Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Бу курашда мағлуб бўлишга ҳаққимиз йўқ!» – Нобель мукофоти соҳиби Мария Ресса «Xabar.uz» мухбирига қисқа интервью берди

«Бу курашда мағлуб бўлишга ҳаққимиз йўқ!» – Нобель мукофоти соҳиби Мария Ресса «Xabar.uz» мухбирига қисқа интервью берди

Мария Ресса.

Фото: «Xabar.uz»

Бугун ижтимоий тармоқларда ғазаб ва нафратга тўйинган ёлғон маълумотлар фактларга қараганда тезроқ тарқалмоқда ва жамоатчилик онгини чирмовуқдек ўраб олмоқда. Бу ҳақда Нобель мукофоти соҳиби, филиппинлик таниқли журналист Мария Ресса Германиянинг Бонн шаҳрида бўлиб ўтаётган, оммавий ахборот воситалари муаммоларига бағишланган халқаро илмий-амалий анжумандаги (Global Media Forum) маърузасида таъкидлади, деб хабар бермоқда ушбу тадбирни бевосита ёритаётган «Xabar.uz» мухбири.

DW томонидан, Германия ташқи ишлар вазирлиги кўмагида ташкил этилган анжуманда дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакати вакиллари қатнашмоқда. Унда уруш, инқироз ва табиий офатлар шароитида журналистиканинг келажаги муҳокама этилмоқда.

Тадбир мезбони – DW бош директори Петер Лимбург. Фото: «Xabar.uz»

«Агар қўлингизда фактлар бўлмаса, ҳақиқат юзага чиқмайди. Агар ҳақиқат юзага чиқмас экан, демак, жамоатчилик ишончини ҳам қозона олмайсиз. Жамоатчилик ишончисиз эса на демократия қарор топади ва на иқлим ўзгариши, коронавирус, дезинформация каби муаммоларга қарши курашиш мумкин», – деди Мария Ресса ўз маърузасида.

Таниқли журналистга кўра, бугунги кунда бутун дунёда оммавий ахборот воситалари олдида жамоатчилик, кенг омма ишончини қайта қозонишдек масъулиятли вазифа турибди.

М.Ресса ўз чиқишида ижтимоий тармоқларда кузатилаётган хавфли тенденцияларга ҳам тўхталди. Қайд этилишича, йирик ижтимоий тармоқлар маъмурияти ҳамда айрим оммавий ахборот воситалари таҳририятлари фойда, моддий даромадни кўзлаб юксак мезонлардан чекинмоқда. Бу эса виртуал оламда радикаллашув, фойдаланувчиларнинг турли қутбларга бўлинишига олиб келмоқда.

Филиппинлик журналист ўз чиқишида ёлғон ҳақиқатдан кўра бир неча ўн баробар тезроқ тарқалаётганига эътибор қаратди. Бу жиҳатдан унинг хавотирли фикрлари «Ҳақиқат шиппагини кийгунча ёлғон дунёнинг ярмини айланиб чиқишга улгуради» деган нақлни ёдга солади.

Нобель мукофоти соҳиби ахборий майдонда кечаётган курашларни атом бомбаси портлаганидан кейинги даҳшатларга муқояса қилди.

«Бизнинг ахборий экотизимимизда гўё кўринмас атом бомбаси портлади. Энди дунё аҳли Хиросима фожиасидан кейин қандай йўл тутган бўлса, шундай ҳаракат қилиши керак», – деди у. 

Таъкидланишича, бугунги паллада журналистлар ахборий экомуҳитни тоза сақлаш, бой берилган ишончни қайтариш ва пировардида омма нафратини муҳаббатга айлантиришдек вазифаларни уддаламоғи даркор.

М.Ресса ҳозирги шароитда технологик компаниялар фаолиятини тартибга солувчи қонунчиликни кучайтириш лозимлигини таъкидлар экан, мутараққий давлатларни мустақил ОАВни қўллаб-қувватлашга кўпроқ молиявий кўмак ажратишга ундади.

«Xabar.uz» мухбири анжуман доирасида М.Ресса билан учрашишга муваффақ бўлди.

«Бугун бутун дунёда ҳақиқат ва ёлғон ўртасида беаёв кураш кетмоқда. Ҳозирги масъулиятли паллада ҳар бир журналист ўз-ўзига ҳақиқат рўёби йўлида нимадир қурбон қилишга тайёрманми дея савол бериб кўриши керак. Аминманки, Ер ҳали ўз ўқидан чиққани йўқ. Биз – журналистлар шараф ва матонат билан ростгўй журналистикани давом эттира оламиз деган умиддаман. Зотан, бу курашда мағлуб бўлишга асло ҳаққимиз йўқ», – дея мулоҳазалари билан бўлишди таниқли журналист.

Эслатиб ўтамиз, Мария Ресса 2021 йилда «Новая газета» (Россия) бош муҳаррири Дмитрий Муратов билан биргаликда тинчлик бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлган.

Бонн шаҳрида бошланган халқаро анжуман доирасида бугун ҳам «тўртинчи ҳокимият» фаолиятини глобал дунё талабларига мувофиқлаштиришга доир масалалар муҳокамаси давом этади.

Анжуман тарихий маскан – ГФРнинг собиқ парламент биносида ўтмоқда. Фото: «Xabar.uz»

Аввал хабар берганимиздек, Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок глобал медиафорум иштирокчиларига йўллаган мурожаатида сўз эркинлиги қадрияти йўлида жасорат ва юксак эътиқод намунасини кўрсатаётган журналистларга миннатдорлик билдирган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг