Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ИИБ посбонлари журналистларни дўппослагани айтилмоқда

ИИБ посбонлари журналистларни дўппослагани айтилмоқда

11 июнь куни Ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати чорак финал баҳси бошланишидан олдин «Пахтакор» стадионидаги ички ишлар органлари посбонлари «Севимли» телеканали журналисти ва операторини аёвсиз калтаклагани айтилмоқда.

«21:00 лар атрофида (интервью олиш мақсадида) икки ходим «Пахтакор» стадионига бориб, орган ходимларининг қаршилигига учраган. Футболни ёритиш учун берилган махсус рухсатномани кўрсатишларига қарамай: «пресса бўлсанг, бизга н...й. Биз топшириқни бажарамиз...», — деган жавобни олган. Шундан сўнг ижодий гуруҳ киритмагани учун ўзининг эътирозларини билдирган ва стадион олдидаги ҳолатни тасвирга олишни бошлаган. Орган ходимлари эса тасвирчининг рухсатномасига чанг солган. Камерасини тортиб олган. Тасвирчининг қўлини орқага қайириб, журналистдан узоқлаштирган. Кўз олдида тасвирчини жиноятчилардек олиб кетаётганини кўрган журналист орган ходимларидан қўйиб юборишни талаб қилган. Ходимлар эса унинг ҳам қўлларини қайириб, микрофон ва рухсатномасини тортиб олган», деб ёзган «Севимли» журналистларидан бири.

Айтилишича, тасвирчини 6-7 нафар ички ишлар ходимлари ва бир нафар миллий гвардия ходими тепкилаган, бири оёғига таёқ билан урган. Қолгани қорин ва бошига тепган.

«Қўлларим ушланган, имконсиз қолдим, фақат урманглар, деб бақира олдим, холос. Бу жараён сониялар ичида содир бўлдики, нима бўлаётганини англаб-англамасдим. Одамлар ОАВ ходимлари тепкиланаётганини тасвирга олаётганди. Кўпчилик олдида изза бўлганимиз қолди. Қўлларимизни қайириб, Шайхонтохур туман ИИБ биносига олиб бориб, навбатчилик қисмига топширишди», дейилади постда.

Маълум бўлишича, калтаклардан жиддий жароҳат олган оператор кейинчалик Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб кетилган.

Тасвирчи касалхонага олиб кетилгандан кейин журналист камера, штатив, микрофон ва рухсатномаларини қайтариб беришни сўраган. Унинг кўз олдида флешкани Тошкент шаҳар ИИББга юборишган. Соат тунги 02:10 ларда мухбир шикастланган камера ва штативни олган, бироқ микрофон ва рухсатномалар ҳамон қайтарилмагани ёзилган.

«Энг қизиғи, бўлар иш бўлгандан сўнг мухбирдан ички ишлар ходимлари кечирим сўраб, ортиқча гап қилмаслиги ва бирон жойда гапириб юрмаслини айтган. Давлатимиз раҳбари ОАВни тўртинчи ҳокимият даражасига кўтарган, очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик дея бонг урилаётган пайтда журналистлар калтакланиб, уларнинг иш қуроллари чирпарчин қилинса, ҳужжатлари димоғдор ИИО ходими оёқлари остида хор бўлса... буни қандай изоҳлаш мумкин?», деб ёзган журналист.

Воқеага 2 кун бўлган эса-да, на ИИВ ва на Миллий гвардия бунга бирор муносабат билдирган.

Ички ишлар органларининг бундай зўравонлиги ҳақида сўнгги пайтларда хабарлар урчиган. Масалан, Тошкентда ёшлар калтаклаган бўлишса, Самарқандда туристларга электрошокер ишлатишган.

Оҳангаронда эса ЙПХ ходими жаримага тортган ҳайдовчи кейинчалик шифохонада вафот этган. Яқинда эса Сурхондарёда ИИБ ходимлари ва фуқаролар ўртасида жанжал чиққанди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг