Олмалиқда қиймати 2,5 миллиард долларлик янги мис эритиш заводи барпо этилади
Маросимда таъкидланишича, 3-мис бойитиш фабрикаси тўлиқ ишга тушганидан кейин Олмалиқ комбинатида мис концентратининг кунлик ҳажми ҳозирги 2 минг 400 тоннадан 5 минг тоннага ошади. Шу билан бирга, лойиҳа доирасида 6 мингдан зиёд ёшлар юқори даромадли иш жойига эга бўлади. Фабрикада АҚШ, Германия, Россия, Хитой ва Финляндиянинг тоғ-кон саноатидаги энг илғор технологиялари жорий қилинмоқда. Барча технологик жараёнлар рақамлаштирилиб, сунъий интеллект асосида ягона бошқарув тизимига уланади. Буларнинг ҳисобига энергия сарфи 10 фоизга, таннарх 15 фоизга камаяди, меҳнат унумдорлиги эса 10 фоизга ошади.
Бундан ташқари, қиймати 2,5 миллиард долларлик янги мис эритиш заводини барпо этиш бўйича ишлар ҳам бошланган.
Умуман, ушбу 2 та йирик қувват ҳисобига мис катоди ишлаб чиқариш йиллик ҳажми 148,5 минг тоннадан 300 минг тоннага, олтин 20 тоннадан 33 тоннага, кумуш 161 тоннадан 203 тоннага, молибден 850 тоннадан 1,7 минг тоннага етиши таъкидланди. Шу билан бирга, уран қазиб олиш ва кимё саноати учун зарур хомашё бўлган сульфат кислотасини ишлаб чиқариш 3 карра ошади.
Президентимиз бу кўрсаткичларни яна 1,5 карра оширишга хизмат қиладиган 4-мисни бойитиш фабрикаси бўйича лойиҳаолди ишлар жадал кетаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон 2030 йилга қадар ишлаб чиқаришни олтинда 175 тоннага, кумушда 500 тоннага, уранда 15 минг тоннага, мисда 500 минг тоннага етказишни мақсад қилган. Бу борада амалга оширилаётган 22 миллиард долларлик лойиҳалар доирасида яратиладиган 40 мингга яқин юқори даромадли иш ўринлари ёшларимиз учун катта имконият бўлади.
Давлатимиз раҳбари фабрикани қуришда фаол иштирок этаётган барча ишчи-ходимлар, қурувчи ва машинистлар, муҳандис ва технологлар, геолог ва кончилар, ўзининг тажрибаси ва касбий салоҳияти билан ёшларга устозлик қилаётган фахрийлар, лойиҳага ўз ҳиссасини қўшаётган хорижий ҳамкорларга чуқур миннатдорчилик билдирди. Фабриканинг янги меҳнат жамоасига эса келгуси ишларида улкан зафарлар тилади.
Комбинат ишчилари, меҳнат фахрийлари, профессор-ўқитувчилар билан мулоқот бўлди.
Маросим якунида давлатимиз раҳбари рамзий тугмани босиб, фабрика фаолиятига старт берди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter