Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Картошка қачон арзон бўлади? Деҳқоннинг дардини ким эшитади?

Картошка қачон арзон бўлади? Деҳқоннинг дардини ким эшитади?

Фото: «Xabar.uz»

«Бозорда бир маҳсулотнинг нархи кўтарилса, ҳамма ваҳимага тушади ва бунга қарши чоралар кўрилади. Лекин айрим маҳсулотларнинг нархи тушиб кетиб, деҳқон касодга учраганда унинг дарди билан ҳеч кимнинг иши бўлмайди». Таҳририятимизга Акмал Содиқов деган юртдошимиздан келган мурожаатдаги бу гап бизни ўйга толдириб қўйди. Ростан ҳам бозорга тушиб, гўшт нега қиммат, картошка қачон арзон бўлади деб савол ташлаймизу, супермаркетда карамни текинга тарқатишаётганида хурсанд бўлиб олиб кетаверамиз. Лекин бирортамиз уни етиштирган бечора деҳқон нима қилди экан ўйламаймиз...

«Ассалому алайкум, ҳурматли «Xabar.uz» жамоаси ходимлари. Mен оддий бир деҳқон боласиман. Самарқанд вилояти, Булунғур туманида анча йиллардан бери деҳқончилик қиламан. Бизда асосан сабзи, картошка, пиёз, помидор, бодринг, булғор қалампири, ловия ва ҳоказолар экилади. Деҳқон экиним яхши бўлсин деб кечани кеча, кундузни кундуз демасдан меҳнат қилади. Ҳосилни бир амаллаб, не-не орзуларда йиғиштириб олиб, энди сотаман деб турса, нарх-наводан ҳафсаласи пир бўлади. Чунки маҳсулотдан тушган фойда экинга кетган харажат билан нари борса бир хил, айрим экинларники ундан ҳам паст бўлади.

Шунча экинлар ўз-ўзидан униб қолаётгани йўқ ахир. Унга ҳам қанча меҳнат, пешона тери кетади. Оддий мисол: ҳозирги кунда агар 1 йилга ер олиб, экин қиламан десангиз 1 гектар жойни ўртача 6 млн. сўмга ижарага оласиз. Уни аввал ҳайдатасиз, текислатасиз, кейин жўяк олдирасиз. 1 гектар ерни экинга тайёрлашнинг ўзига 1 млн. сўм кетади. Тракторчига унинг ёнилғисини ҳам алоҳида олиб беришингиз керак. Жонивор дизел ёнилғисининг литрини 5500 сўмдан топсангиз топдингиз, бўлмаса 6700 сўмдан қўлдан сотиб оласиз.

Сўнг экиш учун картошка уруғлиги харид қиласиз. Янги картошка уруғлиги ўтган йили бозорларда навига қараб 6 мингдан 12 минггача кўтарилиб кетди. Фермерлар агрофирмалардан нисбатан арзонроққа уруғлик олиши мумкиндир, лекин оддий деҳқон бундай имкониятга эга эмас.

Ким тоннасига 50$дан берса, Голландия уруғлиги берилади. «Кўкидан» узатмаганларга Россиянинг бизнинг иқлимда унчалик яхши бўлмайган навни беришади.

Қолаверса, эшитишимизча, агрофирмалар бу йил уруғликни 7500дан нархлаган, у ҳам олдиндан пули тўланса. Агар кредитга олсангиз 10-11 минг сўмдан беришаётган экан. Бундан ташқари, уларнинг ҳам ўйини бор. Ким тоннасига 50$дан берса, Голландия уруғлиги берилади. «Кўкидан» узатмаганларга Россиянинг бизнинг иқлимда унчалик яхши бўлмайган навни беришади. Ҳозирда ҳаммага картошка экилсин, деган топшириқ бор. Деҳқон экишга экадикуя, лекин шунча харажат қилиб, эртага унинг нархи тушиб кетса нима бўлади? Деҳқон ёки фермер қилган катта харажатини ниманинг ҳисобидан қоплайди?

Шу сабабдан, агрофирмалар орқали фермерларга ҳам, оддий томорқачи деҳқонларга ҳам арзонроқ нархда уруғлик сотиб олиш имкони яратилса, яхши бўларди.

1 гектар  ерга экиш учун 3,5-4 тонна уруғлик зарур. Уни эккандан кейин ҳам ўзи бўлмайди. Экинга қараш керак, суғориш, чопиш, яна тракторда культивация қилдириш керак. Энг асосийси, унга ўғит берилиши лозим. Ўғит берилмаса, ҳосил яхши бўлмайди. Ҳар йили битта жойга экин экканидан кейин ер ҳам чарчайди. Ўғитсиз ҳеч нарса унмайди. Азот ва бошқа минерал ўғитларни олиш ҳам мушкул иш. Амаллаб уни топасиз ва қопини 50-60 минг сўмдан сотиб оласиз. 1 гектарга баъзан 40 қопгача минерал ўғит берилмаса, кутилган ҳосилни олиб бўлмай қолган.

Ҳосилни йиғиштириб олиш ҳам бир харажат. Яна техника ишлатилади, ҳашарчи ёлланади. Хуллас, ҳисобласак 1 гектардан 20-25 тоннача ҳосил олинади. Картошканинг ҳозирги бозор нархи деҳқоннинг даромад топиши учун ёмон эмас, аммо харажати ҳам оз эмас.

Қисқача ҳисоблаб кўринг:

  • ер – 6 млн. сўм;
  • уруғлик – 30 млн. сўм (камида);
  • техника ва ёнилғига – 2 млн. сўм;
  • табиий ва минерал ўғитга – 2 млн. сўм;
  • экинга ишлов бериш, йиғиштириб олиш учун ишчига, техникага – 3 млн. сўм;
  • жами харажат — ўрта ҳисобда 43 млн. сўм.

Энди ўртача 22 тонна ҳосилни жойида 2500 сўмдан сотдик дейлик, 55 млн. сўм бўлади. Фойда 10-15 миллион сўм атрофида. Бир қарашда ёмон даромад эмас. Шунинг учун ҳам кўпчилик кўпроқ картошка экиб, яхшироқ даромад олишни истайди. Аммо бунга ҳозир ҳамманинг ҳам қурби етмайди. Мавсум охирида даромад келтирадиган ҳосил етиштириш учун бошланғич сармоя лозим ва бу кичкина сумма эмас (бир гектар картошка етиштириш учун 43 млн. сўм харажат ҳисобладик). Ўзи шундоқ ҳам қишдан амаллаб чиқиб олган оддий деҳқон бундай бошланғич сармояни топиши амримаҳол.

Бунга имкони борларнинг ҳам иши осон кечмайди. Чунки маҳсулотнинг нархи у етиштирилган пайтда қандай бўлишини аниқ билиб бўлмайди. Катта майдонларда маҳсулот етиштириб, унинг нархи тушиб кетиши оқибатида касодга учраётганлар қанча. Масалан, ўтган мавсум қанча гектарлаб карам шундоқ даланинг ўзида қолиб кетди. Килосини улгуржи 200 сўмдан сотиб оладиган харидор ҳам топилмади.

Ўтган мавсум далада қолиб кетган карам майдони. Фото: «Xabar.uz»

Бир гектар ерга миллионлаб сарфлаб карам эккан ва охирида бир сўм ҳам ишлаб топмаган деҳқоннинг аҳволини тасаввур қилаверинг.

Деҳқон ўз оиласини фақатгина шу эккан маҳсулотидан олган даромад билан боқади, қишдан чиқаради. Битта оиланинг ойлик, фасллик, йиллик харажати қанча эканини ўзингиз яхши биласиз.

Ҳозирги кунда полиз экинлари ё экспорт қилинмай қўйган, ёки бунинг аниқ механизмлари йўқ. Айрим йилларда ортиқча етиштирилган маҳсулотларимиз ё майдоннинг ўзида қолиб кетаяпти, ё чиқиндихоналарни тўлдираяпти.

Масалан, оддийгина пиёзни оладиган бўлсак, менда 30 тонна пиёз бор. Яқинда харидорлар келиб килосини 500 сўмдан нархлаб кетишди. Мен бу ҳосилни экиб, йиғиштириб олгунимча 25-30 млн. сўм сарфлаганман. Тўғри, улгуржи олишни таклиф қилаётган харидорлар айтган нарх бозорникига тўғри келмайди. Лекин биз катта миқдордаги ҳосилни бозорларга олиб чиқиб сотишимиз ҳам вақт, харажат ва оворагарчилик (бозорларда ҳар бир растанинг ўз эгаси бор) талаб қилади.

Бечора деҳқон тақдиридан афсусланса-да, ҳар баҳор умид билан кетмонини елкалаб, далага чиқаверади, экинини экаверади.

Бозорда бир маҳсулотнинг нархи кўтарилса, ҳамма ваҳимага тушади ва бунга қарши дарҳол чоралар кўрилади. Лекин айрим маҳсулотларнинг нархи тушиб кетиб, деҳқон касодга учраганда унинг дарди билан ҳеч кимнинг иши бўлмайди. Ахир бунинг ортида қанча одамнинг меҳнати, қанча оилаларнинг тақдири ётибти...

Бечора деҳқон тақдиридан афсусланса-да, ҳар баҳор умид билан кетмонини елкалаб, далага чиқаверади, экинини экаверади».

Таҳририятдан:

Акмал Содиқов кўтарган ушбу мавзу одатда кам эсланадиган, аммо жуда оғриқли масала. Дастурхонимизни тўлдирадиган, бозорларимизни ноз-неъматлар билан таъминлайдиганлар шу деҳқонлар. Юқорида билдирилган фикрлардан кўриниб турибдики, деҳқон иқтисодий ва бошқа сабаблар туфайли мушкул ҳолатга тушганида унинг ижтимоий ҳимоясини таъминлайдиган ҳеч қандай механизм йўқ. Аслида уларга қандайдир ижтимоий ҳимоя ҳам керак эмас. Шунчаки, маҳсулотини ўз таннархидан кам бўлмаган нархда сотишига йўл очилса кифоя. Айниқса, бир турдаги маҳсулот ички бозор эҳтиёжидан ортиқ етиштирилганида, унинг хорижга чиқарилишига йўл берадиган механизмлар шакллантирилиши зарур.

Олган маълумотларимизга кўра, Самарқанд вилоятида ўтган кузда етиштирилган карамни деҳқон-фермерлардан 200 сўмдан сотиб олган савдогарлар уни водийга қуритиш цехига олиб бориб беришар экан. Савол туғилади: 200 сўмлик маҳсулот Самарқанддан водийга олиб борилгунча йўл харажати унинг нархидан қимматга тушмайдими? Ҳар бир вилоятда етиштириладиган маҳсулот  турига қараб, уни қуритадиган цехлар ташкил этилса бўлмайдими?

«Нимани хор қилсанг, шунга зор бўласан» деган нақл бор халқимизда. Жаҳон эшиклари очилган бугунги кунда тайёр маҳсулотларимизни хорижга экспорт қила олмаслигимиз ачинарли ҳол эмасми?

Муаллиф айтганидек, ўтган йили гектар-гектар карам шундайлигича далада қолиб кетди. Уни узиб, бозорга олиб бориш ўзини оқламай қолди ҳатто. «Нимани хор қилсанг, шунга зор бўласан» деган нақл бор халқимизда. Жаҳон эшиклари очилган бугунги кунда тайёр маҳсулотларимизни хорижга экспорт қила олмаслигимиз ачинарли ҳол эмасми?

Уч-тўрт йил аввал картошка билан боғлиқ шундай ҳолат юз берган эди. Харидор топилмай чирий бошлаган тонналаб картошка чиқиндихоналарга чиқариб ташланганди. Кейин уни етиштириш ҳажми пасайди. Оқибатда нима бўлди: бозорларимизни ўз картошкамиз билан таъминлай олмай қолдик. Уруғлик, ёнилғи ва ўғит масаласи оғлиқли муаммолигича қолиб кетди.

Наҳотки, туман ҳокимликларида икки-уч мутахассисдан иборат, хорижлик экспортёрлар билан алоқа ўрната оладиган гуруҳ ташкил қилишнинг имкони бўлмаса? Ҳозир ҳамма келишувларни интернет орқали ҳам амалга оширса бўлади, харидорларни ҳам интернет воситасида топиш мумкин. Фақат ҳар мавсумда етиштириладиган маҳсулотлар ҳажми прогноз қилинса (бу қийин иш эмас, чунки ҳар бир фермер ўз ҳудудида қанча маҳсулот етиштирилишини чамалаб бера олади) ва олдиндан келишувлар тузиб қўйилса, юз, минг тонналаб ҳосил увол бўлмайди. Деҳқон ва унинг оиласидагилар ҳам чорасизликдан Россия-ю Туркияга иш излаб кетмайди.

Ушбу масалада шу соҳа мутахассисларидан, ҳокимликлардан изоҳ кутиб қоламиз.

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг