Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Бу борада Ўзбекистон Осиёда биринчи ўринда...» – Германия элчиси

«Бу борада Ўзбекистон Осиёда биринчи ўринда...» – Германия элчиси

Германиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Тило Клиннер.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бугун,  4 ноябрь куни Тошкент давлат ииқтисодиёт университетида анъанавий олмон тили ўқитувчиларининг 14-анжумани бошланди. Маърифий тадбирда Германиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси, ҳуқуқшунослик фанлари доктори Тило Клиннер нутқ сўзлади. Дипломат Ўзбекистон олмон тилини ўрганувчилар сони бўйича Осиёда 1-ўринда эканини мамнуният билан қайд этди ва мазкур тилни ўргатишни янада такомиллаштириш лозимлигини уқтирди.

Германия элчисининг маълум қилишича, яқинда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов билан бўлиб ўтган учрашувида малакали ишчиларнинг иммиграцияси қонунига алоҳида қизиқиш ҳамда бу борада ҳамкорлик истаги билдирган. Дипломат бу ҳам олмон тилини ўқитишни жадал ривожлантиришни тақозо этувчи омил эканини таъкидлади.

Маълумотларга қараганда, ҳозирда Ўзбекистондаги 1600 мактабнинг 300 мингдан зиёд ўқувчиси олмон тилини ўрганмоқда. 10 та мактабда олмон тили чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади. 6 та ўрта таълим мактаби эса олмон тили бўйича диплом (DSD) бериш ҳуқуқига эга. Олий ўқув муассасаларида мазкур тилни ўрганаётганлар сони 19 мингни ташкил этади. Ҳозирда олмон тилини боғча, мактаб ва университет босқичларида, узлуксиз равишда ўқитишга эътибор қаратилмоқда.

Элчи Тило Клиннер, ТДИУ ректори Қўнғиротбой Шарипов ва тадбир меҳмонлари. Фото: Германия элчихонаси матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, олмон тили ўқитувчиларининг 13-анжуманида ҳам таълимни такомиллаштириш масалалари муҳокама этилган эди. Ўшанда Ўзбекистон халқ таълими вазири биринчи ўринбосари Алишер Умаров айни пайтда мактабларда олмон тили таълимини кенгайтиришга жиддий эътибор қаратилаётгани, негаки, илм-фан ҳамда юксак технологиялар ватани бўлмиш Германиядан Ўзбекистон кўп жиҳатларни ўрганиши мумкинлигини таъкидлаган эди.

Германия Европа Иттифоқи давлатлари орасида Ўзбекистоннинг асосий савдо-иқтисодий ҳамкори саналади. Кейинги йилларда мамлакатлар ўртасидаги савдо айланмаси қарийб 60 фоизга ўсди. Ўзбекистонда Германия сармояси иштирокидаги 190 дан зиёд корхона фаолият юритмоқда. MAN, Claas, Knauf, Papenburg, Volkswagen, Viessmann, Siemens, Bosch каби машҳур олмон ширкатлари билан лойиҳалар амалга татбиқ этилмоқда. Ўсиб бораётган савдо-иқтисодий муносабатларда, шубҳасиз, тил омили ҳам муҳим ўрин тутади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг