Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Оролбўйида 670 дан ортиқ ноёб йўрға тувалоқ ёввойи табиатга қўйиб юборилди

Оролбўйида 670 дан ортиқ ноёб йўрға тувалоқ ёввойи табиатга қўйиб юборилди

Фото: Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси

Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 672 та йўрға тувалоқ табиатга қўйиб юборилди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.

Қушлар Қозоғистондаги ихтисослаштирилган кўпайтириш марказида парвариш қилинди. Зарур тайёргарликдан ўтказилгач, Оролбўйига олиб келиниб, ёввойи табиат қўйнига қўйиб юборилди.

Тадбир Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари мутахассислари, халқаро экспертлар, CITES маъмурий органи вакиллари ҳамда «Falcon Hunting Solutions» МЧЖ ходимлари назорати остида ўтказилди. Бундай ёндашув ноёб турларни муҳофаза қилиш бўйича халқаро талабларга риоя этилишини таъминлаш ва уларни табиий муҳитга қайта мослаштириш дастурлари самарадорлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Таъкидланишича, йўрға тувалоқ популяциясини тиклаш Орол денгизи минтақаси учун алоҳида аҳамиятга эга. Орол денгизининг қуриши оқибатида юзага келган экологик инқироз Қорақалпоғистоннинг табиий экотизимларида жиддий ўзгаришларга сабаб бўлди. Натижада чўл ва дашт ҳудудларига хос кўплаб ҳайвон ҳамда қушларнинг табиий яшаш майдонлари қисқариб, уларнинг сони сезиларли даражада камайди.

Йўрға тувалоқ алоҳида муҳофазага муҳтож бўлган ноёб турлар сирасига киради. Уни табиий яшаш муҳитига қайтариш табиатдаги экологик мувозанатни тиклаш ва Оролбўйи биохилма-хиллигини сақлашга хизмат қилади.

Қушларни табиат қўйнига қўйиб юбориш минтақада экологик мувозанатни тиклаш, ноёб фауна турларини асраб-авайлаш ҳамда йўқолиб бораётган турларни ўз табиий яшаш жойларига қайтаришга қаратилган комплекс ишларнинг бир қисмидир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг