Ўтган йили рус газининг Ўзбекистонга экспорти 30 фоизга ошган
2025-йилда Россия қувур орқали газ етказиб бериш ҳажмини Хитойга 25 фоизга, Ўзбекистонга эса 30 фоизга оширди. Бу ҳақда Халқаро энергетика агентлигининг газ бозори бўйича ҳисоботида айтилган.
Ҳисоботга кўра, «Сибир кучи» газ қувури орқали Хитойга етказиб берилган Россия гази ҳажми 25 фоизга, яъни қарийб 8 миллиард куб метрга ошган ва 2025-йил якунида деярли 39 миллиард куб метрга етган.
Шу билан бирга, Россия Қозоғистон ҳудуди орқали ўтувчи «Марказий Осиё — Марказ» қувур тизими орқали Ўзбекистонга газ етказиб беришни ҳам кенгайтиришда давом этган. Натижада бу йўналишдаги экспорт ҳажми тахминан 30 фоизга ошиб, 2025-йилда 7 миллиард куб метрдан ошган.
Аввалроқ «Газпром» 2025-йилда илк бор Хитойга Европа давлатларига нисбатан кўпроқ газ етказиб берганини маълум қилган эди. Компания маълумотларига кўра, ўтган йили Хитойга 38,8 миллиард куб метр газ етказиб берилган. Шунингдек, Россия гази Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонга 22,2 фоизга, Грузияга эса 40,4 фоизга кўпроқ етказиб берилган.
«Сибир кучи» — Россия шарқидаги энг йирик газ транспорт тизими бўлиб, унинг йиллик экспорт қуввати 38 миллиард куб метрни ташкил этади. Ушбу қувур орқали Хитойга Россия газининг илк етказиб берилиши 2019-йил декабр ойида бошланган. Лойиҳа 2014-йилда «Газпром» ва Хитойнинг SНПS компанияси ўртасида имзоланган 30 йиллик шартнома асосида амалга оширилмоқда.
Шартнома муддати давомида Хитойга жами 1 триллион куб метрдан ортиқ газ етказиб бериш режалаштирилган, битимнинг умумий қиймати эса тахминан 400 миллиард долларга баҳоланмоқда.
«Газпром» 2024-йил 1-декабр ҳолатига кўра «Сибир кучи» қувурини тўлиқ лойиҳа қуввати — йилига 38 миллиард куб метр даражасига чиқарган. Компания раҳбари Алексей Миллернинг сўзларига кўра, 2025-йилда ушбу қувур орқали газ етказиб бериш шартномада кўзда тутилган ҳажмдан қарийб 800 миллион куб метрга ортиқ бўлган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter