротомия операцияси ўтказиб ташхис қўйиш» амалиётидан ҳамон воз кечмаётганини ҳазм қилолмаяпти. Бу қорин бўшлиғида қаттиқ оғриқ сезган бемор (қорни)ни ёриб (!), шундан кейингина тегишли ташхис қўйилаётганини англатади. Эътибор беринг, бемордаги касаллик аниқланиб, шундан кейингина тиғ теккизилаётгани йўқ. Аксинча, ташхис қўйиш учун қорин бўшлиғи жарроҳлик йўли билан очилмоқда! Яъники, ташхис ҳали олдинда. Шунинг ўзи беморнинг бор-йўқ соғлиғи баттар бўлиши эҳтимолини оширади. Касаллик аниқлангач, жарроҳликнинг кейинги босиқчи бошланади. Касаллик аниқланска-ку, хўп-хўп, аниқланмаса-чи? Беморнинг қорни беҳуда ёрилгани қолади, холос. Ҳар қандай ҳолатда ҳам «кесилган» бемор тикланиши учун узоқ вақт муолажа олиши зарур. Бу эса, табиийки, ортиқча зарар деганидир: давлатгаям, беморгаям, унинг қимматли соғлиғигаям...  

Ҳамма бало шундаки, беморга тиғ теккизмай ташхис қўйиш имконияти бор. Шифохонага Лапарскопия ускунаси  келтирилганига анча бўлган. Уни ишлатишнинг ҳадисини олган мутахассислар ҳам етарли (улар орасида  хорижда малака ошириб келганлар ҳам бор ҳатто!). Бу шундай ускунаки, беморга тиғ теккизилмай ташхис қўйиш имкониятини беради. Ҳеч ким ортиқча риёзат чекмайди, соғлиққа жиддий зарар етиши хавфи йўқ, қўшимча чиқимлар ёнга қолиниши-ку айтманг...

Мудир эса тиш-тирноғи билан ўша ускуна орқали ташхис қўйишга қаршилик қилиб,  беморларнинг қорнини ёришни афзал билиб келмоқда. Ва буни уддалаяпти ҳам.

Булар шунчаки гап эмас. Айни ҳолат ўз вақтида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош хирурги, тиббиёт фанлари доктори М.Акбаров томонидан ўрганилиб, тегишли хулоса берилган. Хулоса мазмуники, Мудир замонавий ташхис ҳамда даволаш технологиялари қўлланишига қатъий тўсқинлик қилаётгани рост, натижада жарроҳликнинг анъанавий йўналиши давом этмоқда. Нима қилмоқ керак? Шифохонанинг хирургия бўлимидаги кадрлар масаласини қайта кўриб чиқилмоғи, биринчи навбатда, Мудирни алмаштириш масаласини ҳал этиш шарт!

Амалда нима бўлди? Ҳаммаси аввалгидек давом этмоқда. Тайёр замонавий ускуна турганига қарамай, беморларнинг қорни ёрилиб, кейингина ташхис қўйилмоқда, айни жараёнда шифо излаб ўз оёғи билан келган одам тобутда чиқиб кетишидек фожеалар ҳам йўқ эмас (бу энди алоҳида мавзу). Шу етмаганидай, биз билан суҳбатлашган мутахассиснинг айтишича, касаллик тарихини тўлдиришда ҳам жуда жиддий камчиликлар мавжуд. Жумладан, юридик ҳужжат ҳисобланган беморнинг касаллик тарихини ёш шифокорлар ёзса-да, унда «катта» жарроҳ кўриги кўрсатилса-да, унинг на имзоси, на ўз қўли билан ёзган кўриги йўқ?! Савол туғилади: беморни жарроҳ кўрганми  ўзи?           

Республика бош хирургининг хулосаси эса муаллақ қолган.

Бу нима деган гап, ахир?!

Инсон ҳаёти муҳимми ёки Мудирга бўлган кимларнингдир ҳурмати? (Дарвоқе, «ҳурмат» ҳақида. Шифохона жарроҳлик бўлимининг аксарият мутахассислари Мудирдан норози бўлиб шикоятлар ёзаётгани ҳам унга нисбатан  «ҳурмат»ни  билдириб турибди, аслида. Энди Тошкент давлат Педиатрия институти талабаларини қаранг: Мудирнинг  юриш-тутиши уларнинг ҳам алоҳида «эътиборига» сазовор бўлибдики, унинг операция хонасида бемалол сигарет тутатиб(!) ўтирганини телефонга «нақш» этишибди, шоввозлар! Бунчаликмас-да энди?!)

Тиббиётга давлат томонидан берилаётган алоҳида эътибор, соҳага ажратилаётган миллиардлар, замонавий технологияларини жорий этиш ҳақида тинимсиз гапирилаётганига қарамай, 7-сонли Тошкент клиник шифохонаси хирургия бўлимида ҳамма нарса эски ҳаммом – эски тос шаклида қолаётганининг боиси не?

Бундай турғунликнинг қуввати нимага ёки кимларга бориб тақалади?       

Мардона тан олсак, мамлакатимизда тиббиёт тизими ўта ривожланиб кетганича йўқ. Шу баробарида тараққиётнинг қуйруғида қолган дейиш ҳам қийин. Ҳар ҳолда силжиш бор, бахтга қарши, бир жойда депсиниш ҳам. Депсиниш силжишдан кўра кўпроқ экани ростдирки, буни қанчадан қанча малакали кадрларимиз четга «сурворгани» ҳам кўрсатиб турибди. Бугун уларни  қайтариш қанчалар қийин бўлаётгани кимга сир?!

Мазкур шифохонадаги депсиниш ҳам ёш, умидли жарроҳларнинг «мажбурий ҳижрати»га сабаб бўлмаслигига кафолат борми?

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг