Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди
Марказий банк бошқарувининг 2026 йил 18 мартдаги йиғилишида қайд этилишича, айрим озиқ-овқат нархлари ошиши ҳисобига инфляция пасайиши секинлашди, базавий инфляция эса ошди: февралда умумий инфляция йиллик 7,3 фоизни, базавий инфляция 6,3 фоизни ташкил этди.
Шунингдек, инфляцион кутилмалар – аҳоли орасида 11,2 фоиз, тадбиркорлар ўртасида эса 10,8 фоизни ташкил қилди.
Ялпи талаб ҳисобига иқтисодий фаоллик юқори даражада сақланмоқда, хусусан январда: чакана савдо 14,7 фоизга, улгуржи савдо 15,6 фоизга, умумий овқатланиш 18,9 фоизга, саноат 7,8 фоизга, хизматлар 14,8 фоизга ва қурилиш 9,2 фоизга ўсди.
«Геосиёсий кескинликлар кучайиши глобал таъминот узилишлари, энергия ва озиқ-овқат нархлари ҳамда логистика харажатлари ошишига олиб келиб, импорт орқали ички инфляцияга қўшимча босим яратиши мумкин.
Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати инфляцияни ўрта муддатда 5 фоизлик мақсадли даражагача пасайтириш, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва аҳолининг харид қобилиятини сақлашга қаратилган бўлиб қолади», – дейилади регулятор пресс-релизида.
Маълумот учун, Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2026 йил 29 апрел кунига белгиланган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter