Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бухоро ҳокими: «Бир йилга кечикдик...»

Бухоро ҳокими: «Бир йилга кечикдик...»

Фото: Xabar.uz

Бундан роппа-роса бир йил илгари Бухоро шаҳрида бунёд этилиши кўзда тутилган Туризм шаҳарчаси жамоатчилик норозилиги сабаб тўхтатилган, ЮНЕСКО туризм маркази учун бошқа жой танлашга чақирган эди.

Шаҳар инфратузилмасини ўзгартириш шу ерлик аҳолининг бир муддат чанг ва ноқулай об-ҳаво шароитида қолиб кетиши эҳтимолида бир гуруҳ фуқаролар норозилик билдириб, бунёдкорлик ишларига қарши чиқишганди.

Унга кўра, 2002 йилда барпо этилган, 20 мингдан ортиқ томошабин сиғимига эга «Бухоро спорти» мажмуаси, 12 қаватли вилоят ҳокимлиги биноси ва яна бошқа қатор йирик иншоотлар «снос»га учраб, янги мажмуалар бунёд этилиши кўзда тутилган бўлган.

«Орадан бир йил ўтди. Биз бу йирик лойиҳани амалга оширишга бир йилга кечикдик. Бироқ, давр билан ҳамнафас ҳолда эски шаҳримизга ёндош ҳудудни тўла туризм шаҳрига айлантиришимиз, келажак авлод манфаати йўлида улкан бунёдкорлик ишларини бошлашимиз муҳим», — деди Бухоро ҳокими Ботир Зарипов шу мавзу юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида.

Вилоят раҳбари сўзига кўра, 2023 йилда бўлиб ўтган «Халқаро зиёрат форуми»да тантаналар ва учрашувларни нуфузли, хос масканда ўтказиш муаммога айланган. Арк қўрғонидан Лаби ҳовузгача бўлган манзилда сайёҳлар учун қадим обидалар, томошагоҳлар мавжуд бўлса-да,  йирик симпозиум, форум ва конференциялар ўтказиш учун имкониятлар чекланган.

«Бу жуда ҳам оғриқли ҳолат бўлди. Ҳақли савол туғилади: шаҳримизда юқори кўрсаткичга муносиб туризм инфратузилмамиз, айниқса, меҳмонхоналаримиз, жойлаштириш воситаларимиз етарлими? Йўқ. Ҳаттоки, ҳозирда мавжуд 14 мингталик меҳмон ўрни ҳам талабга нисбатан қарийб 10 бараварга кам. Бухорода яна камида 600 дан ортиқ катта-кичик меҳмонхоналар қуришимиз, Симпозумлар саройи, ресторанлар, ҳунармандлар марказлари, туризм бизнеси ва гастрономик объектлар ташкил этиш ҳамда транспорт логистикаси ишларини кучайтиришимиз зарур. «Боқий Бухоро тарихий-этнографик парки» лойиҳаси эса шаҳар қиёфасини ўзгартиради», — деди Ботир Зарипов.

Бухоро шаҳрининг амалдаги чегараси 7 800 гектар ер майдонидан иборат бўлиб, янги лойиҳага асосан, Бухоро туманининг 3 700 ер майдони Бухоро шаҳрига қўшилади.

Фото: Xabar.uz

Бухоро шаҳрининг жами 32,6 га майдонида «Боқий Бухоро тарихий-этнографик парки»ни барпо этиш кўзда тутилган. Этнографик парк ҳудудида 23 гектар яшил ҳудуд ташкил этилиши айтилмоқда. Ушбу ҳудудда жойлашган 14 та давлат объектлари «снос»га учраб, «Bukhara City» мажмуаси ҳудудидан ўрин эгаллайди. Аҳоли ва ишбилармонларга тегишли тадбиркорлик объектлар снос объекти сифатида баҳоланиб, маблағлари олдиндан қопланиши режалаштирилган. Шунингдек, барпо этилиши кўзда тутилган манзилда бирорта фуқаронинг яшаш жойи йўқлиги сабаб уларнинг манфаатига зиён етмаслиги билдирилди.

Фото: Xabar.uz
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг