Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бир кунда тонналаб чиқинди тўкиладиган Оҳангарон полигонидан фоторепортаж

Бир кунда тонналаб чиқинди тўкиладиган Оҳангарон полигонидан фоторепортаж

Фото:«Xabar.uz»

Бугун Тошкент вилояти Оҳангарон туманида жойлашган чиқиндилар полигонида Ўзбекистон экологик партияси Тошкент шаҳар партия ташкилоти ҳамда «Махсустранс» ДУК ҳамкорликда чиқинди муаммоси ёхуд экологик маданият қандай шаклланади» мавзусида акция ташкил этилди.

«Айни пайтда полигон  98 фоизга тўлган. Чиқиндихона Тошкент шаҳри бўйича бир кунда 2 тонна чиқинди қабул қилиб олади», — дейди «Махсустранс» ДУК раҳбари маслаҳатчиси Исмоил Сагдуллаев.

Яна маълум бўлишича, республика бўйлаб 197 та чиқинди полигонлари бор, 24 таси умуман талабга жавоб бермайди.

Полигонга олиб келинадиган чиқиндилар орасида энг оғриқли муаммо 300 йилдаям чиримайдиган елим халталар. Пластмасса идишлар  қайта ишланаётгани боис, баклашка ва елим идишларга кўзимиз тушмади.  Аммо бу ерда нималар бор демайсиз. Эски-туски кийимлардан тортиб, кечагина яхши ниятлар билан совға қилинган картинкаларгача...

Икки ёшнинг яхши ниятлар билан турмуш қуриши учун сабаб бўлган узукнинг юракчали  ва фотиҳа ширинлигининг алвон рангли қутисигача, болалар коптокчаларидан тортиб бутун чинни идишларгача учратишингиз мумкин.

Чиқиндихонада фақат кераксиз чиқиндилар бор десангиз янглишасиз. Бу ернинг ўз «эгалари» бор. Том маънода полигон жонивору қушларни озиқ-овқатдан тортиб кўрпа-тўшаккача  «таъминлайди».

Фото:«Xabar.uz»
Фото:«Xabar.uz»

Техникаларга жавобгар бўлган ходимнинг айтишича кечаси бу ерларда 250 дан ортиқ дайди итлар озиқланаркан. Нима ҳам дердик: Туркия каби ривожланган давлатларда итлар уй ичида ёки шаҳарнинг ўртасида яшаётган бўлса, бизда ҳатто уй ҳайвонлариям чиқиндихонада. Ҳамроҳимизнинг таъкидлашича, бу итларни уй эгалари шаҳардан ташлаб кетишаркан.  Майли, шунисигаям шукр, отловкаларда (итларни тутиб махсус сақланадиган жой)хор бўлиб очдан оч ўлгандан ёки шаҳарда машина уриб юборганидан, овқат излаб изғиганидан кўра, мана шу ерда беминнат жон сақлагани афзал. Шунақа, полигонга тирик жонзотлар ҳам ташлаб кетилади. Кундуз сон-саноқсиз санитар қушлар — қарғалар ва чағалайлар ёпирилса,  кечаси итлар изғийди.

Тадбирда сўзга чиққанларнинг барчаси полигонлар, чиқинди ташийдиган машиналар кечаю кундуз тиним билмай ишлагани, бу соҳада тинимсиз изланишлар қилингани билан агар одамларда экологик маданият шаклланмас экан, муаммолар муаммолигича қолаверади, яъни чиқинди ўзининг зарари, ҳавони ифлослантириши билан табиатга ўз «сўз»ини айтаверади.

Фото:«Xabar.uz»

Полигонда келгусида амалга ошириладиган ишлар, лойиҳалар, рекултивация қилинган ҳудуддан яқин келажакда газ ишлаб чиқарилиши – бу энди алоҳида мавзу...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг