Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Жаҳон банки кўмаги билан Самарқандда бирламчи тиббий хизмат сифати оширилади

Жаҳон банки кўмаги билан Самарқандда бирламчи тиббий хизмат сифати оширилади

Жаҳон банки Ижрочи директорлар кенгаши 17 ноябр куни Ўзбекистонга Халқаро тараққиёт ассоциацияси (ХТА) маблағлари ҳисобидан 100 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит ажратишни тасдиқлади.

Маблағ Самарқанд вилоятида бирламчи тиббий-санитария ёрдамини яхшилаш, сурункали касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш тизимини такомиллаштиришга йўналтирилади.

Жумладан, «Самарқанд вилоятида бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш натижаларини тизимли такомиллаштириш» (SHIFO-1) дастури доирасида вилоятдаги 400 дан ортиқ оилавий поликлиникани модернизация қилиш режалаштирилган.

Шунингдек, 6 400 нафардан зиёд тиббиёт ходими, жумладан, 1 250 нафар оилавий шифокор ва 5 минг нафар ҳамшира ўқитилиб, сертификат берилади.

Дастурда тиббиёт ходимлари малакасини ошириш, замонавий хизмат кўрсатиш усулларини жорий этиш ва аҳоли учун тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Лойиҳа доирасида D-MED миллий рақамли соғлиқни сақлаш платформаси имкониятлари кенгайтирилади. Жумладан, беморларнинг рақамли реестри ва уларнинг саломатлигини кузатиш воситалари такомиллаштирилади.

Натижада 330 минг нафар катта ёшли аҳолини юрак-қон томир касалликлари хавфи бўйича скринингдан ўтказиш, 250 минг нафар беморнинг даволаниш жараёнини мунтазам кузатиб бориш режалаштирилган.

Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, дастур аҳоли саломатлигини яхшилаш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва тиббиёт ходимларининг малакасини ривожлантириш орқали 28 800 тага яқин қўшимча ва юқори ҳақ тўланадиган иш ўрни яратилишига кўмаклашади.

Умумий қиймати 525 миллион доллар бўлган SHIFO-1 дастури 2028 йил декабрига қадар амалга оширилади. 

Шундан 425 миллион доллар Ўзбекистон ҳукумати, 100 миллион доллар эса Жаҳон банкининг имтиёзли кредити ҳисобидан молиялаштирилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг