Барча давлат боғчалари тарбияланувчилари гриппга қарши бепул эмланади
Жорий йилнинг феврал ойи охиригача мамлакат бўйлаб давлат МТТ болалари гриппга қарши бепул эмланади.
Санэпидқўмита ахборот хизмати хабарига кўра, 520 минг доза гриппга қарши вакциналар давлат томонидан харид қилиниб, мактабгача таълим ташкилотлари болаларини эмлаш учун ҳудудларга тарқатилган.
Қайд этилишича, болалар, хусусан мактабгача ёшдагилар гриппга нисбатан энг ҳимоясиз қатлам ҳисобланади. Улар жамоада кўп бўлгани сабабли вирус тез юқади. Феврал ойида эмлаш эса болаларни пневмония, бронхит, отит каби оғир асоратлардан ҳимоя қилади, шунингдек, боғчаларда оммавий касалланишнинг олдини олади.
«Грипп вируслари феврал–март ойларида ҳам фаол айланишда бўлади. Эмлаш қилинганидан сўнг 10–14 кун ичида организмда иммунитет шаклланади ва бола мавсум охиригача ҳимояланган бўлади.
Феврал ойида касаллик оғир кечиш хавфи юқори бўлади. Эмлаш касалланишни тўлиқ олдини олмаса-да, унинг енгил шаклда ўтишига ва асоратларнинг олдини олишга ёрдам беради», – дейилади Қўмита баёнотида.
Эмлаш жараёнида болалар шифокор кўригидан ўтказилади ҳамда соғлом болалар гриппга қарши эмланади.
Қўмита, шунингдек, ота-оналарни болаларини ўз вақтида эмлашга чақирган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter