Энди вазни сунъий оширилган товуқ гўштига чек қўйилади
«Ўзстандарт» агентлиги Паррандачилик саноати уюшмаси билан ҳамкорликда товуқлар, жўжалар, бройлер-жўжаларнинг нимталари ва уларнинг бўлаклари учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат стандарти (ЎзДСт 3308:2018)ни қабул қилди. Бу ҳақда агентлик расмий сайтида хабар берилди.
Хабарда айтилишича, Ўзбекистон бозорларида ва савдо расталарида сотилаётган таркиби сунъий равишда 50 фоизгача сув билан бойитилган ёки номаълум суюқликлар билан яхлатилган парранда гўштлари ва унинг нимталари кўплаб истеъмолчиларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистонда мазкур парранда гўшти таркибидаги намликни ёки сунъий равишда қўшимча киритилаётган оғирлик берувчи моддаларни аниқловчи таҳлилий синов усуллари ёки бундай моддаларнинг қўшилишини тақиқловчи талаблар амалиётга тадбиқ этилмаган.
Бу эса, ўз навбатида, парранда гўшти таркибидаги сунъий қўшимачалар сифатни назорат қилувчи органлар томонидан текширилмаётганлигини англатади. Бунга чек қўйиш мақсадида, назоратни кучайтириш ва айрим виждонсиз тадбиркорларнинг сифатсиз маҳсулотларни ишлаб чиқаришларининг олдини олиш борасида «Ўзстандарт» агентлиги хориж амалиётидан келиб чиққан ҳолда, Паррандачилик саноати уюшмаси билан ҳамкорликда товуқлар, жўжалар, бройлер-жўжаларнинг нимталари ва уларнинг бўлаклари учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат стандарти (ЎзДСт 3308:2018)ни қабул қилди. Ушбу стандарт республика ҳудудида 2018 йил 1 май санасидан жорий этилади.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат стандарти Давлатлараро стандарт ГОСТ 31962-2013нинг модификацияланган тоифаси бўлиб, маҳаллий товуқлар, жўжалар, бройлер-жўжаларнинг нимталари ва уларнинг бўлаклари экспортининг янада ошишига замин яратибгина қолмай, истеъмолчиларнинг ҳаёти, мол-мулкига зиён келтирмаслигига кафолат бўла олади, дейилади хабарда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter