Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Эртўғрул: 300 йилдан кейин топилган китоб

Эртўғрул: 300 йилдан кейин топилган китоб

Биласиз, юртимиз телеканалларида миллий киноасарлар қатори хорижий сериаллар ҳам намойиш этилмоқда. Улар орасида туркий халқларимизнинг муштарак тарихидан ҳикоя қилувчи «Эртўғрул» сериал-фильми ҳам бор. Камина ундаги воқеаларнинг сизу биз учун муҳим дея ҳисоблаган баъзи жиҳатларига эътиборингизни қаратишни ният қилдим.

Аввало, Эртўғрулни тарихий шахс сифатида аниқлаб олсак. Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси 10-томининг 261-262-саҳифаларида келтирилган маълумотларга кўра, Эртўғрул ўғузнинг кайи уруғидан, ҳарбий саркарда, усмонлилар сулоласининг тўқсон ёшини яшаган бобокалони.

1221 йилнинг баҳорида мўғуллар Марв шаҳрини истило қилиб, култепага айлантириб, Султон Санжар мақбарасини ёқиб юборгани устига қабрини ҳам талон-тарож қилишдан қайтмаганини кўрган Эртўғрулнинг уруғдошлари Мовароуннаҳр ва Хуросондан кўчиб жўнаганлар ва Кичик Осиёга бориб ўрнашганлар.

Тарихий ривоятга кўра, кайилар Кичик Осиёга келган пайтларида шундай бир воқеа содир бўлганки, Эртўғрул ва ҳамроҳлари бир-бири билан жанг қилаётган иккита номаълум гуруҳ устидан чиқиб қолишади, шунда улар ўзаро маслаҳатлашиб мағлуб бўлаётган томонга кўмак беришади.

Бу мўғулларга қарши чиққан Кўнё султони Алоуддиннинг қўшини эди. Шу воқеадан кейин султон Алоуддин Эртўғрулни қиш ва ёзлик яйловлари бўлган яхшигина ерлар билан тақдирлайди.

Тақрибан шу ерда улар мусулмон бўлишгани ва кейин тез орада ислом динининг энг оташин ҳимоячиларига айланишганини тарих саҳифалари бизга етказади. Эртўғрул бошчилигидаги туркийлар қўшини салибчиларга кучли зарбалар беради, Византияга қарши кураш олиб боради.

Эртўғрул ўзи асос солган беклик бошқарувини 1281 йили Усмонга топширади. Қардош турк халқи тарихида ўтган улуғ салтанатнинг Эртўғрул ўз ўғлига қўйган ана шу Усмон деган ном билан оламшумул шуҳрат қозонганини сезган бўлсангиз керак – Усмонийлар империяси!

Усмон ва унинг отаси Эртўғрул ҳақида фалакшунос олим бўлишдан ташқари муаррих сифатида ҳам танилган Мирзо Улуғбек сўз юритар экан («Тарихи арбаъи улус» – «Тўрт улус тарихи» китоби), Оли Усмон, яъни Усмон хонадони учун Ўғузхон ўн бешинчи боболари саналишини ҳамда 55 воситадан кейин улар ҳазрати Нуҳ алайҳиссаломга бориб етишлари ҳақида маълумот берганини таъкидлаймиз (Тошкент, «Чўлпон», 1994, 59-бет).

Бевосита мавзуга ўтамиз.

Маълумки, бугунги кунда Туркия давлатининг кино санъати дунё бўйича тилга тушиб қолди, айниқса улар яратаётган ва 2014 йилдан бери намойиш этилаётган «Эртўғрул» сериали!

Айни дамларда ушбу сериал нафақат Туркияда, балки бутун Осиёда, ҳатто Европа мамлакатларида ҳам катта шуҳрат қозонмоқда. Дунёнинг 50 мамлакатида турк, инглиз, рус, француз, немис, хитой, корейс, япон тилларига таржима қилинган бу сериал Ўзбекистон телеканалларида ҳам энг кўримли сериаллар сирасига кирди.

Эртўғрул» сериалининг бир қанча ўринларида Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари ҳақида сўз кетади. Фильм қаҳрамонлари Самарқанд ва Бухорони муқаддас шаҳарларимиз деб атайдилар, Чингизхон бу шаҳарларни ёқиб кул этганини афсуслар ила такрорлайдилар. Қаҳрамонлардан бири – Самарқанд ва Бухорода таълим олган Артук (бизда Ортиқ дейилса керак) исмли кайилар табиби Абу Али Ибн Сино ҳамда Мотуридий номларини ўзининг буюк устозлари сифатида тилга олади. Фильм воқеаларини кузатар эканмиз, улуғ айём кунлари келганда овул осмони дўмбиранинг сеҳрли садолари билан тўлиб кетади, Туркистон авлиёси Аҳмад Яссавийнинг ғазал ва ҳикматлари ўғузнинг бахши-шоирлари тилида қўшиқ бўлиб янграйди.

Буларни кўрганда, турк қардошлар бизга ажойиб муждалар ва ҳатто жоиз кўрсангиз жонли, тасвирли муждалар нисор этибдилар-да, дегимиз келади. Зеро, икки дарё оралиғида ота-боболаримиз кечирган ҳаёт каби таниш, қадрдон ва ўхшаш манзаралар нигоҳимизни тўла қамраб оладики, бу биз – ўзбекларга қанчалар қувонч олиб келмоқда, бу нақадар соз эканлигининг асло таърифи йўқ!

Энди энг асосий гапга келамиз. Сериалда Ибн Арабий деган улуғ инсон образи бор. Фильм ижодкорлари уни ўйлаб чиқаришмаган. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Ибн Арабий тарихда бор одам, етук мусулмон орифи ва донишманди саналади, 75 йил умр кўрган, 1165 йили ислом Испанияси, яъни Андалусияда таваллуд топган ва 1240 йили Дамашқда вафот этган. Ибн Арабий ўзининг баракали умри давомида олиб борган кўп қиррали илмий фаолияти учун борган барча жойларида эътибору эҳтиром қозонган. Сайри сулукини Мағриб, Миср, Ҳижоз, Кичик Осиё минтақаларида амалга оширган. Истиқомат жойлари Макка, Бағдод, Ҳалаб, Дамашқ, Кўнё ва шу каби бошқа шаҳарлар бўлган. Ҳаётидаги энг улуғ «Футуҳот ал-Маккия» (Макка кашфиётлари) китобини 20 йилдан ошиқроқ вақт давомида яратади – Маккада бошлаган, Дамашқда тугатган. Умуман эса, ёзган китоб ва рисолаларининг сони тўрт юздан ошар экан. Ислом оламида Аш-шайх ал-Акбар, яъни ҳамма замонларнинг Улуғ Муаллими унвони тан олинади. Буюк инсоннинг ҳаддини белгилаш-билдириш маъносида «Ибн Афлотун» (Афлотуннинг ўғли) деган таърифи ҳам бўлган. Исмига Муҳйиддин, яъни динни қайта тикловчи лақабини қўшиб айтишган, яъни Муҳйиддин Ибн Арабий!

Ана шу киши Эртўғрул» фильмида туркий қавм–кайилар олиб борган кураш ва ғалабалар илҳомчиси, ожиз пайтларида юпанч, адашганда эса ҳақ йўлни кўрсатувчи авлиё сифатида намоён бўлади. Биз уни турли жойларда: ўтовда, даштда, ўрмонда, кенг саҳрода ёлғиз ёки одамлар орасида дуо ўқиётган ҳолатларда кўрамиз, суҳбатлари эса Муҳаммад пайғамбарнинг сийрати, Абобил қушлари, Умар ибн Хаттобнинг асрларга етгулик жасорати ва бошқа мавзулардаги ҳикояю асотирлар ила ўтади.

Энди, муҳтарам ўқувчи, ислом оламидаги энг улуғ авлиё, энг улуғ шоир, шунинг баробарида асрлар давомида турли мунозара-муҳокамаларга сабаб бўлиб барчани ҳайратга солиб келаётган ваҳдат-ул вужуд таълимоти орифининг, яъни Ибн Арабийнинг худди шу ўринда Муҳаммад Ҳаким Термизийга маълум маънода шогирд (гарчи орада 350 йиллар атрофидаги вақт ўтган бўлса-да), ишларининг давомчиси ва муҳими, бобомиз ирфоний қарашларининг энг буюк тарғиботчиси ва муаллими бўлганлигини айтамиз.

Воҳадошимиз, қалбининг ижод булоғи Сурхондарё телевидениесида кўз очган исломшунос файласуф Жаъфар Холмўминовнинг бу борада алоҳида тадқиқоти мавжуд (рус тилида).

Унга кўра, Мовароуннаҳрда сўфийлик ҳаракати Ҳаким Термизий асос солган «Ҳакимия» мактабидан бошланади, жумладан, Термизийнинг тасаввуф аҳли учун маънавий васиятнома ёхуд таълим дастури сифатида хизмат қилган «Хатм-ул валоят» асари жуда машҳур бўлган. Мазкур асарнинг овозаси бутун ислом оламига ёйилиб кетган. Аммо бир қанча вақт ўтиб китоб йўқолиб қолади. Орадан уч юз йиллар ўтади ва уни «Акбария» сўфийлик мактаби асосчиси Шайхи Акбар ибн Арабий топиб ўрганади. Энг бош китоби бўлган «Футуҳот ал-Маккия» асарида мазмунидан фойдаланади.

Хуллас, термизлик ориф қарашларидан олган таъсиротлари ибн Арабийнинг Термизий яратган валоят назариясини ҳимоя қилишига ва бу назарияни такомиллаштиришига олиб келганки, ушбу улуғ йўл ҳамон давом этади ва унинг сарҳади йўқ.

Бунинг натижасида, шунингдек, Шайхи Акбар ибн Арабий қаламидан чиққан қуйидаги: «Ал жавоб-ал мустақим ъаммо саала ъанҳо ат-Тирмизи ал-Ҳаким» ва «Шарҳ ал-масааил ар-руҳаания ан хаал ал-Ҳаким ат-Тирмизи» китоблари ҳам дунё юзини кўрган.

Ёш ва умидли тадқиқотчи олим, Имом Абу Исо Термизий халқаро илмий маркази раисининг ўринбосари Жўрабек Чўтматов Муҳаммад Ҳаким Термизий бобомизнинг Андалусияда машҳурлиги сабабларини ўрганар экан, Ибн Арабийдан бошқа яна бир нечта ислом Испанияси машойихлари ҳақида сўз юритади. Масалан, Куртубий деган олим ўзининг тафсир китобларида Ҳаким Термизийдан жуда кўплаб иқтибослар келтирган. Гранада аҳлидан бўлган ибн Атийя Андалусий ва Абуҳайён Наҳвий Андалусийлар ҳам ўз асарларида Термизийга мурожаат этганлар. Али ибн Сулаймон ибн Аҳмад Ибн Сулаймон Муродий Андалусий Ҳаким Термизийнинг ўн иккита асарини китобат этиб кўчирганлиги ва бу асарлар ҳозирги кунда Париж миллий кутубхонасида сақланаётгани ҳақидаги хабарлар ҳам шулар жумласидан (қаранг: Жўрабек Чўтматов. «Термизнинг безавол қальалари ёхуд Термиз тарихи», монография, Тошкент, «Yangi nashr», 2017, 216-217-бетлар).

Умуман, Муҳаммад Ҳаким Термизийнинг дастлаб ўзига замондош бир андалусиялик, яъни Абу Бакр ибн Собиқ Умавийга бўлган муносабати ушбу минтақа билан илк алоқаси сифатида баҳоланадики, орадан кўп замонлар, тўғрироғи, бир неча аср ўтганда Ибн Арабийнинг Термизийга бўлган қизиқиши ва асарларини ўқиб таъсирланиши ўз навбатида унинг Аш-шайх ал-Акбар сифатида Марказий Осиё сўфийлик-тасаввуфий қарашларига улкан таъсир кўрсатишига олиб келган эди.

Абдулла Холмирзаев.

 

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг