Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бухорода ўзига хос «туризм қишлоғи» пайдо бўлади

Бухорода ўзига хос «туризм қишлоғи» пайдо бўлади

Марказий Осиёнинг энг қадимий ва маданий бой шаҳарларидан бири, Буюк ипак йўлининг юраги, минглаб йиллар мобайнида бебаҳо гўшаси, жозибадор тарихи билан дунё аҳлини ўзига мафтун этган ўлка, бу – Бухоро.

«Бухоройи шарифга қанча таъриф бўлса, шунча бор, қанча таъриф берса, шунча оз»,-деган эди Бухорода бўлиб ўтган биенналида иштирок этган мисрлик халқаро шуҳратга эга ҳунарманд Ваэл Шавки.

Дарҳақиқат, бугунги кунда ҳар бир қадами улкан тарих билан уйғун бу ўлканинг ҳар бир кўчаси, ҳар бир биноси ўз асрлари ҳақида ҳикоя қилади, саёҳларни чорлайди.

Илк «туризм қишлоғи» Бухоро туманининг Шергирон маҳалласида барпо этилиб, «Чор Бакр туризм қишлоғи» дея номланганди. 

Шундан сўнг Жондор туманининг «Ушот» қишлоғи, Вобкентнинг «Ширин» қишлоқлари этнотуристик мақомига эга бўлди.

Ҳар бир туризм қишлоқлари ўзининг тарихий масжидлари ва меъморий ёдгорликлари билан сайёҳларни ўзига жалб эта бошлади. Ўзбек ҳунармандчилиги ва меъморчилиги билан қишлоқларда ўзбекона урф-одатлар ва миллийликка хос асори атиқалар билан бойитилгани диққатга сазовор.

Бухоро туманидаги «Ойбек» маҳалласининг «Ёржон» қишлоғига ҳам «Туризм қишлоғи» мақомининг берилаётгани маҳалла аҳолисини ҳашар ишларига ҳамжиҳат бўлишга чорлаган.

Бухоро тумани ҳокими ўринбосари Собир Бозоровнинг «Xabar.uz»га билдиришича, айни пайтда ушбу қишлоқ инфратузилмани модернизация қилиш ва йўл-транспорт тизимини яхшилаш, маҳаллий аҳолининг хизмат кўрсатиш соҳасидаги малакасини ошириш, миллий ҳунармандчилик ва маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш, экологик, этно ва агро-туризм йўналишларини йўлга қўйиш, шунингдек, оилавий меҳмон уйлари ҳамда сервис хизматларини кенгайтириш чоралари кўрилмоқда.

Маълум бўлишича, мутахассислар томонидан «Ёржон» қишлоғининг тарихий, табиий ва маданий жиҳатдан ўзига хос туристик марказга айланиши учун амалий тавсиялар ишлаб чиқилган. Ҳудудда сайёҳлик хизматларини ривожлантириш, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хизматлар сифатини ошириш ва бренд қишлоқ концепциясини шакллантириш бўйича таклифлар билдирган.

«Мазкур ташаббус амалга ошиши билан «Ёржон» қишлоғи Бухоро вилоятининг замонавий сайёҳлик марказларидан бирига айланади, маҳаллий аҳолининг бандлиги таъминланади ва миллий қадриятлар юксак даражада асраб-авайланадиган стратегик маскан сифатида танилади»,-деди Собир Бозоров.

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг