Болаларга шафқатсиз муносабат акс этган видеолари тарқалган боғча ёпилди
Тошкент туманлараро иқтисодий суди «Rayyan Kids Group» хусусий боғчасининг юридик шахси ҳисобланган «Rayyan Kids Land» оилавий корхонасига берилган нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш лицензиясини бекор қилди. Суд қарори Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг даъво аризаси асосида қабул қилинди.
Суд материалларига кўра, ташкилотга лицензия 2025 йил 13 август куни берилган. Иш кўриб чиқилгандан сўнг лицензияни бекор қилиш ҳақида қарор чиқарилди.
Раислик қилувчи судья томонларга қарорнинг мазмун-моҳияти, уни апелляция тартибида шикоят қилиш муддати ва тартибини ҳам тушунтирди.
Боғча фаолиятига оид баҳслар июл ойи бошида ижтимоий тармоқларда тарқалган видео ортидан бошланган эди. Кадрларда тарбиячининг болаларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлгани акс этган.
Хусусан, видеода бир боланинг оғзига мато тиқилгани, яна бир тарбияланувчининг қўли эшикка қисиб қўйилгани кўринган. Ушбу ҳолат кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди.
Видео тарқалганидан сўнг Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вазиятни назоратга олганини маълум қилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва мутасаддилар иштирокида махсус ишчи гуруҳ тузилди.
Тошкент шаҳри ИИББ маълумотига кўра, 36 ёшли тарбиячи тарбияланувчиларга нисбатан мунтазам равишда жисмоний куч ишлатган ҳамда уларга шафқатсиз муносабатда бўлган.
Болаларга етказилган тан жароҳатлари даражасини аниқлаш учун суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Шунингдек, Учтепа тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 110-моддаси — «Қийнаш» бўйича жиноят иши қўзғатилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter