Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Элакдек илма-тешик» – пақилдоқбозлик божхоначиларга нисбатан эътирозларга сабаб бўлди

«Элакдек илма-тешик» – пақилдоқбозлик божхоначиларга нисбатан эътирозларга сабаб бўлди

Фото: Xabar.uz

Бу йил ҳам 31 декабрь – Янги йил оқшомида Ўзбекистон шаҳарлари бўйлаб оммавий мушакбозлик ва пақилдоқбозлик кузатилди. Бу ҳол ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Блогерлар пиротехника воситалари ёппасига отилганини божхона хизмати вакиллари ўз вазифасини тўлақонли бажармагани оқибати деб баҳолади.

«Божхона ва чегара хизматлари иши самарадорлигини (key performance indicators – KPI) янги йил кечаси отилган пиротехника сонига қараб белгилаш керак. Бугун тундаги мушакбозлик ва фейерверк (салют)нинг сонидан хулоса қилдимки, бизнинг божхона хизмати элакдек илма-тешик, тақиқланган моддалар олиб кириш керагича йўлга қўйилган. Агар қонун билан тақиқланган портловчи моддаларни олиб кириш шунчалик бемалол ва тизимли экан, демак, бошқа тақиқланган моддалар ҳам, маҳсулотлар ҳам талабга мувофиқ олиб кирилмоқда. Фақат у моддалар портлаши секин ва овозсиз бўлгани учун эътиборимиздан четда қолмоқда», – деб ёзди тармоқ фаоли Темур Мирзаев.

«Кеча чегарадан ўтдим. Божхоначи иштонимнинг ичигача текширди! Ҳаммани шундай текширган бўлса, нега тонггача панқиллоқ панқиллади? Жавоблар: А) Панқиллоқчилар ошқозонида олиб ўтяпти; В) Панқиллоқчилар дрон билан олиб ўтяпти; С) Бу ерда коррупция бор; Е) Божхоначиларнинг болалари панқиллатди; К) Панқиллоқлар ўзимизда ишлаб чиқариляпти!» – дея ярим ҳазил, ярим чин оҳангида пост қолдирди ёзувчи Каримберди Тўрамурод.

«Айни дамда қишлоғимдаги божхоначилар». Ҳабибулла Мўйдинов чизган карикатура.

Блогер Мирсаид Ҳайдаров ҳам тизим вакилларига «ташаккур» билдирар экан, шунча тақиқланган воситалар мамлакатга қандай кирганини савол остига олган.

«Тунда портлатилган пақилдоқларни ўйлаб ҳайронлигим ортди. Тахминан 5 млн пақилдоқ портлатилган бўлса, донаси тахминан 5 мингдан бўлса, жами 25 млрд ҳавога учди. Бу 5 та замонавий мактаб дегани. Дарё мисоли ичилган ароқ, коняклар, тонналаб исроф қилинган озиқ-овқатларни гапирмайман. Биз шундаймиз», – деб ёзди бошқа бир тармоқ фаоли Ихтиёр Маҳкамов.

Божхона хизмати ва ҳуқуқ-тартибот идоралари янги йил арафасида пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилгани ҳақида бир қатор хабарлар берган эди. Масалан, пойтахтга турп олиб келаётган автомашина юкхонасига пиротехника воситалари яширилгани аниқланган.

Фарғонадаги хонадонлардан бирида эса хорижда ишлаб чиқарилган ва тегишли ҳужжатларга эга бўлмаган 407 млн сўмлик пиротехника воситалари тегишли тартибда расмийлаштириб олинган. 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг