Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Лутфулло Турсунов

Ҳар бир машаққат ортида имконият ётади.

Журналист саволи жавобсиз қолди

Журналист саволи жавобсиз қолди

Фото: «rakurs.tv»

Яқинда бир тадбирда ноқулай вазият юзага келди. Журналист матбуот анжуманида тадбир ташкилотчиларига савол берди. Унга эса жавоб қайтара олишмади.

Йўқ, савол қийинлиги ёки «қитмирча» бўлганидан эмас, матбуот анжуманида ўзбек тилидаги саволни тушунадиган мутахассис топилмаганидан шундай бўлди. Тадбир ҳам хорижда ўтказилгани йўқ, Тошкентда ташкиллаштирилди. Уни ўтказган ташкилот ҳам чет элники эмас, ғирт миллий компания...

Бундан аввалроқ бошқа тадбирда ўзгача ҳолат кузатилди. Уни уюштирган ташкилот раҳбари иштирокчилардан олдиндан сўровнома ўтказиб, тақдимотлар қайси тилда қилинса маъқул бўлишини аниқлаштириб олган экан. Сўровномадан 90 фоизга 10 фоиз натижа келиб чиққан. Шунга кўра, тақдимот ўзбек тилида бошланди. Бироқ, шунда ҳам, маърузачи залда давлат тилини тушунишга қийналадиган нечта иштирокчи борлигини сўради. Икки юзча киши орасидан 10-15 нафари қўлини кўтарди. Тақдимот ўтказаётган мутахассис улардан қайта-қайта узр сўраб, маърузани ўзбек тилида давом эттирди. Барибир уларга ҳурмат юзасидан кейинги мавзу рус тилида олиб борилди.

Эътибор берилса, аксар тадбирларда ўзбек тилида маъруза қилувчилар, албатта, узр сўрар экан (залда русийзабонлар иштирок этаётган бўлса). Аксинча ҳолатларда бунга деярли гувоҳ бўлмаганман. Фақат, «маърузани русча қилишга рухсат берсангиз» дейилади, холос. Табиийки, ҳеч ким бунга монеълик қилмайди.

Бундай тартиб-таомилдан тил билан боғлиқ муаммо қидирмоқчи эмасман. Фақат бу ҳолатдан ўзбек тилида тақдимот ўтказа олмайдиган компанияларнинг ўзи кўпроқ зарар кўришини урғуламоқчиман. Чунки, бунақа тадбирлар одатда бирор янги хизмат ёки маҳсулотни кенг оммага етказиш учун ташкил этилади. Истеъмол бозоримизнинг улкан қисми ўзбекзабонлар. Хизматлардан асосан улар фойдаланади. Табиийки, халқни қайсидир хорижий тилни билмагани учун айблаб бўлмади. Энди, янги хизмат тушунарли тилда етказилмаса, ундан фойдаланувчи сониям кўп бўлмайди.

Халққа бу янгиликларни асосан ОАВ вакиллари етказишади. Кўпинча манзара бир хил: журналист тадбирга боради, унинг қўлига бир парча пресс-релиз берилади. Уям қуруқ гапдан иборат. Худдики журналист ўзи изланиб маълумот топсин, касбику, дейишгандек. Тўғри, журналист изланиши, кўпроқ ахборот топиши керак. Лекин бу — матбуот анжуманлари, тақдимотлар қуруқ гапдан иборат бўлиши, номига ташкил қилиниши керак дегани эмас. Бу тадбир кимга кўпроқ керак ўзи? Журналистгами ёки маҳсулот/хизматини тарғиб қилишни истаган ташкилотга?

Янгилик тарғиб бўлиши, оддий фойдаланувчига тушунарли тарзда ёритилиши учун аввал журналистларнинг ўзига бу янгилик моҳияти тўлақонли етказилиши керак. Унинг қўлига етарлича маълумот тутқазилиши, ўз фикрини аниқ баён қила оладиган мутахассислар интервьюга тайёрлаб қўйилиши лозим.

Мавзу бошида тилга олинган тадбирга қайтамиз. Ўшанда телевидение журналистлари интервью олиш учун мутахассис қидириб сарсон бўлишди. Интервью берадиган мутахассислар йўқлигидан эмас, ўзбек тилида мавзуни гапириб берадиган одам топилиши қийин бўлганидан. Деярли барча телеканалларимиз эфирга ўзбек тилида репортаж тайёрлайди. Интервью ҳам имкон қадар ўзбек тилида олиниши керак. Ташкилотчилар амаллаб бир мутахассисни топиб беришди, аммо у мавзу моҳиятидан бехабар. Журналистларнинг ҳар бир саволига бошқалардан «маслаҳат олиб», амал-тақал интервью берди.

ОАВ вакиллари олган маълумотини халққа етказади, уларга қандай (тушунарсиз) берилган бўлса шундайлигича, кўпинча. Оқибатда аҳоли янгилик моҳиятини тўлиқ тушуниб етиши даргумон. Ахборотни бу тарзда потенциал мижозларга етказишдан нима маъни бор? Бу кўзбўямачиликдан ташкилот қандай маанфаат топади? Юқори идораларга топширилган «жимжимадор» ҳисоботлардан бошқа — ҳеч қандай.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг