Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Жапаров «Кампиробод»дан Фарғонага сув келтириш лойиҳасига муносабат билдирди

Жапаров «Кампиробод»дан Фарғонага сув келтириш лойиҳасига муносабат билдирди

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Хитой ширкати «Кампиробод» сув омборидан Фарғона шаҳрига ичимлик сув тортиш лойиҳасини бошламоқчи экани ҳақидаги хабарга муносабат билдирди.

Бу масалада «Кабар» агентлигига қисқа интервью берган Қирғизистон раҳбари «Азаттық» радиосини қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида низо уйғотишга уринишда айблаган. 

Қайд этилишича, «Азаттық» эълон қилган материалда «Кампиробод» сув омбори Қирғизистонга тегишли бўлгани айтилган. С.Жапаровни эса бу даъвони рад этган.

«Кампиробод» сув омбори ҳар доим Ўзбекистон назоратида бўлган ва иншоотни 100 фоиз улар бошқарган. Ўтган йили чегара масаласи қаторида сув омбори масаласини ҳам ҳал қилдик. Келишувга кўра, эндиликда сув омбори 50/50 тамойили асосида идора этилади. Айни пайтда сув омборини биргаликда бошқармоқдамиз. У ерда бизнинг вакилларимиз ҳам фаолият юритмоқда. Келгусида ҳам шундай бўлади. Қирғиз томони  «Кампиробод» сувининг 10 фоизидан фойдаланади. Сувнинг қолган қисми 100 йил мобайнида Ўзбекистон томонга оқмоқда. Яна 100 йил оқажак», – дейди С.Жапаров.

Сиёсатчи Ўзбекистон билан сув омборини тенг бошқарувга келишилганини катта натижа деб атар экан, эндиликда тошқин хавфи олди олингани, шу билан бирга, Жалолобод вилоятидаги бир қатор қишлоқларга экин суғориш учун сув олинаётганини таъкидлаган.

«Энди энг асосий масалага тўхталсам. Ўзбек томони шундоқ ҳам Ўзбекистонга оқаётган сувни қай усулда олишининг бизга фарқи борми? Қувур орқалими, ариқ ёки ҳаводанми – аҳамияти йўқ. Муҳими, ҳар бир ҳаракат ўзаро келишиб олиниши керак. Бундан буён қирғиз–ўзбек дўстлиги мустаҳкам бўлади. Дўстлик ришталаримизни Худодан бошқа ҳеч ким уза олмайди. Шу боис ҳам Яратган Эгамдан ҳамиша тинч яшашимизни сўрашимиз керак», – дея хулоса қилади у.

Қирғизистон президенти икки халқ биродарлигига қарши қаратилган фитналардан огоҳ бўлишга ундаган.

Эслатиб ўтамиз, С.Жапаров ўтган йили ҳам маҳаллий жамоатчиликнинг норозилигига жавобан «Кампиробод» тўғони Ўзбекистон томонидан қурилганини айтиб ўтган эди.

Аввал хабар берганимиздек, Хитойнинг «Sinomash» холдинги «Кампиробод»дан Фарғона шаҳрига тоза ичимлик сув тортиш лойиҳасини бошламоқда. Бу борада Хитой молия муассасаларидан кўп миллион долларли кредит жалб этиш бўйича дастлабки келишувга эришилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг