Вазир: «Бухорода «Туризм шаҳарчаси»ни бунёд этиш кўзланган. ЮНЕСКО рухсат бермаса, лойиҳа амалга ошмайди»
Ижтимоий тармоқларда Бухорода бир гуруҳ фуқароларнинг «Бухоро спорт» мажмуаси олдида Бухоро шаҳар маркази инфратузилмасини ўзгартириш, келгусида амалга оширилиши кўзда тутилган қурилиш ва бунёдкорлик ишларига норозилик билдириб, давлат раҳбарига йўллаган видеомурожаати тарқалди.
Видеомурожаатга кўра, аҳоли ўз яшаш манзиллари ҳудудида жойлашган, камида 20 мингдан ортиқ томошабинни ўз бағрига сиғдира оладиган «Бухоро спорти» мажмуасининг «снос» бўлишига ўз эътирозларини билдиришган.
«Биз стадион йиқитилишига қаршимиз!»
«Бу стадионда ҳар куни камида мингдан ортиқ ёшлар спорт билан шуғулланиб келишади. Стадион ўрнида туризм маркази қурилармиш. Аркдан то Лаби ҳовузгача бўлган манзилда сайёҳлар учун жойимиз бор-ку! Туристларга ҳамма шароит яратилармиш, ўзимизни халқ-чи?!», деган мурожаатлар гавдаланади видеомурожаатда.
Ижтимоий тармоқларда муҳокамага айланган мазкур видеомурожаатдан сўнг вилоят раҳбарияти томонидан журналист, блогерлар учун матбуот анжумани чақирилди.
«Туризм шаҳарчаси» қурилиши юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида масъуллар, сектор раҳбарлари, журналист ва блогерлар, аҳоли ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Маълум бўлишича, 2022 йилнинг 30 декабрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов томонидан Бухоро вилоятида амалга ошириладиган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари тўғрисида ўтказилган йиғилиш баёни тасдиқланган.
Ушбу ҳужжатга кўра, вилоятда инвестор – «Enter engineering» компанияси томонидан жалб қилинадиган маблағлар ҳисобига Бухоро шаҳрининг 32,6 гектар ер майдонида «Туризм шаҳарчаси»ни бунёд этиш, шу ҳудудда жойлашган 29 та давлат ташкилоти ва муассасалари ҳамда хусусий мулкдорларга тегишли бино ва иншоотларни бошқа ҳудудга белгиланган тартибда кўчириш таклифлари маъқулланган.
«Туризм шаҳарчаси аҳоли манфаатларига зиён етказмайди»
Аҳолини асосан, «Бухоро спорт» мажмуасининг кўчирилиши ташвишлантирган.
«Барпо этилиши кўзда тутилган манзилда бирорта фуқаронинг яшаш жойи йўқ, ҳеч бир фуқаронинг манфаатига зиён етмайди. 11 та тадбиркор масаласига тўхталадиган бўлсак, улар рози бўлишсагина таклиф берилади. Унутмайлик, «Туризм шаҳарчаси»ни барпо этиш масаласи эса ҳали таклиф. Лойиҳа қабул қилинмаган», – деди Ботир Зарипов.
Вилоят раҳбарининг сўзига кўра, янги спорт мажмуасини барпо этишда бюджет маблағлари ҳисобидан харажат қилинмайди.
Билдирилишича, айни кунларда инвестор фаолияти юзасидан мўлжалланган барча объектлар инвентаризацияси ўрганилиб, бир нечта лотларга бўлиняпти. Биноларни бузиш ва қайтадан тиклаш ишлари тўлиқ инвестор томонидан амалга оширилиши кўзда тутилган.
«Бугунги инфратузилма талабга жавоб бермайди»
«Бухорода 830 га яқин тарихий объектлар бор. Бухорони яқин келажакда ривожлантириш йўлларидан бири – бу туризмдир. Дунё тажрибасида ҳам бу мавжуд. Туризм – бу фақат меҳмонхоналар қуриш эмас, балки инфратузилманинг ривожланиши, маданиятнинг ўсиши, иш ўринлари яратиш ва ҳоказолар. Қандай вазиятда бўлишидан қатъи назар, биз шариф шаҳарнинг янги қиёфасини яратишимиз керак. Саёҳатчилар оқимини 8-10 миллионга етказамиз. Бунинг учун эса бениҳоя бетакрор инфратузилмани яратиш керак. Хўш, инфратузилма Бухорода борми? Бор. Талабга жавоб берадими? Йўқ, талабга жавоб бермайди! Шаҳар инфратузилмасини, унинг қиёфасини ҳавас қиларли даражага кўтаришимиз учун 5 та жой таклифи кўриб чиқилди. Мутахассислар томонидан эса аҳоли уй-жойлари мавжуд бўлмаган шу ҳудуд маъқулланди. Бу эса ҳали ўрганилаяпти!», деди вилоят раҳбари.
Матбуот анжуманида иштирок этган фуқаролар ҳам сўз олиб, эътирозларда давом этишди.
Қосим Истамов, фуқаро:
«2020 йилда пандемияни бошдан ўтказдик. Агар бу йирик қурилиш ишлари бошланадиган бўлса, биринчи демонтаж, бошимиздан чанглар оқими ўтади. Кейин монтаж яна бир оқим чанг. Янги жойда янги қурилишлар амалга оширилиши кейин бир оқим чанг. Бузилишлар экологик муаммони кучайтиради, холос. Шундай-да ҳам соғлигимизни йўқотганмиз. Мазкур қурилиш ишлари бошқа ҳудудда амалга оширилса-чи?! Ёки агар бу ишлар аҳолининг соғлигидан юқори бўлса, бемалол қураверинг!»
Саодат Нуруллаева, фуқаро:
«Мен 63 ёшдаман, ҳеч нарсадан қўрқмайман. Мен сиз гапирганда, қулоқ солдимми, энди сиз ҳам эшитинг! Сиз бугун борсиз, эртага бошқаси келади. Фақат туризм, туризм, дейсиз, қанақа туризм?! Бизда сув йўқ. Экология бузилиб кетган. Шаҳарда фақат чанг ва тутун ҳиди келади. Қаерда дарахт бор, ҳаммаёқ асфальт бўлиб кетган. Туризм шаҳарчани бошқа жойда яратиш керак. Бу гапларни мен айтаяпманми, менинг айтганим, сўзим ўтади. Биз “индейц”лармас, “бананновий” мамлакатда яшаяпмиз?» – дея асабийлашганнамо сўз олди фуқаро.
Пўлат Аслонов, фуқаро:
«Мен шу ҳудуднинг фахрийларидан бири ҳисобланаман. Эрталабдан кечгача фақат стадиондаман. Янги стадион қуриб бериб, кейин бошқа масалани кўринглар!»
Вилоят раҳбари фуқароларнинг саволларига жавоб берар экан, амалга оширилиши кўзда тутилаётган ишлардан мақсад шу ўлка бунёдкорлиги салоҳиятини ошириш, келажак авлодга ҳавас қиларли масканлар қолдирилиши эканини билдирди.
«Стадион борасида муносабат билдирган фуқароларимизга раҳмат, дейман, бу билан бефарқ эмасликларини билдиришди. Фақат фикр билдиришда, бир-биримизга ҳурматда бўлайлик. Агар лойиҳа тасдиқланиб, шариф шаҳримиз инфратузилмасини янгилиш амаллари бошланса, ҳоким сифатида, ваъда бераман, инвестор бундан зиёд стадион қуриб бергандан кейин биз сиз билан гаплашамиз», – деди Ботир Зарипов.
Матбуо анжуманидан сўз олган Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ботир Зокиров Бухорода кенг миқёсда бунёдкорлик ишларини бажариш, туризм салоҳиятини ошириш мақсадида шу пайтгача давлат раҳбарининг 39 та фармон, қарорлари чиқарилганини маълум қилди.
«Комплекс ривожлантирсак, косамиз оқаради»
«Туризм орқали Бухорони ва унинг иқтисодини ривожлантириш мақсади ётибди. Бу ҳам, албатта, Бухоро халқи манфаатидан келиб чиқиб, инобатга олинади. Бироқ, шахсий манфаатлар инобатга олинмайди. Шуни унутмаслик керак! Бухоронинг эски шаҳри туризм юраги, дейиляпти. Тўғри. Аммо унинг жозибадорлигини ошириш учун маданий меросга қарашли бўлган бирорта объектнинг, ҳатто, битта ғиштини ҳам ЮНЕСКОнинг рухсатисиз ўзгартиришга ҳақимиз йўқ. Эски шаҳар ҳудудидаги хонадонлар, уй-жойларнинг, деярли, кўп қисми оғир, санитар, вайрона аҳволда. Бир хонадонга кирганимизда, 14 та жой ковланди, аммо ҳожатхона қуриш учун мослашган жой топилмади. Бундай давом этаверса, биз эски шаҳарни йўқотиб қўямиз. Буларни реставрация қилиш учун эса 40 миллиард сўм маблағ ажратилди. Ҳеч қаерда Бухоро маданиятидек маданият йўқ. Демак, вилоятда янги туризм ўчоғи - «Туризм шаҳарчаси» ҳам тикланиши керак. Унда спорт майдончалари, меҳмонхоналар, дам олиш масканлари тикланади. Туризм салоҳиятини ошириш, маҳаллий аҳолига гўзал ва бетакрор масканлар яратиб бериш учун нима керак, ҳаммаси ушбу инфратузилма орқали комплекс амалга оширилади. Бухоронинг инженерн-коммуницияларини янгилаш, йўлларини қайтадан қуриш, ижтимоий объектларини янгилаш, яшил зоналарин кенгайтириш вақти аллақачон келди. Комплекс ривожлантирсак, косамиз оқаради», – деди вазир.
Матбуот анжуманида билдирилишича, айни пайтда Бухоро шаҳрининг амалдаги чегараси 7 800 гектар ер майдонидан иборат. Янги лойиҳага асосан, Бухоро туманининг 3 700 ер майдони Бухоро шаҳрига қўшилади. Бунинг ҳисобига Бухоро шаҳар ҳудуди қарийб 12 минг гектарни ташкил этади. Шундан тарихий қисми 216 гектар, буфер зонаси 339 гектардан иборат.
Туризм маркази учун дастлабки танланган ҳудудда темирйўл ҳам тикланиши кўзда тутилган.
Матбуот анжуманидан сўнг «Xabar.uz» мухбири иштирокчилардан Бухоро шаҳар марказида «Туризм шаҳарчаси»нинг бунёд этилиши борасидаги муносабатлари билан қизиққан.
«Шаҳарнинг «Сомонийлар боғи»даги кўлу, лойиҳада мўлжалланаётган манзил - Фавворалар майдонидан ташқари, деярли, кўзга кўринадиган ҳавас қиларли замонавий маскан йўқ, десаям бўлади. Шаҳарча бунёд бўлиши, шаҳар янги нафасга тўлиши керак. Мен қўллаб-қувватлайман», –дейди Нилуфар Зойирова.
«Спортга қизиқаман. «Бузилмасин» дея шов-шув кўтарилаётган стадионга бир неча марта борганман. Аҳволини гапирмасаям бўлади. Яхшиси, ўзингиз бориб танишиб қайтинг!» – дейди Муҳаммад Сатторов.
Лайло Ҳайитова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter